Ижтимоий тармоқларда “жума табриги”, “Қуръони карим оятлари”, “Пайғамбар алайҳиссалом ҳадислари”, юртимиз уламолари ва имом-домлаларининг мавъизаларини тарқатиш гўёки мумкин эмас, деган мазмундаги асоссиз хабарлар кенг тарқатилмоқда.

   Шунингдек, юртимиздаги расмий диний сайт ва ижтимоий тармоқлардаги маълумотларни мутолаа қилиш ёки улашиш жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида ҳам ваҳима уйғотувчи ёлғон хабарлар кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Таъкидлаш керакки, ижтимоий тармоқларда аҳоли орасида саросимага солувчи шундай нотўғри хабарлар тарқатиш амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарлик келтириб чиқаради.

2021 йил 5 июлдаги “Ўзбекистон Республикасининг Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунига асосан, эътиқод эркинлиги кафолатланган. Шунга кўра, фуқаролар динга эътиқод қилиш, диний расм-русумлар ва маросимларни ўтказиш ҳамда ўз динининг таълимотларини ўрганиш ҳақ-ҳуқуқига эгадир.

Шунга биноан мўмин-мусулмонлар учун зарур бўлган диний масалалар расмий электрон манбалар орқали кенг ёритиб борилмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий веб-сайтлари, масжид-мадрасалар, иқтидорли имом-хатибларнинг сайт ва ижтимоий тармоқ саҳифаларини мутолаа қилиш ҳамда улардаги маълумотларни яқинларига улашиш мумкин, жумладан, жума табрикларини ҳам тарқатишга рухсат этилган. Буларга ҳеч қандай таъқиб йўқ.

Расмий ва етакчи электрон манбалар рўйхатини ушбу ҳавола орқали тақдим этамиз:
https://taplink.cc/kanallar 

Таъкидлаш жоизки, Ислом маърифатини тарқатиш, халқимизга дину диёнатни етказиш ва ёшларни илму маърифатли қилиш зиёлилар, хусусан дин пешволарининг энг муҳим вазифасидир.

Шу мақсадда, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг тизимидаги имом-домлалар томонидан Интернет оламида маънавий-маърифий йўналишларда мунтазам тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилмоқда.

Айниқса, Ўзбекистон мусулмонлари идораси muslim.uz сайтида “Қуръони карим ва тажвид” https://t.me/muslimuzportal/33549, “Илм ва одобга оид ҳадислар шарҳи”, https://t.me/muslimuzportal/31555 турли ваъз-насиҳатлар https://t.me/muslimuzportal/33585. Фатво марказининг fatvo.uz каналида https://t.me/diniysavollar диний савол-жавоблар ва Муфтий ҳазратларининг @Muftiy_Nuriddin_domla https://t.me/+ZgkOZopwJwc3ZWEy каналларида эса руҳий тарбияга оид суҳбатлар мунтазам жойлаштириб борилмоқда.

Хулоса шуки, мўмин-мусулмонларимиз мана шундай расмий, ишончли ижтимоий тармоқлардаги https://taplink.cc/kanallar  диний-маърифий мазмундаги барча маълумотларни мутолаа қилишлари ҳамда яқинларига улашишлари мумкин.

Эслатма шуки, бузғунчи оқимлар ғояларини ўзига жалб этувчи мусиқий оҳанг, фотосурат ёки рамзлар орқали зимдан тарқатишга уринмоқда. Шунинг учун ҳам экстремистик ғояларни ҳар қандай шаклда ҳоҳ жума табриги бўлсин, ҳоҳ бошқача атрибут ёки сурат шаклида бўлсин, уларни тарқатиш, сақлаш ва фойдаланиш қонунан таъқиқланади. Аввалроқ тарқатиш тақиқланган экстремистик сайт ва тармоқлар рўйхати https://t.me/muslimuzportal/33478  эълон қилинган эди.

? Шундай экан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси фуқароларни яна бир бор огоҳ ва ҳушёр бўлишга чақиради.

Муносабатни аудио шаклда тинглаш: https://t.me/mp3Muslim/3272 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати