XX асрнинг 70-йилларида “ARPANET” номи билан дунё юзини кўрган интернетнинг афзаллик ҳамда имкониятлари XXI асрда янада кенгайди ва у дунё аҳолиси орасида жадаллик билан оммалашди. Ҳар қандай фан-техника ютуқларида бўлгани каби интернетнинг ҳам ижобий томонлари билан бир қаторда салбий жиҳатлари ҳам намоён бўла бошлади. Айниқса, интернетнинг ёшлар қалби ва онгига, хусусан, уларнинг эътиқодига салбий таъсир кўрсатувчи “уруш майдони”га айлангани юқоридаги фикрни қувватлайди. Тарихда ҳам юз берганидек, соф аҳли сунна ақидамизга зид ғояларни тарғиб қилувчи айрим мутаассиб фирқалар бугунги кунда ҳам мавжуд бўлиб, уларнинг қарашлари жамият аъзолари ўртасида носоғлом ақида шаклланишига сабаб бўлмоқда. Айниқса, сохта салафийларнинг интернет тармоқларида тасаввуф, валийлик ва каромат каби тушунчаларни рад этишлари эътиқодимизга зид саналади. Мотуридия таълимотига кўра валийлик ва каромат мавжуд бўлиб, уни аҳли сунна уламоларининг барчаси ўз асарларида алоҳида таъкидлаб ўтган. Маҳмуд Ломишийнинг “Тамҳид” асарида бу борада: “Авлиёларнинг кароматлари аҳли сунна уламолари наздида ҳақдир”, – дейилади. Шунингдек, мазкур мавзуга доир маълумотларнинг аввалида авлиёларнинг кароматларига ҳужжат сифатида Қуръон оятлари ва ҳадислардан далиллар келтириб ўтилади.
“Каромат” сўзи луғатда “иззат-икром”, “қадр-қиммат” маъноларини билдиради. Шаръий истилоҳ сифатида эса каромат деб Аллоҳ томонидан хос бандаларига қилинган иззат-икром каромат дейилади. Каромат – бу ғайри оддий иш бўлиб, Аллоҳ таолони таниш ва унга ибодат қилишга чамбарчас боғлиқ бўлган, пайғамбарлик даъвосидан холи, мўжизадан фарқли бўлган ҳамда Аллоҳ таолонинг чин дўстлари томонидан содир бўладиган ҳодисадир. Бу борада Сўфи Оллоҳёр ҳазратлари шундай дейди: “Каромат улдурки, Худони Китоб йўли бирла таниса, амрига устувор бўлса ва наҳйидин йироқ бўлса, шубҳадин парҳез қилса ва шаҳватдин қочса, андоқ мард(инсон) каромат кўрсатса ҳам, кўрсатмаса ҳам авлиёдир”.
Валий – бу Аллоҳнинг чин дўсти бўлиб, Аллоҳ таолони барча исм ва сифатлари билан таниган, унинг тоати ва зикрида бардавом бўлган, гуноҳлардан ўзини сақлаган, нафси истакларига берилмаган, дунёга муккасидан кетмаган, охират томон юзланувчи кишидир.
Маҳмуд Ломиший “Тамҳид” асарида тарихдаги адашган оқимлардан бири бўлган мўътазилаларнинг авлиёлар кароматларини инкор этишини айтиб, уларнинг: “Агар авлиёларда каромат мавжуд, деб ҳисобланса, унда набийларнинг мўжизалари билан уларни ажратиб олиш мумкин бўлмай қолади. Шунингдек, сеҳргар билан валий, ҳақиқий пайғамбар билан сохта пайғамбарни фарқлаб бўлмай қолади”, – деган қарашларини баён қилади. Кейин эса олим уларга раддия бериб: “Уларнинг бу гумонлари мутлақ нотўғри ҳисобланади. Мўжиза фақат пайғамбарлардан уларнинг рисолат даврларидагина содир бўлиб, бошқа инсонлардан бундай ҳодиса содир бўлиши мумкин бўлмаган ҳолатдир. Валий эса пайғамбарликни даъво қилмайди, чунки у агар бундай даъвони қилса, диндан чиқади. Агар валий пайғамбарни таниб, унга эргашмаса, ҳеч қачон бундай мақомга эга бўлмайди. Валийдан кароматнинг содир бўлиши пайғамбарга эргашиш натижаси ҳисобланади. Чунки Аллоҳ таоло фақатгина Ўзига чин дўст бўлган бандаси – валийгагина каромат ато қилади. Валийлик мартабаси эса дину диёнати тўғри бўлган ҳолда Аллоҳга юзланиш саналади. Шундай экан валийнинг дину диёнати Аллоҳнинг пайғамбарига имон келтирмай туриб тўғри бўлмайди”, – дея таъкидлайди.
Демак, каромат Аллоҳ томонидан унга имон келтирган, юборган пайғамбарига эргашган, дину диёнатли, Аллоҳнинг чин дўстларига бериладиган мақом бўлиб, уни инкор этиш мумкин эмас. Ким агар авлиёларнинг каромати ҳақида шубҳа қилса, бу унинг ақида борасида адашишига сабаб бўлади.
“Мўжиза” сўзи луғатда “ожиз қолдирувчи” маъносини ифодалайди. Истилоҳ сифатида эса, мўжиза – бу Аллоҳ таолонинг пайғамбаридан содир бўлувчи, ўликларни тирилтириш, тоғларни инсонларнинг кўзидан тўсиб қўйиш, ойни иккига бўлиш каби ҳодисалар бўлиб, бу иш баҳслашаётган томонни ожиз қолдириш ва набийликни тасдиқлаш учун содир бўлади. Кароматда эса баҳслашиш, пайғамбарлик даъвоси ва валийликни ошкор қилиш мақсад қилинмайди.
Бизнинг аҳли сунна эътиқодимизга кўра валийлар ҳеч қачон пайғамбар даражасига ета олмайди. Бир пайғамбар барча авлиёлардан афзал саналади. Шу билан бирга пайғамбарлардан содир бўлган мўжизалар ва авлиёлардан содир бўлган кароматларга имон келтириш ҳамда уларни Аллоҳнинг ҳузуридан деб билиш лозим бўлади.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Аҳмад Яссавий, Нажмиддин Кубро, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор Валий, Сўфи Аллоҳёр каби ориф зотлар яшаб ўтган диёрда каромат ва валийлик масаласида бизнинг аҳли сунна эътиқодимизга зид бўлган турли ғаразли фикрларнинг тарқалиши ёшлар орасида нотўғри дунёқарашни шаклланишига олиб келувчи жиддий таҳдид ҳисобланади. Ғоялар кураши авж олган ҳозирги даврда ақидавий таълимотимизни илмий асосда пухта ўрганиш ва изчил тадқиқ қилиб бориш жамият барқарорлигига раҳна солаётган турли ақидапараст оқимларнинг нотўғри қарашларига қарши тура олишда муҳим аҳамият касб этади.
Абдулло Ғуломов, “Саййид Муҳйиддин махдум”
ўрта махсус ислом билим юрти маънавий-
маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари