Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон мусулмоннинг инисидир. Унга хиёнат қилмайди, уни алдамайди, уни хорламайди. Ҳар бир мусулмоннинг обрўси, моли, қони мусулмонга ҳаромдир. (Қалбга ишора қилиб) тақво бу жойдадир. Мусулмон биродарини паст санаш кишининг ёмонлигига кифоя қилади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисларини қуйидаги оят ҳам қувватлайди: “Албатта, мўминлар оға-инидирлар” (Ҳужурот сураси, 10-оят). Мўмин-мўминнинг иниси экан, у биродарига хиёнат қилмаслиги, воқеликдаги ишнинг хилофини хабар бермаслиги, уни ёлғонга чиқармасдан айтган гапни қабул қилиши, ёрдамсиз ташлаб кетмай бошига мусибат тушган вақтда унинг ёнида бўлиб, унга ёрдам бериши лозим.
Ҳадиснинг давомида мусулмоннинг ҳар нарсаси, яъни обрўси, моли, қони бошқа мусулмонга ҳаром экани баён қилинмоқда. Ушбу ҳадисдаги “тақво бу жойдадир” дейилишига келсак, “Саҳиҳи Муслим”да “қалбларига уч маротаба ишора қилдилар” деган қўшимчаси ҳам келтирилган.
Ҳа, инсоннинг зоҳирига қараб хулоса чиқарилмаслик лозим. Баъзан бир мусулмон иккинчисига нисбатан ёмон муомала қилади, уни ғийбат қилишга киришади, обрўсини тўкади. Агар ўша кимсага “Нима учун сен мўминни пастга уриб ҳақорат қиляпсан?” деб насиҳат қилинса, у: “чунки у имонсиз, мунофиқ одам”, дейди. Ана шу ғийбатчи киши у одамни тақвосиз, имонсиз эканини зоҳирига қараб белгилагани учун унга шундай муомалада бўлмоқда. Ҳолбуки, имон ва тақво дилда бўлади. Шундай экан, кишини зоҳирига қараб ҳукм қилинмайди.
Ҳадис охирида очиқ-равшан айтилмоқдаки, бир мусулмон ўз биродарини паст санаши ўша ҳақир санаган кишиниг ўзи ёмон одам эканига далолат қилади.
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан қилинган бир ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўмин мўмин учун бир-бирини мустаҳкамлайдиган бино кабидир”, деганлар. Яъни, деворнинг бири бошқасига кириштириб борилаверса, иморат мустаҳкам бўлганидек, мусулмон ҳам бир-бири билан жипслашса, жамият мустаҳкам бўлиб бораверади. “Саҳиҳи Бухорий”да мазкур ҳадис ортидан “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бармоқларини бир-бирига кириштирганлари” ҳам қўшимча қилинган. Демак, мўминлар ҳам бир-бирлари билан мана шундай бирикиши лозимдир.
Хулоса қилиб айтганда, ҳадисдан мўмин мўминнинг иниси экани, унга хиёнат қилмаслиги, уни ёлғончи қилмаслиги, хорламаслиги, ёрдамсиз ташлаб кетмаслиги лозимлиги тушунилади.
Аммо шуни унутмаслик керакки, мўмин киши бошқа бир мўмин биродарининг айбини кўрса, мана шу ҳолида янада хору зор бўлишига сабабчи бўлмасин. Яъни, муносиб тарзда ўша биродарининг айбини ислоҳ қилишга интилсин. Агар айби бор мўмин гап тушунмайдиган, қайсар ёки гўл киши бўлиб, унинг ўзига айбини айтиш билан ислоҳ қилишнинг имкони бўлмаса, дуо қилиб, Аллоҳ таолодан унинг айбини ислоҳ қилишини сўраш матлубдир. Зеро, мўмин мўмин учун ойнадир.
Отабек домла Хусанов,
Олтинкўл тумани “Жалабек ота”
жоме масжиди имом хатиби