Коронавирус: ундан сақланиш чоралари нимада?

1229

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан ҳозирги кунда Хитойда аҳоли ўртасида “Коронавирус” туркумига кирувчи вирус юқиши натижасида келиб чиққан зотилжам (пневмония) касаллиги пайдо бўлгани ва тарқалаётгани эълон қилинмоқда.

Хўш, бу аслида қандай вирус?

Коронавируслар – вируслар оиласига мансуб “Атипик зотилжам” (SARS) касаллигини чақирувчисига ўхшаб кетувчи вирус бўлиб, беморларда оддий шамоллашдан то ўткир оғир респиратор синдром (ТОРС) деб номланувчи оғир кечувчи касалликни келтириб чиқаради. “Атипик зотилжам” касаллиги ҳам 2002 йилда Хитойда келиб чиққан бўлиб, 37 давлатга тарқалган ва 8 мингдан ортиқ киши касалланган эди.

Янги коронавируснинг хусусиятлари ҳозирги кунда дунёнинг кўплаб лабораторияларида ўрганилмоқда. Олимларнинг изланишлари натижасида касаллик қўзғатувчиси топилган бўлиб, ушбу вирусга “2019-nCoV” номи берилди.

Ушбу вирус ташқи муҳит таъсирига ва зарарсизлантирувчи воситаларга нисбатан чидамли. Ҳозирча ушбу касалликни даволаш учун махсус дори воситалари йўқлиги сабабли, бошқа вирусларга қарши қўлланиладиган воситалардан фойдаланилмоқда.

Беморларда умумий ҳолсизлик, тумов, йўтал, бош оғриши, томоқда оғриқ, тана ҳароратининг ортиши, бронхит, зотилжам кузатилмоқда. Мутахассисларнинг хулосасига кўра, коронавирус келтириб чиқарган касалликнинг грипп касаллигидан фарқи шундаки, ушбу касаллик асоратлар билан ўтиши ва ўлим билан тугаши эҳтимоли юқори, чунки ҳозирги кунда ушбу вирусга қарши одамларда ҳимоя қобилияти (иммунитети) ривожланмаган ва бу ҳолат дунё халқлари ўртасида пандемияга олиб келиши мумкин.

2020 йил 27 январь ҳолатига келиб, беморлар сони дунё бўйича 2744 тага етган ва шундан 80 таси ўлим билан якун топган. Шу сабабли касаллик тарқалаётган ҳудуд – Ухан шаҳрида карантин ҳолати жорий этилган. Касалликнинг Таиланд, Япония, Жанубий Корея, АҚШ, Гонконг, Тайван, Макао, Филлипин, Австралия давлатларида хам рўйхатга олинаётганлиги айтилмоқда.

Ушбу ҳолат юзасидан 22 январь куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан ўтказилган фавқулодда йиғилишда мутахассислар халқаро фавқулодда ҳолат эълон қилишдан олдин авж олган касаллик ҳақида кўпроқ маълумот олишлари кераклиги тўғрисида қарорга келишган. ЖССТ расмийлари учрашувни пайшанба куни, Хитой ҳукумати таклифига биноан Уханга бир қатор Осиё мамлакатларидан келган шифокорлардан маълумот олганидан сўнг давом эттиришга қарор қилишган.

Хитойда коронавирус бўйича эпидемик вазият мураккаблашиши сабабли мамлакатимизда қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, «Uzbekistan Airports» АЖ ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари”АЖ Тиббий-санитария хизмати томонидан давлат чегарасини, айниқса, Хитойни кесиб ўтган шахсларнинг юқори сифатли тиббий мониторингини амалга ошириш чоралари кўрилмоқда. “Ўзбекистон темир йўллари” ҳамда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” АЖ тизимидаги фаолият юритаётган ходимлари иштирокида эпидемик вазият ва унинг олдини олиш юзасидан семинарлар ўтказилди.

Бундан ташқари, Республика Вирусология илмий текшириш институти интенсив терапия бўлимида коронавирусга гумон қилинган беморларни қабул қилиш учун махсус бокс тайёрлаб қўйилди. Республикадаги аэропорт ва темир йўл вокзаллари санитария карантин пунктларида ушбу касалликка гумон қилинган бемор аниқланса, уни дарҳол изоляторга изоляция қилиш, коронавирусга лаборатор таҳлилини ўтказиш учун намуна олиш тартиби белгилаб қўйилган.

Республикамиз ҳудудида ҳозирги кунда ушбу хасталик билан касалланганлар кузатилмади, лекин хорижий давлатлар билан иқтисодий-сиёсий алоқаларнинг ривожланиши, туризм, спорт ва бошқа сабаблар билан хориж давлатларида бўлиши ёки чет эллик фуқароларнинг бизнинг давлатимизга келиши туфайли, касаллик чақирувчи вируснинг республикамиз ҳудудига кириб келиш хавфи мавжуд. Ушбу муаммони ҳал этиш учун Динимиз кўрсатмасига амал қилсак, мақсадга мувофиқ бўлади.

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилоган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Агар бир жойда вабо тарқалганини эшитсангиз, у ерга борманглар. Агар ўзингиз турган жойга вабо келса, у ердан қочиб чиқиб кетманглар!” деганлар.

Ушбу ҳадиси шарифга мувофиқ, вабо тарқалган жойга бормаслик, вабо тарқаган жойдан қочиб чиқмаслик зарур бўлади.

Мўмин-мусулмон одам бундай пайтда ўзининг эҳтиётини қилиши, вирус кенг тарқалиб бораётган ҳудудга бормаслиги, имкон қадар хавфсиз жойда бўлишга интилиши зарур. Шу боис мазкур вирус тарқалаётган мамлакатларга сафар қилмай туриш тўғри бўлади.

Қолаверса, Аллоҳ таоло ҳар бир дарднинг давосини ҳам туширган. Бунга ушбу ҳадис далилдир.

Имом Аҳмад ривоят қилган яна бир ҳадисда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам “Эй, Аллоҳнинг бандалари, даволанинглар! Чунки, Аллоҳ қайси касалликни туширган бўлса, унинг шифосини ҳам туширгандир. Фақат битта касаллик – кексаликнинг давоси йўқ” деганлар.

Мўмин-мусулмон одам ўзига теккан касалликка қарши курашиб, Аллоҳ таолодан комил шифо сўраб, даволаш чораларини кўриши керак.

Аллоҳ таоло юртимизни, халқимизни бундай касалликлардан асрасин!

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади