Маълумингизки, мавлид – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таваллудлари, туғилган ва жойи ва замони, Пайғамбар алайҳиссаломнинг таваллуди муносабати билан ўтказиладиган маросимга берилган ном. Шунингдек, у зотнинг туғилишларига бағишланган манзумалар ва насрий асарлар ҳам мавлуд деб аталади. Шу нуқтаи назардан, Пайғамбар алайҳиссаломнинг туғилган куни “мавлид”, туғилган ойи “мавлид ойи”, туғилган кечаси “мавлид кечаси” деб аталади. Асли “мавлид” бўлган мазкур калима тилимизда “мавлуд” шаклида ҳам қўлланилади.
Машҳур мутасаввиф ва олим Абдураҳмон ибн Ёқуб Чалабий мавлиднинг мақсад ва мазмунини янада тизимли шаклда изоҳ этишга ҳаракат қилган: “Мавлид мавзу эътиборига кўра, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳаётини ўрганишга бағишланган сияр (тарих) фанининг бир қисмидир. Рабиул аввал ойида мусулмонлар дунёвий ва уҳровий яхшиликларни қўлга киритиш мақсадида тўпланиб Қуръон ўқиш, салавот ва саломлар айтиш, Пайғамбар алайҳиссаломни васф этувчи шеърлар айтишлар билан машғул бўладилар; бу тадбир қироат, яхшилик ва эҳсонда бўлиш, хурсандчилигини изҳор қилиш таомлар ва ширинлик едиришдан иборатдир”. Шунга кўра, мавлиднинг “ҳукми”, яъни асоси ва ғояси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таваллуди муносабати билан севинмоқ; “рукни”, яъни ижроси эса Қуръон ўқиш, Пайғамбар алайҳиссаломга дуруду салавот айтишдан иборатдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таваллудига бағишлаб наът ва шеърлар ўқиш, яхшилик ва эҳсонда бўлишдир. Бундан аён бўладики, мавлиднинг асл мақсади Пайғамбар алайҳиссаломнинг таваллуд кунидан севинмоқдир.
Мавлид бу – тарих. Мавлид кечаларида қатнашган кишилар Пайғамбар алайҳиссаломнинг тарихидан хийлагина ўрганиб олади ҳамда имони янада мустаҳкам бўлади.
Юртимизда Имом Жаъфар Барзанжийнинг “Мавлид” китоби ҳамда наманганлик шоир Мулла Йўлдош Тўрабой ўғли Хилватий ўзбек тилида ёзган “Мавлид” асари ўқилади.
Мухамадали домла Ўсканов
Бўстон “Абдулазизхон” масжиди имом хатиби