Муҳаммад Мубин қори «Мубинхон қори ака» деган ном билан танилганлар. Ўз даврида Қуръон илмини мукаммал эгаллаган бўлиб, у киши «Булбул қори» лақабини олганлар.
Насаби
Оталари − Муҳаммад Амин домла бўлиб, у киши «Аминжон махдум[1] домла» деган ном билан машҳур бўлган. Онаси − Зулайхо хонимни «Ачахон ойим» деб ҳам аташган. У Андижоннинг энг пешқадамларидан Абдуссамеъ халфа домланинг қизи бўлган. Аминжон махдум Андижон шаҳрининг Избоскан туманида яшаб ўтган Ҳабибуллоҳ қорининг ўғли бўлган.
Таваллуди
Муҳаммад Мубин қори ака ҳижрий 1914 йил 11 январь куни (1332 йил 14 сафар) Андижон шаҳри,Чуқур Масжид маҳалласида илмли ва тақводор оилада таваллуд топганлар. Аминжон махдум домланинг 6 нафар фарзанди бўлиб, Муҳаммад Мубин уларнинг тўнғичи эди.
Янги босқич – Қуръоний жасорат
Мубин қори ака уйланиб, фарзандли бўлганларидан сўнг ҳам Қуръони Карим соҳасида изланиш, бу соҳани тараққий эттириш, шу йўлда хизмат қилишда ҳимматлари ортса ортдики, пасаймади.
1945‑1947 (1364‑1365) йиллар атрофида Аминжон махдум домла «Девонабой» масжидида имом‑хатиб бўлиб хизмат қиларди. Тахминан, шу йиллар орасида бир издиҳом бўлади. Мажлисга шаҳрихонлик машҳур Қуръон устози Абдуқаҳҳор махдум домла[3] раҳбарлик қиларди. Қуръон базми бошланади. Муҳаммад Мубин қорининг ҳам тиловат қилиб беришини таклиф қилишади. Шунда Абдулқаҳҳор махдум домла «Унинг қироати ярамайди, батажвид эмас», – дея у кишига ўқитмай, навбатни бошқа қорига ўтказиб юборади. (Чунки Муҳаммад Мубин қори ака Набижон қори акада Қуръонни «форсий лаҳжа»[4]да ёдлаган эди.) Аминжон махдум домлага бу гап оғир ботади.
Абдулқаҳҳор махдум домланинг бир қарашда салбий кўринган бу тадбири тез фурсатда ўзининг ижобий натижасини кўрсатади, гўё ер бағрига санчилган найза дарахтга айланиб, мева туга бошлайди:
Аминжон махдум домла йиғиндан сўнг ўғлига ўша кундан бошлаб Имом Жазарийнинг «Муқаддима»[5]сини мингта саноққа етказиб ёдлашини буюради. Вазифа тез кунда бажарилгач, махдум домла ҳофизи Қуръон ўғлини олиб, Шаҳобиддин қори ака[6]нинг ҳузурига олиб боради. «Муҳаммад Мубин қори Имом Жазарийнинг «Муқаддима»сини ёд олди. Унинг амалий татбиғини сиздан олса», – дея, илтимос қилади. Зеро, Махдум домланинг қироат, тажвид илмларига бўлган муҳаббатлари, завқлари ҳам беқиёс эди. Фақат имкониятнинг торлиги бу ишнинг шу маҳалгача сурилишига олиб келган бўлса керак. Бу Қуръон шайдоси Шаҳобиддин қори акада Қуръон Каримни мукаммал тажвид асосида қайта ўқиб еткизгач, устоз шогирднинг лаёқатини тасдиқлаб, «ижозат» – ўқиш, ўқитишга рухсат беради. Зеҳнининг ўткирлиги, Қуръонга бўлган муҳаббати ва истеъдоди Муҳаммад Мубин қори аканинг устозлари ва барчанинг муҳаббати ҳамда эътиборини қозонишларига, оз фурсатда етук даражага эришишларига сабаб бўлади.
«Янги» Муҳаммад Мубин қори ака устозларидан ижозат олиб, оталарининг ҳузурида Қуръони Каримни хатмга ўтиб беради. Шунда оталари: «Қуръонни ўқиш мана бундоқ бўлибди», – деб, хурсанд бўлган эканлар ва шундан сўнг Шаҳобиддин қори акага бош‑оёқ сарпо билан 200 сўм пул ҳадя қилган эканлар. (у пайтдаги мазкур маблағ 5‑6 та катта қўйнинг пули экан).
Шаҳобиддин қори ака ва Муҳаммад Мубин қори акаларнинг қироатларини эшитган ҳар қандай киши уларнинг устоз‑шогирд бўлганларини дарҳол фаҳмлайди.
Оғир фироқ
Мубинхон қори ака 64 ёшдан ўтган пайтлари касалликка чалинадилар. Бир ярим йил давом этган бетоблик алалоқибат олти ой мутлақо таом ўтмай қолишига олиб келди. Натижада Тожикистондаги мухлис шогирдларнинг ҳаракати билан ўша ердаги мутахассис шифокорларларга олиб борилади. Шифокорларлар беморни жарроҳлик йўли билан очиб кўришиб, дарҳол қайтариб уйга олиб кетишни маслаҳат беришгач, алоҳида сомолётда тезлик билан Андижонга олиб келишади.
Андижоннинг энг етук сиймоларидан бири, ушбу диёрга Қуръони Карим нурини таратиб турган порлоқ қуёши 1979 йил 10 март (1399 йил 4 зулҳижжа), якшанба оқшомида Аллоҳнинг амри билан бу дунёни тарк этади. Мубинхон қори аканинг Каломуллоҳга ошиқ руҳи Аллоҳнинг ҳузурига йўл олар экан, бу руҳни яқин 67 йил ўзида олиб юрган муборак жасад Андижондаги Якхон Шайх қабристонига душанба куни қўйилади.
Жаноза уйда ўқилади. Жанозага катталарнинг маслаҳати билан «Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси» номидан келган меҳмон Пўлатжон қори ака имом бўлади ва таъсирли, балоғатли бир мавъиза қилиб беради.
Бутун юрт мотам тўнини кияди. Қуръон толиблари отасини йўқотган етимдек довдираб қолишади. Барча Қуръон ва илм аҳли устози киромнинг ҳақларига тўхтовсиз тиловату, дуойи хайрлар қиладилар.
Мубинхон қори аканинг ҳаммаслак қадрдонлари, Қуръони Каримга беқиёс хизмат кўрсатган улуғ устоз Абдулбоқий қори ака шундай деган эди: «Бир куни туш кўрдим: икки минбар қўйилган. Бири иккинчисидан анча баландга жойлашган. Иккинчиси пастроқда, кичикроқ. Катта минбар Мубин қориники, кичиги Абдулбоқий қориники дейиляпти. Мубин қори акамнинг мақомлари анча баланд экан». Орадан кўп ўтмай, Абдулбоқий қори ака ҳам вафот этадилар.[10]
Мубинхон қори ака умрларининг кейинги даврларида келажак авлод учун ёдгорлик сифатида овозларини бир неча магнит тасмасига ёзиб қолдирганлар.
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло марҳум Муҳаммад Мубин қори устозимизни ўз раҳматига олсин. Бу дунёда у кишининг мақомларини Қуръони Карим билан қандай баланд этган бўлса, охират даражотларини ҳам Қуръони Карим билан чўққиларга кўтарсин.. Омин!
Манба: quran.uz