Маънавий таҳдид ҳақида сўз юритишдан олдин бу тушунча нимани англатишини чуқурроқ англаб олишимиз зарур бўлади. Зеро, ҳар бир тушунчани теран талқин этиш учун, аввало, унинг замирида нима борлигини билиб олиш керак бўлади. Шундагина у ҳақда фикр-мулоҳаза юритиш мумкин. Республикамизнинг биринчи Президенти мархум Ислом Абдуғаниевич Каримов унга шундай таъриф берган:
“Маънавий таҳдид деганда, аввало, тили, дини, эътиқодидан қатъи назар, ҳар қайси одамнинг том маънодаги эркин инсон бўлиб яшашига қарши қаратилган, унинг айнан руҳий дунёсини издан чиқариш мақсадини кўзда тутадиган мафкуравий, ғоявий ва информацион хуружларни назарда тутиш лозим…”
Миллий ва диний қадриятларимиз деганда фақат катта-кичик байрамлар, турли тўй ва маъракалар ҳамда уларга хос тадбирларнигина тушуниш хатодир. Қадриятларни кенг маънода англаш ва англатиш даркор. Ёшларда миллий ўзига хосликни тарбиялашда кичик ва арзимас нарсанинг ўзи йўқ. Буларга кундалик ҳаётимизда мунтазам такрорланиб турувчи урф-одатларимиздан тортиб, катта-кичик тадбирларимиз ҳам киради. Халқимизда “Қуш уясида кўрганини қилади” деган доно нақл бор. Ҳар қандай оқил ва билимдон ота-оналар ўз жигаргўшаларини ҳали мурғаклигиданоқ ёзилмаган қонунлар – ўзбекона ахлоқ-одоб доирасида тарбиялайдилар. Бундай хонадонларда ҳеч қачон пала-партишликка, шошма-шошарликка, ўзибўларчиликка йўл қўйилмайди. Ота-оналар фарзандларининг ҳар бир хатти-ҳаракатини эринмай назорат қиладилар, шунинг учун бола эндигина ақли кира бошлаганидан нима яхши, нима ёмон эканлигини ажрата бошлайди. Оддий мисол эрталаб ҳали кун чиқмай ўрнидан туриш, юз-қўлини ювиш, ота-оналарига, бир-бирига салом бериш, дастурхон олдида катталарга нисбатан ҳурмат сақлаб ўтириш, овқатни “бисмиллоҳ” билан бошлаш ва шошмай ейиш, еб бўлгандан сўнг Аллоҳга шукрона келтириш, қўл ва оғизларини чайиш ва ҳоказолар айрим кишилар учун арзимас нарсалар туюлиши мумкин, аммо айнан шулар замирида халқимиз маънавий ва диний қадриятларининг ўзига хослиги ётишини унутмаслигимиз керак.
Пирқўзиев Муҳаммадали
Андижон тумани
“Хазрати Умар Одил”
жоме масжиди имом-хатиби