Қуръони карим оятларида тарихий битиклар ҳам, айнан оят нозил бўлиб турган пайтга оид  кўрсатмалар ҳам, ахлоқ ва одобга доир насиҳатлар ҳам бор. Шунингдек жаннат ва дўзах васфлари ҳам келади.  Мўминларга жаннат ваъдаси берилар экан, жаннатдаги неъматлар орасида остларидан анҳорлар оқиши ва эркаклар учун ҳурлаб тайёрлаб қўйилганлиги хабари келтирилади.

Гоҳида, шу мавзуга оид савол беришади. Хўп, эркакларга ҳурлар бўлса,  аёлларга нима мукофотлар бор, дейишади. Бу савол аслида ўринсиз ва одобсизликдир. Шариатимизда беҳуда савол бериш тақиқланганини эслатиб қўйишимиз лозим. Бу ҳақда жаноб Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:

 

مَا نَهَيْتُكُمْ عَنْهُ فَاجْتَنِبُوهُ وَمَا أَمَرْتُكُمْ بِهِ فَافْعَلُوا مِنْهُ مَا اسْتَطَعْتُمْ فَإِنَّمَا أَهْلَكَ الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ كَثْرَةُ مَسَائِلِهِمْ وَاخْتِلافُهُمْ عَلَى أَنْبِيَائِهِمْ «

[ البخاري ـ مسلم ـ الترمذي ]

 

“Мен сизларни нимадан қайтарган бўлсам, ундан сақланинг. Нимани буюрган бўлсам, кучингиз етганича бажаринг. Чунки сизлардан аввалгиларни кўп савол беришлари ва пайғамбарларига ихтилоф қилишлари ҳалок қилган”. (Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан Бухорий ва Муслим ривоятлари).

 

وقد قال ابن عباس رضي الله عنهما: ما رأيت قوما خيرا من أصحاب محمد — صلى الله عليه وسلم — ما سألوه إلا عن ثلاث عشرة مسألة حتى قُبض كلها في القرآن.

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу айтади:

“Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларидек яхши қавмни кўрмадим. Улар у зотдан вафот этгунларича ўн учта нарсадан бошқа сўрамаганлар. Бу саволларнинг ҳаммаси Қуръонда бор”.

Шундай бўлса-да, мазкур мавзуга оида баъзи ривоятларни келтирамиз.

«Умму Салама:

«Эй Расуллуллоҳ, Аллоҳнинг «Ъурубан атробан» деган ояти ҳақида гапириб беринг» деди.

«Улар бу дунёдан қариб, сочи оқариб, кўримсиз бўлиб кетган кампирлар бўлиб, уларни қиёматда Аллоҳ таоло тенгқур, бокира эҳтиросли маҳбуба қизлар қилиб қайта яратади», дедилар у зот.

Умму Салама онамиз

«Эй Расулуллоҳ, бу дунёнинг аёллари афзалми, ҳури ийнларми?» дедилар.

«Эй Умму Салама, бу дунёнинг аёллари ҳури ийнлардан афзалдир», дедилар.

«Нималари билан?»

«Намозлари, рўзалари, Аллоҳга ибодатлари билан. Аллоҳ уларнинг юзларига нур, жасадларига ипак кийгазган. Ранглари оппоқ, кийимлари яшил, зебу зийнатлари сариқ, тароқлари тиллодан. Мангумиз, ўлмаймиз, зор бўлмаймиз, бир жойда яшаймиз, кўчмаймиз, розимиз, аччиғланмаймиз; биз кимники бўлсак, ким бизники бўлса, яшасин дейдилар».

«Эй Расуллулоҳ, бу ерда баъзи аёллар икки, уч, тўрт эрга тегадилар, у дунёда ҳаммалари жаннатга кирсалар, аёл қайси эр билан бўлади?» деди Умму Салама.

Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бердилар:

«Эй Умму Салама, у аёлнинг ихтиёрига қўйилади. Эрларнинг ичида энг хулқи яхшисини танлайди. Эй Парвардигоро, мана бу менга яхши хулқли бўлган эди, мени шунга бергин, дейди. Эй Умму Салама, яхши хулқ икки дунёнинг яхшилигига эриштиради». (Табароний ривояти)

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

«Жаннатдаги бир камонча келадиган жой қуёш устидан чиқиб ботадиган нарсадан яхшироқдир. Агар аҳли жаннатдан бир аёл ер аҳлига бир боқса, албатта, уларнинг орасини зиёга ва хушбўйга тўлдирар эди. Унинг бошидаги рўмоли дунёдан ва унинг ичидаги барча нарсадан яхшироқдир», дедилар».

Одатда инсонда ўзига ёқтирган нарсага етишишдан кўра ўзи бошқаларга маҳбуб бўлишлик истаги юқори бўлади. Айнан аёлларда бу истак эркаклардан кўра анча юқори.

Аёллар учун бундан-да юксак мартаба бўлурми? Ўз жуфти ҳалоллари қошида барча жаннат ҳурларидан ҳам кўра севимлироқ бўлишидан кўра ортиқроқ бахт борми?

 

Улуғбек қори Йўлдошев,

Асака тумани “Холид ибн Валид”

жоме масжиди ходими