Мазҳаб энг тўғри йўлдир

1555

Маълумки, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг саодат асрларида ҳеч қандай мазҳабга эҳтиёж бўлмаган. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдек зот ўзлари тирик чоғларида, айнан ҳар бир зарур масала бўйича Қуръони карим оятлари нозил бўлиб турган бир пайтда мазҳаб ҳақида ўйлаб кўришлик ҳам соғлом ақл тақозосидан эмас.
Давр ўтиб саҳобалар даврида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган, ўзларидан аҳкомларни эшитган инсонлар даврида ҳам мазҳаб тушунчаси зотан бўлмаган. Лекин қайсидир масалаларда бир саҳобийнинг фикри бошқасига тўғри келмаса, кимдир қасинисинидир олган бўлса-да, мазҳаб термини ишлатилмаган.

Шуни ҳам унутмаслик керакки, саҳобалар соф фитрат соҳиблари бўлганлар.
Пайғамбаримиз (с.а.в)дан кейин
фикрлар қарама-қаршиликлар кўпая бошлади. Шунда ҳар ким ўзи ишонган уламонинг йўлини тута бошлади, натижада кўплаб ихтилофлар пайдо бўлди. Деярли барчасининг ҳужжати оят ва ҳадислар бўлса-да, ҳар ким ўз иқтидорича англар эди.
Шундай қилиб мазҳаблар кўпайиб кетганидан кейин фақиҳ мужтаҳидлар масалаларни бир тартибга келтира бошладилар. Ўшаларнинг энг машҳури – имомимиз Абу Ҳанифа рахматуллоҳи алайҳ эди.
Натижада кўплаб ихтилофлар бартараф этилди ва фиқҳ масалалрида кучли далиллар солиштирилди.
Бугунги кундаги мазҳабсизликни даъво қилаётганлар ҳам аслида кимгадир эргашиб шу ишга уриняптилар. Демак, мазҳабсизлар ўзлари ҳам мазҳабга муҳтож экан.
“Мазҳаб” сўзи араб тилидаги “заҳаба” феълидан олинган бўлиб, ўзбекчада “йўл” деган маънони ифода этади. Истилоҳда эса тўртта фиқҳий мазҳаб имомларининг йўлларидир.
Ўтган аср сўнггида дунё юзида исломни ниқоб қилиб олган экстремистик гуруҳлардан ташқари таҳдиднинг яна бир қатлами пайдо бўлдики, у – мазҳабcизликка чақирувчилар тоифасидир.
Ҳаракат тарафдорларининг даъвосича, Исломда фиқҳий мазҳабларнинг бирига эргашиш шарт қилинмаган. Агар мусулмон шахс, бирор шаръий масалада улардан бирининг йўлини тутса, у кўр-кўрона тақлид қилгани учун хатокор мутаассиб ва динидан ажралган фирқа ва гуруҳлардаги шахслар каби адашади.
Ушбу тоифага кирувчи шахслар исломга амал қилишнинг асосида фақат Китоб (Қуръон) ва сунна туриши лозимлигини таъкидлашади. Уларнинг фикрича, бу икки манба хатолардан холи. Аммо фиқҳий мазҳабларга эргашиш эса, китоб ва сунна таълимотидан кўра, кўпроқ шахслар ижтиҳод (фикр)ларига тақлид қилиниши билан тавсифланади. Бу эса, хатога йўл қўйиш ва нуқсонлардан холи бўлишни кафолатлай олмайди.

Имом Аҳмад айтадилар: “Ким динда тақлид йўқ деса, Аллоҳ ва Унинг Расули олдида фосиқдир. Бу билан у сунна ва салафи солиҳлар қарашларини рад қилади”. Мужтаҳид Абдуллоҳ ибн Ваҳб айтади: “Мен 360 та уламони учратдим. Агар Имом Молик ва Имом Лайс бўлмаганда уларнинг илмларида адашиб кетардим”. Бу билан ибн Ваҳб, ҳадисларни тушуниш ва уларни танлашда Имом Молик тушунча бермаса эди адашиб кетар эканман, деб айтмоқчи бўлган. Яна у шундай дейди: “Агар фиқҳ имоми бўлмаса ҳадис илмлари кишини адаштирар эди. Имом Таҳовий, ибн Сурайж, Қудурий, Сарахсий, Жувайний, Ғаззолий, Нававий ва кўплаб мужтаҳид уламолар тўрт мазҳабдан бирига эргашган. Ваҳоланки, уларнинг илмлари денгиз бўлиб, бугунги кунда барча мусулмонлар уларнинг илмларидан фойдаланиб келмоқдалар”
Саҳоба ва тобеинлар даврида мазҳаблар кўп бўлган. Аммо вақт ўтиши билан улар орасида тўрт йирик: ҳанафий, моликий, шофеий, ҳанбалий мазҳаблари ривож топган. Мазкур тўрт мазҳаб вужудга келишининг асосий омили – булар қолган мазҳабларнинг таълимотини ҳам тадқиқ қилиб чиқиб қамраб олганидир.

Шахрихон тумани Сўпилар масжид имоми Ғиёсиддин Қосимов