Коррупция – адолатга зид

799

Ислом инсонни эзгуликка чорлайди. Уни камолот сари йўллаб, яхшиликка етаклайди. Пировардида Яратганнинг розилигини топиб, дунё ва охиратнинг бахту-саодатига эришиш учун Аллоҳ билан ҳамда жамият ва башарият билан адолатда бўлишга тарғиб қилади.
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Қурони каримда марҳамат қилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ كُونُواْ قَوَّامِينَ لِلّهِ شُهَدَاء بِالْقِسْطِ
“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ учун ҳақда туринг, адолатли гувоҳ бўлинг”. (Моида. 8)
Адолат Исломнинг, нафақат Исломнинг, балки ҳар қандай жамиятнинг асосий мезонидир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бизларни доимо адолатга буюради:
إِنَّ اللّهَ يَأْمُرُ بِالْعَدْلِ وَالإِحْسَانِ وَإِيتَاء ذِي الْقُرْبَى وَيَنْهَى عَنِ الْفَحْشَاء وَالْمُنكَرِ وَالْبَغْيِ يَعِظُكُمْ لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُونَ
“Албатта, Аллоҳ адолатга, эҳсонга, қариндошларга яхшилик қилишга амр этадир ва фаҳшу мункар ҳамда зулмкорликдан қайтарадир. У сизларга ваъз қилур. Шоядки, эсласангиз”. (Наҳл. 90)
Адолатнинг асосий кушандаси коррупция ва порахўрликдир. Қайси жамиятда коррупция авж олар экан, инсон ҳуқуқлари поймол бўлаверади. Ундай жамиятда на банданинг ҳақига, на Яратганнинг ҳақига риоя қилинур.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини тинглар эканмиз, айни шу масалага жиддий эътибор қаратилганининг гувоҳи бўламиз. Юртбошимиз бу тўғрида жумладан шундай деб таъкидлаб ўтди:
“Мени жуда қаттиқ ташвишга соладиган ва безовта қиладиган энг оғир иллат – коррупция балоси…”.
Маълумки Президентимиз юртимизда ислоҳотларни жорий қилди. мурожаатномада қайд қилинадики, коррупцияга чек қўймасдан туриб, тубдан ислоҳот ошириб бўлмайди. Юртбошимиз шундай дейди:
“Бугунги кунда ислоҳотларимиз самараси кўп жиҳатдан тўртта муҳим омилга – яъни, қонун устуворлигини таъминлаш, коррупцияга қарши қатъий курашиш, институционал салоҳиятни юксалтириш ва кучли демократик институтларни шакллантиришга боғлиқ”.
Ҳа, бу иллат бутун халққа, у зиёли бўладими, оддий ишчи бўладими ёки мактаб ўқувчиси бўладими, барчага тенг офати етиб боргувчи балодир.
Ҳар қандай жамитда коррупяини йўқотиб, адолат тикланмас экан, бу жамият аъзолари осойишта турмуш тарзига эга бўла олмайди. Исломнинг гуркираган даврига назар ташласак, инсонпарварликнинг асосий мезони адолатда бўлганлигига гувоҳ бўламиз. Адолат шунчалар даражада умумлашганки, бунда авом халқу-раҳбарият, мусулмону-номусулмон барчаси баробар бўлган.
Ривоят қилинишича Умар ибн Хаттоб Убай ибн Каъб билан низолашиб қолди. Ҳукм чиқариш учун Умар разияллоҳу анҳунинг Мадинаи мунавварадаги қозиси Зайд ибн Собитнинг олдига боришди. Қози уларнинг олдига чиқар экан:

  • Ассалому алайкум, эй мўминларнинг амири, – деб Умар разияллоҳу анҳуга илтифот кўрсатди. Сўнг Убай ибн Каъб разияллоҳу анҳудан кўра юқорироқдан жой берди. Убай ибн Каъбни ўнг томонига ўтиргизди-да, яна халифага юзланди:
  • Эй мўминларнинг амири, афв қилгайсиз..
    Шунда халифанинг ғазаби қўзиб кетиб қозига қаттиқ дашном берди:
  • Қачондан бери бунчалик ўзбошимча бўлиб қолдинг! “Ассалому алайкум, эй мўминларнинг амири”, “Эй мўминларнинг амири, мана бу жойга ўтиринг”, “Эй мўминларнинг амири, афв қилгайсиз” дейсан!
    Мана бу ҳадисда эса порахўрликнинг шариатдаги меъёрини кўрамиз – Абу Нофеъдан ривоят қилинишича Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинадаги мусулмонлар дафн қилинадиган Бақиъ қабристонига етганларида
    “Туф сенга! Туф сенга!” дедилар.
    Абу Нофеъ бу сўзларни эшитиб, бир оз орқароқда қолди.
  • Сенга нима бўлди? Юр тезроқ! – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам.
  • Бирор нарса рўй бердими Эй Аллоҳнинг расули? – сўради Абу Нофеъ.
  • Нега ундай деяпсан?
  • Менга “туф!” дедингиз-ку?
  • Йўқ. Лекин бу фалончининг қабри. Уни фалон қабилага чопар қилиб юборган эдим, у хиёнат қилди. Ўзи учун жун матодан кийим олди. Энди ўшанинг мислича олов сипқормоқда, – дедилар Сарвари коинот саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
    Коррупцияга, порахўрликка қарши курашиш нафақат хизмат ходимларининг вазифаси, балки жамиятнинг барча аъзоларининг юрт олдидаги, Ватан олдидаги ва энг муҳими яратган Холиқ таоло олдидаги бурчидир. Президентимиз таъкидлаганидек:
    “Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз”.

Шаҳобиддин Парпиев

Асака туман бош имом хатиби