Кийиниш одоби ҳақида

1455

Яратганнинг махлуқотлари ичида бизларни ақл бериб энг мукаррами қилган Аллоҳга беҳад ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримиз Муҳаммад (САВ )га дуруд ва сломламлар бўлсин. Халқимиз орасида “ҳар бир иш беҳикмат бўлмайди” деган гўзал бир нақл бор. Ёшларни кийиниш одоби ҳақида сўз юритар эканмиз, аввало либосни шариатга киритилиши ҳикматини билмоғимиз зарурдир. Ислом инсонни мукаррам қилиш бўйича кўрган чоралар ичида либос масаласи ҳам бор. Бу масалада инсон кийиниш маданиятига риъоя қилиши ўзи учун обрў ва мартаба ҳамда гўзаллик ва зийнат экани тушунтирилади. Аллоҳ таъоло Қуръони Каримнинг Аъроф сурасида “Эй Одам болалари сизларга авратинггизни тўсадиган либос ва зийнат либосини нозил қилдик. Тақво либоси ана ўша яхшидир. Ана ўшалар Аллоҳни оят белгиларидандир. Шоядки эсласалар.” деб айтади. Одам авратини айбини беркитиб туриши учун Аллоҳ таъоло либосни зийнат тарзида нозил қилган. Ҳудди шундай либосни шариъатга мувофиқ кийган инсон зийнатли ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таъоло оятда “Тақво либоси ана ўша яхшидир” демоқда. Билдикки, либос бадан авратларини тўсиб жисмни зийнатлайди. Тақво либоси эса маънавий авратларни тўсиб инсон қалбини зийнатлайди. Шундай экан инсонни кийим – боши жисмдаги авратларни пинхон тутиб унга зийнат баҳишласа – ю, тақво либоси йиртилиб маънавий авратлари очилиб турса, унинг ёмони йўқ. Ҳозирги кунда кўп ёшлар ҳатто катталар ҳам тақво либоси башанглигини даъво қиладилу, устки авратлари очилиб қолганига эътибор ҳам бермайдилар. Бундай кийиниш эса шариъатимизга, жамиятимизга ва ҳам миллий урф одатларимизга нисбатан ўта бепарволикдан ўзга иш эмас. Демак, кимни тақво либоси ўрнида, албатта уни жисмоний либоси ҳам дуруст бўлади.
Аммо барча соҳада ҳаддида тура олмайдиган одамлар бу соҳада ҳам турли бузуқликларга йўл қўймоқда. Баъзи кийим – бошни фахр ва ғурур воситаси қилиб олдилар. Баъзилар эса уни ҳаттоки асосий мақсад қилишибгина қолмай, балки қадр – қийматни ҳам кийим – бош билан ўлчай бошладилар. Баъзилар эса кийимни жуда тор шаклда ва юпқа ҳолатда кийишиб, ундан асосий кўзланган мақсадни суистеъмол қилмоқдалар. Хусусан, тарбиясиз аёл қизлар либосни айни авратни бўрттириб кўрсатиш учунгина киймоқдалар. Бундай кийиниш эса юксак маънавиятни ва инсоний шарафни ерга уриб қўяди. Бошига ўлим қайғуси тушган аёлларгина ўзларини ўнглашга уриниши бу жуда ачинарлидир. Фақат шундай вақтдагина улар тор ва юпқа кийимларини, урф – одатимизга ва миллий қадриятларимизга мувофиқ бўлган шарм – ҳаёли либосларга алмаштирадилар. Аммо бироз вақт ўтиб, ўлим ўлимни келтирувчи Аллоҳни эсларидан чиқариб миллий кийим – бош кийиш ҳам эсидан чиқарадилар. Ислом уламолари аёлларни кийиниши тўғрисида ҳужжат – далилларни пухта ўрганиб, шундай мулоҳазаларни айтадилар; “Аёл кишини либоси таги билиниб турадиган юпқа ва тор бўлмаслиги керак. Яна уларга тилло ва кумуш билан безатилган кийимларни кийиши жоиздир. Аммо эркакларга ўхшаб (шим) кийиниши ҳаромдир”.
Хулоса қилиб шуни айтаманки, муслима аёлни кийими дунёдаги энг гўзал, энг чиройли, энг одобли, энг яхши, энг муҳими эса Аллоҳ таъолонинг амрига мувофиқроқ кийимлардир.
Кийиниш маданиятига нафақат аёллар балки ,эркаклар ҳам амал қилмаяпти .Бунга мисол қилиб ,уларнинг калта иштон кийишлари ,яъни тиззадан баланд жойлари очиқ ҳолда ,замонавий тилда (шортик) кийиб олиб ,масжидга ҳам шу ҳолатда келишмоқда.Яна мисол келтирадиган бўлсак калта кўйлак билан намоз ўқиётган пайтда ортида турган намозхонга авратлари кўриниб қолмоқда.Бошига миллий дўппиларимиз ўрнига ғарб давлатларидан келтирилган қандайдир бош кийимлари билан намоз ўқишмоқда.
Муҳтарама ака укалар,опа – синггиллар ва азиз отахон онахонлар ёшларимизни кийиниш одобига жиддийроқ қарамоқлигинггизни илтимос қилар эдим. Чунки, мусулмон инсон кийиниш маданиятини чуқурроқ ўзлаштириб олмоғи лозимдир. Инсонларнинг ташқи кўриниши – унинг асл маданият соҳиби ва соҳибаси эканлигини кўрсатади.
Аллоҳ таъоло барчаларимизни ўзининг амрига мувофиқ кийим кийишликка насибадор айласин, юртимиз тинч осмонимиз мусаффо бўлсин. Юртимиз тинчлиги абадий бўлсин.

Н.Бойматов

“Файзибой хожи”

жоме масжиди имом – хатиби .