Либослар жамият кўзгусидир

786

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловоту дурудлар бўлсин. Эътибор билан қарайдиган бўлсак, Ислом динининг батафсил ҳукмларини баён қиладиган барча китобларимизда «Либос китоби» бор. Айниқса, ҳадис, тасаввуф ва фиқҳ китобларимизда бунга алоҳида эътибор берганлар.
Ислом дини Аллоҳ таолонинг мукаммал, барча замон ва маконларга салоҳиятли дини ўлароқ, инсон ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олган. Шу билан бирга, кийиниш ҳам инсон ҳаётининг муҳим соҳаси эканлиги ҳаммамизга маълум. Ислом бошқа ҳамма соҳаларда ўз кўрсатмаларини берса-ю, кийиниш борасини тарк этса, унинг мукаммаллигига футур етган бўлар эди.
Шунинг учун ҳам Исломда бу масала ҳам бошқа масалалар қатори ўзига етарли даражада муолажа қилинган. Бу эса мусулмонлар учун бахтдир. Чунки улар ҳаётнинг бошқа соҳаларида бўлгани каби кийиниш масаласида ҳам тайёр таълимотларга амал қилиб, икки дунё саодатига эришиш учун яна бир илоҳий ёрдам ола биладилар.
Бошқалар эса бу соҳада ҳам талашиб-тортишиб, сеники нотўғри, меники тўғри, дейиш билан овора бўладилар. Оқибатда ҳаммасиники нотўғри бўлиб чиқади.
Баъзилар кийиниш масаласига бунчалик эътибор беришнинг боиси нима, ахир бу арзимаган нарса-ку, дейишлари мумкин. Уларга, аввало, кийиниш арзимаган нарса эмас, қолаверса, Исломда инсон ҳаётининг арзимайдиган ҳеч бир жойи йўқ, балки, инсон ҳаётининг ҳамма соҳалари ҳар қанча эътиборга сазовордир, дейилади.
Инсоннинг кийиниши унинг ички-маънавий дунёсининг сиртда акс этишидир, дейишимиз мумкин. Қайси инсонда уят, айб, ор-номус каби тушунчалар бўлса, ўша инсон ўзининг обрўсини сақлайдиган, бошқаларнинг нафратини қўзитмайдиган бўлиб кийинади. Мазкур тушунчалардан йироқ кишилар эса, яланғоч юришлари ёки бошқача ҳолга ўтишлари ҳеч гап эмас.
Бунинг устига, кийим-бош инсоннинг доимий ҳамроҳи бўлганидан унга таъсир қилиши турган гап. Мисол келтирадиган бўлсак, аскарларга ўзига хос кийим кийдириш ҳамма халқларда қадимдан одат бўлиб келган. Бу аввало, аскарларга ўз вазифасини адо этишида қулайлик туғдирса, иккинчидан, махсус кийим уларга таъсир қилиб, аскарлик руҳини тутиб туришда, кучайтиришда иш беради. Ҳатто оддий одам аскар кийимини кийиб олса, аскарларга ўхшаб шахдам юришга интилиб қолиши шундан.
Ана шу ва шунга ўхшаш бошқа кўпгина эътиборларга кўра, Исломда кийим-бошга алоҳида эътибор берилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларга ўхшаб либос кийган эркакни ва эркакларга ўхшатиб либос кийган аёлни лаънатладилар».
Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар.
Абу Довуд ва Табароний қилган ривоятда:
«Ким бир қавмга тақлид қилса, у ўшалардандир», дейилган.
Шарҳ: Ўз қавми, ўз дини ва урф-одати туриб, бошқаларнинг турмуш тарзини, кийиниш ва ҳаётдаги бошқа нарсаларини устун қўйиб, жон-жаҳди билан уларга ўхшашга ҳаракат қилиш таъсирини ўтказмай қолмайди. Ўша одам «ҳар кимга ниятига яраша» қоидасига биноан, ўзи тақлид қилган қавмдан бўлади. Кофирларга ўхшашни орзу қилиб уринган бўлса, кофирлардан бўлади. Фожирларга ўхшашга ҳаракат қилган бўлса, фожир бўлади ва ҳоказо…
Ислом уммати Аллоҳ таоло юборган таълимотларнинг энг мукаммалига, ҳар бир замон ва ҳар бир маконга муносиб таълимотга раво кўрилган умматдир. Аллоҳ таоло бу умматни бошқа барча умматлар устидан шоҳид қилиб қўйгандир. Аллоҳ таоло бу умматга ҳам, бир нарсада ўзига хосликни бериб қўйгандир. Шунинг учун ҳар бу умматга ўзидан бошқаларга ўхшашга ҳаракат қилиш, ўзига Аллоҳ таоло осмондан тушириб берган нарсани қўйиб, бошқа миллатлар ердан чиқарган нарсаларни ҳавас қилиш мутлақо тўғри келмайди.

Шаҳрихон тумани «Мунисхон ҳожи» жоме масжиди имом-хатиби А.Эрматов