Илм – зиё, жаҳолат эса зулуматдур. Инсон қачонки илм йўлини маҳкам тутса дунё ва охиратнинг бахту саодатига етишига имкон топган бўлади. Башарият илм йўлини тутиб ҳамиша юксалиб борган. Қайси жамиятда илмга эътибор бўлса тараққий топиши юқори даражага кўтарилади. Бу ҳақиқат тарихда ҳам кўрилган, ҳозир ҳам шундай. Юртимизда билим даргоҳлари кўпайиши тарққиётимизнинг гарови десак муболаға бўлмагай.
Илм одам фарзандининг мартабасини кўтариб бошқа махлуқотлардан устувор этиши “Таълимул-мутаъаллими” китобида чиройли тарзда баён этилган:
وشرف العلم لا يخفى على أحدٍ إذ هو مختص بالإنسانية لأن جميع الخصال سوى العلم يشترك فيها الإنسان و سائر الحيوانات كالشجاعة و الجرأة والقوة والجود والشفقة و غيرها سوى العلم و به أظهر الله تعالى فضل آدم عليه الصلاة و السلام على الملائكة و أمرهم بالسجود له
“Илмнинг инсоният билангина хосланиб шарафли (мақом) экани ҳеч кимга сир эмас. Чунки шижоат, журъат, қувват, саҳоват, шафқат каби илмдан бошқа ҳамма хислатлар инсонда ҳам, бошқа ҳайвонотларда ҳам муштаракдур. Аллоҳ таоло илм билангина Одам алайҳис салоту вас-саломни фаришталардан афзаллигини изҳор қилди ва уларни (Одам алайҳис салоту вас-салом)га сажда қилмоққа буюрди”.
Бу ҳам бўлса Одам алайҳис салом фаришталар билмаган нарсаларни билганлиги сабабидан эди.
Илмсизлик, жаҳолат инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб бориши муқаррар. Инсонлар илм орқали Парвардигорларини танийдилар. Дунё ва охиратларини илм билан обод қиладилар.
Шафиқ ибн Иброҳим Ал-Балхий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар:
“Биз Абдуллоҳ Ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳдан:
“Нима учун намоз ўқиб бўлганимиздан сўнг биз билан бирга ўтирмайсиз?”, – деб сўрадик. У киши:
“Саҳобалар ва тобеинлар билан бирга ўтиришга кетаман”, – дедилар. Биз:
“Саҳобалар ва тобеинлар қаерда экан?”, – деб, ҳайрон бўлиб яна сўрадик. Шунда у зот:
“Китоб ўқийман, шунда улар ҳақида, қилган ишлари ҳақида билиб оламан. Сизлар билан ўтириб нима қиламан? Сизлар бекорчиликдан одамларни ғийбатини қилиб ўтирасизлар”, – деб жавоб бердилар”.
Ҳасан ибн Саҳл раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар:
“Маъмун ухлаганда атрофида китоблари турар эди. Ухлашдан олдин ҳам китоб ўқир, уйқудан уйғониб кетганида ҳам китоб ўқир эди. У шундай деб кўп насиҳат қилар эди:
اِسْتَعِنْ عَلَى وَحْشَةِ الْغُرْبَةِ بِقِرَاءَةِ الْكُتُبِ، فَإِنَّهَا أَلْسُنٌ نَاطِقَةٌ وَعُيُوْنٌ رَامِقَةٌ
“Ёлғизлик ғурбатини китоб ўқиш билан енггин. Зеро, китоблар сўзлагувчи тиллар ва тикилиб турувчи кўзлардир”.
Ҳасан Ал-Луълуий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар:
“Қирқ йилдирки, турганимда ҳам, ухлаганимда ҳам кўксимдан китоб тушган эмас”.
Буюк аждодимиз Амир Темур ҳам:
“Китоб – барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл идрокнинг, илму-донишнинг асосидир. Ҳаётни ўргатувчи мураббийдир”, – деганлар.
Буюк муҳаддис Имом Абу Довуд Ас-Сижистоний кийим тиктирганларида енгини кенг қилиб тиктирар эканлар. Чунки унга китоб солар эканлар. У киши кўп китоб ўқишни яхши кўрар эдилар. Қаерга бормасинлар, албатта ўзлари билан бирга китобларини олиб юрар, бўш вақт топилди дегунча енгларидан китобларини олиб ўқир эканлар.
Ўтган машҳур уламолардан Абул Фараж Ибн Жавзий китоб мутолаасига бўлган муҳаббати ҳақида шундай дейди:
“Мен ўз ҳолим ҳақида айтадиган бўлсам, китоб мутолаасидан ҳеч тўймаганман. Агар ўзим ўқиб кўрмаган бирор китобни кўриб қолсам, гўё хазинанинг ичига тушгандек бўлиб қолардим. Агар мен: “йигирма минг мужаллад китоб ўқиб чиққанман” десам ҳам, муболаға қилган бўлмайман, лекин китоб ўқишда давом этяпман”.
Уламолардан бирлари:
“Агар биз китоб ўқишдан топаётган лаззатни мулкдорлар билсалар эди, уни биздан тортиб олишарди”, – дер эди.
Доноларимиз:
“Китобларни ёқиб юбориш оғир жиноят, бироқ дунёда ундан-да оғирроқ жиноят бор, у – китоб ўқимаслик”, – деганлар.
Асака туман бош имом-хатиби Шаҳобиддин домла Парпиев.