Аллоҳ таоло инсонларни бир – бирига масъул қилиб яратган. Ота-она фарзандига, устоз шогирдига, эркак киши аҳлига, маҳалладагилар қўни – қўшниларга масъул, жавобгардир. Шу боис, инсон ўзига ниманики раво кўрса, ўшани бошқаларга ҳам илиниши, ёмон кўрган нарсаларидан ўзгаларни ҳам огоҳлантириши лозим. Бу борада Қуръони каримда қуйидагича айтилган:
“Эй иймон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангиз, унда дағал ва қаттиққўл, Аллоҳ буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат буюрилган ишни қиладиган фаришталар (ҳизмат қилурлар)” (Таҳрим, 6).
Бу ояти каримада Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларини, ўзларини ва аҳли аёлларини охират оташидан сақлашга буюрмоқда. Аҳли аёлини, фарзандларини диндор қилиб тарбиялаш оила бошлиғининг Аллоҳ таолонинг олдидаги бурчи эканлигига ушбу ояти карима ёрқин далилдир. Ушбу оят нозил бўлган вақтда ҳазрати Умар (разияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)дан: “Ё Расулуллоҳ (с.а.в), ўзимизни дўзахдан сақлаймиз, бу тушунарли. Аммо аҳли оила ва фарзандларимизни қандай сақлай оламиз?”, – деб сўради. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в): “Аллоҳ сизни қайтарган нарсалардан уларни ҳам қайтарасиз ва уларни ҳам Аллоҳ сизга буюрган ишларга ундайсиз. Шу йўл билан уларни дўзахдан сақлаган бўласиз”, – деб жавоб берганлар.
Ҳазрати Али (карамуллоҳи важҳаҳу): “Ўзингизга ва аҳлингизга яхшиликни таълим беринглар ва уларни одобли қилинглар” деб айтганлар. Мазкур оятнинг шарҳида инсон аҳли ва фарзандларини ҳам доимо эътиборда тутиши, фақат моддий таъминот билан чекланиб қолмасдан, уларнинг имон-эътиқоди ҳам мустаҳкам бўлишига ҳаракат қилиши лозим, деб алоҳида таъкидланади.
Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Эй аҳлим, намоз ўқинг, рўза тутинг, закот беринг, мискинларга, етимларга, қўшниларга яхшилик қилинг. Шояд Аллоҳ сизларни жаннатда бирга қилса, деган одамга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин” деганлар.
Ҳусайн Воиз Кошифий “Ахлоқи муҳсинийн” асарида фарзандлар табиясида муҳим бўлган исломий қадриятларни баён қилган: “Фарзанд Ҳақ таолонинг омонатидир. Ота-онадан маҳшар вақтида бу омонат ҳақи талаб қилинади. Бу омонат гўёки ойна – бутун борлиқ кўзгуси, аввалидир. Ҳақиқат жавоҳири уни нимага хоҳласа, ўшанга мойил қилиши мумкин. Демак, зарурат бўйича фарзандни тўғри тарбия қилиш керак, токи ёқимли сифатларга эга бўлсин. Аввало, унга чиройли ном бериш керак. Агар фарзанд номи муносиб бўлмаса, маълум муддат яшагандан сўнг унда ўз исмига нисбатан нафрат пайдо бўлади. Яна мўътадил табиатли, хушмуомала ва покиза кўринишли бўлсин”.
Маънавий тарбия орқали ёшларда яхши ахлоқ, шижоат, раҳмдиллик ва меҳнатсеварлик сифатлари шаклланади. Ислом динида ҳам фарзанднинг маънавий тарбиясига алоҳида эътибор қаратилади. Чунки бола нозик бир ниҳол кабидир, қай томонга эгса, шунга мойил бўлиб ўсади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ҳар бир фарзанд фитратда дунёга келади”- деганлар. Демак ҳар бир фарзанд соф фитратда яъни исломий табиатда туғилади, Фақат унинг ота-онаси қайси эътиқодда бўлса, шунга мойил бўлади. Унинг тарбияси ҳам айнан ота-онаниг зиммасидадир. Тарбия тўғрисида машҳур ўзбек адиби Фитрат қуйидаги фикрларни билдиради: “Одамни тарбия қилиш уни жисмонан, фикран ва хулқан камолга етказиб, саодатга эришишига қобил этишдан иборатдир”.
Бундан ташқари Тарбия уч қисмдан иборат эканлигини, улар:
- бадан тарбияси
- ақлий тарбия
- ахлоқ тарбиясидан иборат эканлигини ҳам Фитрат таъкидлаб ўтган.
Абдулла Авлоний таълим ва тарбия орасидаги фарқни ажратиб, тушунтириб шундай деган: “Дарс ила тарбия орасида бир оз фарқ бор бўлса ҳам, иккиси бир-биридан айрилмайдурган, бирининг вужуди бирига айланган жон ила тан кабидир” деган. Бундан ташқари қай ҳолатларда тарбия қилишни ҳам Абдулла Авлоний ўргатиб шундай деган: “Оқил ва диёнатлик кишиларга ёлғон сўзлардан тилларини сақламак ила баробар, авлодларини ёлғонга одат қилдурмасдан тарбия қилмаклари энг муқаддас вазифаларидур”, деган. Ёшларнинг мустаҳкам имон-эътиқодда бўлиши, уларнинг замон синовларидан ўтишда суянч ва таянч бўлади – дедилар.
Шуни айтиш лозимки биз ота-оналар, фарзандларимиз одоби, ҳулқи тарбиясида ўзимиз ибрат ва ўрнак бўлишимиз зарур. Бадан тарбиясида эса, бўш вақтларини спорт билан банд бўлишини таъминламоғиз ва ақлий тарбиясида эса, уларнинг шахсий фикрларига яқиндан ёндошиш билан биргаликда уларга зарур бўлган таълим, касб-ҳунар ва бўш вақтларидан унумли фойдаланишларини обдон назорат қилмоғимиз жуда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Отабек домла Ҳусанов,
Олтинкўл тумани “Жалабек ота” жоме масжиди имом ҳатиби