МАСТНИНГ ТАЛОҒИ ВА КУФРИ

1589

Шариатда ман этилган восита ё ичимлик истеъмол қилиб маст бўлган одам хотинига талоқ қўйса талоғи ўтадими?

Бу масалада уламолар икки хил қарашда бўлган. Усмон ибн Аффон, Жобир ибн Зайд, Товус ибн Кайсон ва яна бир қанча фуқаҳолар мастнинг талоғи ўтмайди, деган фикрни илгари сурган.

Ҳасан ал-Басрий, Саъид ибн Мусаййиб, Иброҳим Нахаъий, Маймун ибн Меҳрон, Ҳамийд, Сулаймон ибн Ясор, Авзаъий, Суфёни Саврий раҳимаҳумуллоҳлар эса мастнинг талоғи тушади, деганлар. Имом Молик ва Мазҳаббошимиз имом Абу Ҳанифа раҳимаҳумаллоҳнинг мазҳаби ҳам шу бўлган. Шунингдек, ҳанафий мазҳабимиз уламолар айтади: маст одамнинг айтган ҳамма гаплари, олди-сотди, ижара ва ҳоказо муомалалари шаръан эътиборли ҳисобланади. Илло, муртадлиги ўтмайди.

Имом Шофеъийдан бу масалада икки хил ривоят келган. Бир ривоятда тушади деган, яна бирида тушмайди деган.

Шариатда муртадлиги ўтмайдиган ва талоғи ўтадиган маст деб кимга айтилади?

Маҳаллий тилимизда бир хўплам ароқ ичиб боши сал айланган одамга ҳам маст деб айтилаверади. Лекин фиқҳий истилоҳда бу одамга маст дейилмайди. Ибн Нужайм Мисрий раҳимаҳуллоҳ “Ашбоҳ”да шундай деган:

Сакрон—мастликнинг чегарасида ихтилоф бор. Бир ривоятда “ер билан осмонни, эркак билан аёлни фарқига бормас даражада эсини йўқотган шаръан маст деб эътиборга олинади”, деийлган. Мазҳаббошимиз имом Аъзам Абу Ҳанифа ҳам шу фикрни олган.

Яна бир ривоятда эса “гапини олди-орқасини фарқига бормай алжираш ҳолатига тушганлар шаръан маст деб ҳисобланади”, дейилган. Бу имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммаднинг қавлидир. Кўплаб машойиҳлар шу гапни олган.

Муфти Қодихон “Фатово”сида имом Аъзам Абу Ҳанифанинг қавлига фатво берган. Ва яна шундай деган: Маст одам агар яхши билан ёмонни, ер билан осмонни фарқига борар даражада бўлса унинг куфр гапи куфр бўлади. Мабодо ер билан осмонни, яхши билан ёмонни  ажрата олмас даражада ақлини йўқотса куфр сўзлари эътиборга олинмайди.

Хулоса шуки, бизнинг бугунги замонамизда бир-икки пиёла маст қилувчи ичимлик ичиб олиб, эски хотираларни эслаб жанжал кўтарувчилар шариат нуқтаи назари билан қаралганда ақлини йўқотган маст эмас балки, жуда хушёр одамлар экан. Улар маст қилувчи ичимлик ичмаган одамдан кўра кўпроқ хотираларни эслашади. Эслаганда ҳам аниқ-тиниқ эсга оладилар. Уларнинг ҳар бир гапи, талоғидан ташқари ҳатто куфр гаплари ҳам шаръан эътиборли бўлади.

Нодирбек КЕНЖАЕВ

Андижон шаҳар “Бува таваккул” жоме масжид имом-хатиби