Айтиш мумкинки, бугунги кунда юртимизда оила масаласи, оилаларнинг дарз кетишининг олдини олиш, уларнинг фаровон турмуш тарзи асосий масала ва бутун Ўзбекистон фуқароларининг жамият олдидаги асосий вазифаларидан бири бўлиб турибди. Бу ҳақда муҳтарам Президентимиз ўз нутқида шундай дейди:
“Ҳаммамиз яхши тушунамиз, бугунги тез ўзгараётган, зиддиятли даврда оилавий масалаларни илмий асосда чуқур ўрганмасдан туриб, ижтимоий ҳаётдаги кўплаб мураккаб саволларга жавоб топиш қийин. Шунинг учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил қилинди ва уларнинг иш фаолиятини самарали йўлга қўйиш, бино ва зарур жиҳозлар билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда”. (Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Халқаро хотин-қизлар байрамига бағишланган учрашувдаги нутқи. prezident.uz)
Оила муаммоси сиёсий даражагача кўтарилар экан, бу бизга ҳукуматимизнинг ғамхўрлигини шунчаки лоқайдлик билан қабул қилишга ҳақимиз йўқ эканлигини билдиради. Зеро, ишлаб чиқарилаётган тадбирлар бутун жамият ишидир.
Бизлар аввало оиланинг нақадар муқаддас даргоҳ эканлигини яхши ҳис қилишимиз, ҳар ким ўз йўналишига кўра амалиёт-тарғибот ишларини олиб бориши керак. Хусусан, биз – имом хатиблар шариатимиз кўрсатмаларида оилага нечоғлик катта эътибор берилгани, оилада эр-хотининг вазифалари ва ҳақ-ҳуқулари, бутун мусулмон оммаси ҳар бир оила олдида масъул эканлигини тушунтириб боришимиз керак.
Оила бизларга илоҳий фармон. Оила ва никоҳ масалаларига Қуръони каримда жиддий эътибор қаратилган. Кўплаб масалалар кенг ва батафсил баён қилинган. Бу эса банда олдида ҳам катта масъулият борлигини билдиради.
Никоҳланиш ҳақида “Нур” сурасида шундай баён қилинади:
وَأَنكِحُوا الْأَيَامَى مِنكُمْ وَالصَّالِحِينَ مِنْ عِبَادِكُمْ وَإِمَائِكُمْ إِن يَكُونُوا فُقَرَاء يُغْنِهِمُ اللَّهُ مِن فَضْلِهِ وَاللَّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ
“Ораларингиздаги никоҳсизларни ва қулу чўриларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг. Агар фақир бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилур. Аллоҳ (фазли) кенг, ўта билгувчи зотдир”.
Шунингдек никоҳга тарғиб қилгувчи бир қанча ҳадислар ҳам ривоят қилинган.
عن عبد الله بن مسعود رضي الله عـنه، أن رسول الله صلى الله عليه و سلم قال: يا معشر الشباب، من استطاع منكم الباءة فليتزوج، فإنه أغض للبصر، وأحصن للفرج، ومن لم يستطع فعليه بالصوم فإنه له وجاء”. أخرجاه من حديث ابن مسعود. رواه البخاري و مسلم
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Эй, йигитлар жамоаси! Сизлардан кимки никоҳга имкон қила олса уйлансин. Чунки, у нарса ҳақиқатан кўзни тўсгувчи ва фаржни сақлагувчироқдир. Ва кимки имкон қила олмаса унга рўза лозим, зеро у нарса унинг учун бичгувчироқдир”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари)
عن عائشة رضي الله عنها، أن رسول الله صلى الله عليه و سلم قال: النكاح من سنتى فمن لم يفعل بسنتى فليس منى (رواه ابن ماجه)
Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Никоҳ менинг суннатимдандур, бас кимки менинг суннатимни қилмаса мендан эмас”, – деганлар”. (Ибн Можа ривояти)
Никоҳ фақатгина Ислом динидагина эмас, балки ҳамма пайғамбарларда ҳам суннат бўлган.
عن أبي أيوب رضي الله عنه قال، قال رسول الله صلى الله عليه و سلم : أربع من سنن المرسلين، الحيا ء و الطعتر و السواك و النكاح. (رواه الترمزي و قال حديث حسن غريب)
Абу Айюб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Тўрт нарса пайғамбарларнинг одатларидандур – ҳаё; хушбўйлик; мисвок ва никоҳ” (Термизий ривояти)
Демак, никоҳ нафақат Ислом динида, балки барча самовий динларда Одам алайҳис салом ва Ҳавво онамиздан бошлаб жорий қилинган одат экан.
Албатта, бу қисқагина мақоламизда барча аҳкомларни сиғдириш имкони йўқ, бироқ мазкур илоҳий кўрсатмаларни ҳис қилган инсон оилага, никоҳга жиддий қараса, умид қилар эдикки, ажримлар камаяр эди.
Улуғбек қори Йўлдошев