Шаратимиз кўрсатмаларида мазҳабга эргашиш бор. Кимки мазҳабларни инкор қилиб, илмий салоҳияти бўлмай туриб ўзича оят ва ҳадислардан ҳукм чиқаришни даъво қилса, айни залолатга кетур. Илмий салоҳияти бор инсон эса, албатта мазҳабга эргашур. Чунки илм салоҳияти шуни тақозо қилади.
Мазҳабга эргашиш – Қуръон ва суннатни қўйиб шахсга эргашиш эмас, балки айнан Қуръон ва суннатга эргашиш саналади. Чунки Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида шундай марҳамат қилган:
فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِن كُنتُمْ لَا تَعْلَمُونَ (سورة النحل/آية:43)
“Агар билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг” (“Наҳл” сураси 43-оят).
Бошқа бир ояти каримада эса:
وَلَوْ رَدُّوهُ إِلَى الرَّسُولِ وَإِلَى أُولِي الْأَمْرِ مِنْهُمْ لَعَلِمَهُ الَّذِينَ يَسْتَنْبِطُونَهُ مِنْهُمْ (سورة النساء/آية:83)
“Агар уни Пайғамбарга ёки ўзларидан бўлган иш эгаларига етказсалар, уни билиб олишни истовчилар ўшалардан (сўраб) билаверар эдилар” (Нисо сураси 83-оят).
Имом Табарий ва яна бир қанча муфассирлар мазкур оятдаги “иш эгалари” жумласини “аҳли илмлар” деб тафсир қилганлар.
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло бандаларига ўзлари билмаган масалаларнинг жавобини зикр аҳли ҳисобланган уламолардан сўрашга буюрмоқда. Мусулмонлар ушбу илоҳий фармонга бўйинсуниб, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам замонларидан бери муайян бир мазҳабга тақлид қилиб келишмоқда. Аслида бу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг башоратларининг воқеъликдаги кўриниши эди. Чунки ҳадиси шарифда У Зот:
﴿يَحْمِلُ هَذَا الْعِلْمَ مِنْ كُلِّ خَلَفٍ عُدُولُهُ، يَنْفُونَ عَنْهُ تَحْرِيفَ الْغَالِينَ، وَانْتِحَالَ الْمُبْطِلِينَ، وَتَأْوِيلَ الْجَاهِلِينَ﴾
(رواه الإمام البيهقي)
яъни: “Бу илмни ҳар бир авлодлардан ишончли кишилар ташийдилар. Улар илмни жоҳилларнинг ботил талқинлари, йўлдан озганларнинг даъволари ва ғулувга кетганларнинг хатоларидан сақлайдилар”, – деганлар (Имом Байхақий «Мадхал»да ривоят қилган).
Фиқҳий мазҳаблар ҳозирга қадар мусулмонлар бирдамлигини сақлашда асосий омил бўлиб келмоқда. Муҳаддис олимлардан бири Абдулҳақ Деҳлавий раҳимаҳуллоҳ тўрт мужтаҳид имомлар йўли ҳақида шундай деганлар: “Ислом динининг тўртта йўли – мазҳаби бор. Ким шу йўллардан бошқасини тутса, батаҳқиқ адашибди” (“Шарҳу сафарус-саъада” китоби).
Ҳозирги кунга келиб, буюк мужтаҳид олимларни қўйиб, ўзларига эргашишга даъват қиладиган қўштирноқ ичидаги “мужтаҳидлар” кўп учрамоқда. Улар Қуръони карим ва ҳадиси шарифларни ўзларининг нафсу ҳаволари билан изоҳлаб, салафи солиҳларимиз йўлидан оғишмоқда. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос разияллоҳу анҳунинг ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар:
﴿إِنَّ الله لاَ يَقْبِضُ الْعِلْمَ انْتِزَاعًا، يَنْتَزِعُهُ مِنَ الْعِبَادِ وَلكِنْ يَقْبِضُ الْعِلْمَ بِقبْضِ الْعُلَمَاءِ حَتَّى إِذَا لَمْ يُبْقِ عَالِمًا، اتَّخَذَ النَّاسُ رُءُوسًا جُهَّالاً، فَسُئِلُوا، فَأَفْتَوْا بغَيْرِ عِلْمٍ، فَضَلُّوا وَأَضَلُّوا﴾ (رواه الإمام البخاري)
яъни: “Аллоҳ таоло бандаларидан илмни тортиб олиш билан кўтармайди, балки илмни олимларни олиш билан кўтаради, ҳаттоки биронта олим қолмайди. Шунда одамлар жоҳилларни йўлбошчи қилиб оладилар. Улардан сўрайдилар, улар жавоб берадилар, ўзлари ҳам адашадилар, одамларни ҳам адаштирадилар” (Имом Бухорий ривоятлари).
Ҳозирда бемазҳабликка чақираётган кишилар “Аллоҳ таоло мазҳабга эргашишга буюрмаган, балки зикр аҳлидан сўрашга буюрган”, дея одамларни алдашга уринмоқда! Хўш, мазҳаббошлари зикр аҳли бўлмаса, унда ким экан?! Ахир мужтаҳид имомларимизнинг илмига, тақвосига ва илмий омонатдорлигига бутун уммат тасаннолар айтган бўлса, уларнинг илмига эргашмасдан яна кимга эргашиш керак?!
Баҳодиржон домла Сулаймонов
Асака туманидаги “Файзобод” жоме масжиди имом хатиби