Катта Лангар Қуръонининг тарихий аҳамияти

1320

Жорий йилнинг 12-февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг мажлислар залида “Катта Лангар Қуръони ва унинг тарихий аҳамияти” мавзусида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.

Семинарда Қуръони карим инсон ҳаётида тутган ўрни, юртимизда сақланаётган Қуръони каримнинг энг қадимий нусхалари ҳақида кенг маълумотлар берилди.

Хусусан халқимизнинг бебаҳо мероси сифатида қадрланадиган, Ўзбекистон мусулмонлари идораси музей-кутубхонасида сақланаётган VIII асрга оид “Катта Лангар Қуръони” саҳифалари тўғрисида маълумотлар берилди.

Юртимизда Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 24 майда “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида, қадимий ёзма асарларни тарғиб этиш борасида бир қатор илмий-амалий анжуманлар ўтказилаётганлигини, мазкур семинар ҳам шу мақсадга қаратилгани хайрли ишлардан бири эканлиги таъкидланди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари институти, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси, диний таълим муассасалари раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, ЎМИ раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур, Фатво бўлими мудири Хомиджон Ишматбеков, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, ҳаттот Ҳабибуллоҳ Солиҳ ва мутахассис Ғуломжон Холбоев кабилар Катта Лангар Қуръонининг ёзилиш тарихи, матн услублари, ҳошиялари ҳамда юртимизга келиши ва сақланиши билан боғлиқ бўлган нодир маълумотларни етказдилар.

ЎМИнинг Андижон вилояти вакиллиги ходими, 

«Вақф» фонди Андижон вилоят филиали раҳбари Н.Қодиров