КИТОБ – НАЖОТ ДЕМАК

628

Илм ва илмсизлик орасидаги фарқлаш унчалар қийин эмас. Зеро ҳар икки ҳолатда ҳам кишилар ўзлигини осон намоён қилади. Жумладан бугун, короновирус пандемияси бутун дунёга етарлича ташвиш туғдираётган бир пайтда айрим кимсалар ўзларининг хурмача қилиқлари билан бошқаларга ҳам яхшигина хавф туғдиришмоқда. Шунчаки тараллабедод қилиш учун кўчага чиқаётган, карантин қоидаларини менсимаётган бундай шахслар уйда қолиб, китоб мутолааси билан машғул бўлган юртдошларимиздан ибрат олсалар яхши бўларди. Чунки, китоб ҳамиша, ҳар жойда нажот манбаи бўлиб келган.

Ўзини, қонунларимизни, давлатимиз раҳбари талабларини ҳурмат қиладиган юртдошларимиз тегишли тавсиялар асосида бугун ўз уйида қолиб жамият учун беминнат хизмат қилаётирлар. Бу қатор маърифий тадбирлар, энг асосийси китоб мутолааси жараёнида намоён бўлмоқда.
Ҳозирда мамлакатимизда жорий этилган карантин ҳолатини менсимай кўчада юрган, юрган-да ҳам турли ноўрин қилиқлари билан ўзгаларга ташвиш туғдираётган, пандемия хавфини етарлича ҳис қила олмаётганлар аввалдан китоб ва унинг беқиёс аҳамиятини асло тушунмайдилар. Билимсизлик ўз навбатида уқувсизлик ва бефаросатлик билан бирга турфа кўнгилсизликларга омил бўлади. Бунинг олдини олишнинг йўли ҳам айнан китобга ошнолик демакдир.
Китоб қудратли куч. Уни мутолаа қилишнинг муҳим жиҳатларидан бири бу инсон тафаккурини бойитади. Хоҳ бадиий адабиёт, хоҳ илмий ва ёки диний китоб бўлсин бизни янги оламга олиб киради. Кўтаринки маънавий руҳ, аъло кайфият, бир олам таассурот, завқ-шавқ, илоҳий куч беради. Биласизми, нима учун кўп китоб ўқиш керак? Чунки, китоб ҳамиша, ҳар жойда, ҳар қандай шароитда сизга дўст, ҳамроҳ, ҳимоячи, йўлбошчи бўла олади. Яна бир муҳим жиҳати қанчалар кўп ўқисангиз шунчалар тафаккурингиз бойиб боради. Нафақат борлиқ ва атроф-муҳитни, балки инсон қалбини ҳам тасаввур қилиб, фикрини ўқий оладиган мақомга эришасиз. Бугун бутун дунё тан олган, башарият тамаддунини кўкларга кўтарган буюк аждодларимиз эришган ютуқлар асосида ҳам шу ҳақиқат – тинимсиз мутолаа мужассамжир.
Демак, доимо китобга ошино бўлинг, мутолаани канда қилманг. Чунки, ҳеч қачон, ҳеч қаерда ундан яхши дўст топа олмайсиз. Ҳозир фурсати бор экан, мутолаа билан маънавий озуқа жамғаринг ва эртага одатий турмуш тарзига қайтганимизда у сизнинг ишларингизга ривож, барака беради.

Зиёдулло ИСОМИДДИНОВ,
Бўстон туманидэ

“Абдуназар ота”
масжиди имом-хатиби