Бугун бутун дунё ташвишда. Сабаби эса аниқ!. На бир ҳудуд танламас, на бир миллат танламас, на бир чегара танламас бўлган коронавирус пандемияси ҳамманинг тинчини бузди десак асло муболаға бўлмайди. Ушбу касалликка қарши курашишнинг энг самарали усули эса ҳамжиҳатликда, бир тану-бир жон бўлиб, шифокорлар кўрсатмаларига тўлиқ амал қилгандагина уни енгиш мумкинлигини бугун тажриба кўрсатиб турибди.
Бутун дунёга жиддий ташвиш олиб келаётган коронавирусдан одамларимизни асраш, ушбу ташвишдан талофатсиз чиқиш борасида муҳтарам Президентимиз бошчилигида бир қатор қатъий чора-тадбирлар амалга оширилаётган бўлиб, ушбу чора-тадбирлар замирида халқимизнинг тинч-саломат, бехавотир яшаш каби улуғвор ниятларни кўришимиз мумкин.
Ушбу офатни юртмиздан, бутун мўъмин-мусулмонлар бошидан аритиш мақсадида Андижон вилояти ҳокими бошчилигида вилоятда фаолият кўрсатаётган ҳокимлик идоралари ва имом-хатиблар ҳамкорлигида қурбонликлар қилиш хайриялари ўтказилмоқда. Бугун эрта тонгданоқ вилоятимизнинг турли хил ҳудудларида жойлашган муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳларда қурбонликлар қилишлик бошланди, қурбонлик гўштлари эса кам таъминланган, кекса ва ногирон, боқувчисини йўқотган юртдошларимизга беминнат тарқатилди. Инша-Аллоҳ ушбу хайрли иш уч кун давомида белгиланган режа асосида вилоятдаги барча муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳларда амалга оширилади. Жойладаги зиёратгоҳларда қилинаётган қурбонликлар билан бир қаторда имом-хатибларимиз томонидан ўқиб етказилган Хатми Қуръонлар ҳам бағишланмоқда.
Бу қилинган барча хайрли тадбирлар юртимизга кириб келган коронавирус офатидан ҳамюртларимиз жабр кўрмасдан тезроқда даф бўлишлиги ва касалланган барча беморларга шифо сўраш илинжида амалга оширилмоқда.
Аллоҳ таоло юртимизни манашундай офатлардан ўз паноҳида асрасин. Юртимиз тинч-осмонимиз доимо мусаффо бўлсин.
ЎМИнинг Андижон вилояти вакиллиги ходими Нуруллоҳ Қодиров