Ер юзида қанча миллат ва элат бўлса, уларнинг ўзига хос урф-одатлари, анъаналари билан бир қаторда миллийлигини ифодалаб берувчи либослари ҳам борки, ўзга юртга борганда биринчи бўлиб сўзлашувидан ҳам аввал либосидан унинг кимлигини билиб олса бўлади.
Ватанни севган халқини севади, халқини севган инсон ўз халқини урф-одатлари, миллий қадриятларини ардоқлайди. Минг афсуслар бўлсинки, ўз миллати, ўзлиги ва урф одатларини менсимай бошқа миллатларнинг урф одатлари, юриш-туриши, маданиятига кўр-кўрона тақлид қилаётган ёшлар ҳам учраб турибди. Холбуки, ота-боболаримиз илм-маърифат, хусни хулқ ва шарм-ҳаё борасида барчага ўрнак эдиларку?! Улуғ аждодларимиз изларидан бориб катталарни ҳурмат қилиш, кичикларни иззатлаш, устозларга эҳтиром кўрсатишлик, илмга рағбат, шарму-ҳаёли бўлиш ўрнига беодоб, ҳаёсиз бўлиб бораётган баъзи ёшларни кўриб ҳайратдан ёқа ушлайсан киши.
Баъзи аёлларнинг ғарбга тақлид қилиб тор, ярим-яланғоч юришлари, айрим аёлларнинг эса бошқа халқларнинг қора кийимларини кийиб юришлари момоларимиз тутумлари ва миллийлигимиздан эмасдир. Ахир, бизнинг иболи, ҳаёли оналаримиз, Ватани, миллатига ўзларининг ўлмас асарлари билан хизмат қилган Нодирабегим, Зебинисо каби оналаримиз ўзларининг миллатига, дини ҳамда миллати урф одатларига мухаббатлари чексизлигидан бошқа миллат урф одатларига мутлақо тақлид қилмадилар.
Опа-сингилларимизга гап кийимнинг рангида эмас, балки кийим кийиш шартларида эканлигини айтиб ўтмоқчимиз. Манбааларда кийим кийиш шартлари саналиб , кийим бегона эркакларнинг назарини жалб қиладиган даражада бўлмаслиги, тор ҳамда уятли аъзолари кўринадиган холатда бўлмаслик каби шартлар айтиб ўтилган. Демак, хижоб махсус рангда бўлиши шарт эмас. Балки асосий мақсад мухтарама аёлларнинг уят жойларини тўсиб турувчи кийим эканини тушиниш қийин эмас. Ҳар бир нарсадан тўғри фойдаланиш ақллик инсоннинг вазифаси хисобланади.
Нега бошқа миллат вакиллари ўзбек халқининг дўпписини ёки атлас кўйлагини киймайди-ю, бизнинг қизларимиз уларнинг кийимларини кийишга ружу қўйишади. Тоинки, бизнинг мухтарама аёлларимиз, оналаримиз ҳоҳ юртимизда бўлсин, ҳоҳ хорижда бўлсин ўзларининг миллатига содиқлиги, ҳаё ибоси билан бошқалардан ажралиб турсинлар.
Энг ачинарлиси, баъзан миллий кийимлар кийиб кўчага чиққан кишига гўё ажабланиб нигоҳ ташлашади. Баъзида эса келиб, хатто таъзия билдирган бўлишади.
Олтинкўл туман бош имом-хатиби: М.Тўрақулов