Жума куни байрамми?

913

Кейинги йилларда чет элларда туриб соф исломий таълимотларга фитна аралаштираётган блогерлар кўпайиб кетди. Диний идора тизимида ишлайдиган ходимларга тинимсиз маломат тошларини отаётганларнинг аксари ҳам айнан шулар. Мазҳабимизга хилоф сўзларни айтиб оммани чалғитишмоқда. Уларнинг далиллари нечоғли тўғри?
Зоҳиран қараганда ҳали оятдан, ҳали ҳадисдан далиллар келтиришади. Бироқ ўша далилларнинг муқобилидаги оят ва ҳадисларни яширишади.
Ижтимоий тармоқларда жума куни муносабати билан байрам сифатида табрик қилиш нотўғри эканлиги ҳақида хабар тарқалди. Бунга муносиб бўлмасак-да, озроқ жавоб тайёрладик.
Аввало мунозара ва мубоҳаса тўғрисидаги ҳадисни эслаб ўтамиз.
حدثنا أبو الأشعث أحمد بن المقدام العجلي البصري حدثنا أمية بن خالد حدثنا إسحاق بن يحيى بن طلحة حدثني بن كعب بن مالك عن أبيه قال سمعت رسول الله صلى الله عليه وسلم يقول
من طلب العلم ليجاري به العلماء أو ليماري به السفهاء أو يصرف به وجوه الناس إليه أدخله الله النار (سنن الترمزي)
253 – حَدَّثَنَا هِشَامُ بْنُ عَمَّارٍ قَالَ: حَدَّثَنَا حَمَّادُ بْنُ عَبْدِ الرَّحْمَنِ قَالَ: حَدَّثَنَا أَبُو كَرِبٍ الْأَزْدِيُّ، عَنْ نَافِعٍ، عَنِ ابْنِ عُمَرَ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ:
«مَنْ طَلَبَ الْعِلْمَ لِيُمَارِيَ بِهِ السُّفَهَاءَ، أَوْ لِيُبَاهِيَ بِهِ الْعُلَمَاءَ، أَوْ لِيَصْرِفَ وُجُوهَ النَّاسِ إِلَيْهِ، فَهُوَ فِي النَّارِ» (سنن بن ماجة)
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу мазмунда насиҳат қилганлар:
“Кимки олимлар билан рақобат қилмоқ учун ёки аҳмоқлар билан баҳслашиш учун ёҳуд одамларнинг эътиборини тортиш учун илм истаса, у кимсани Аллоҳ дўзахга киритгай”. (Каъб ибн Моликдан Термизий ривояти)
“Кимки аҳмоқлар билан баҳслашиш учун ёки олимларга мақтаниш учун ёки одамларнинг эътиборини тортиш учун илм истаса у дўзахдадир”. (Абдуллоҳ ибн Умардан Ибн Можа ривояти)
Мазкур насиҳат сабабидан баҳс-мунозараларга кўп ҳам аралашишни истамас эдим. Бироқ яқинда бир қадрдон биродарим жума кунининг байрамлиги ва шу кунда мўминлар бир-бирларини табриклашлари ҳақидаги ихтилофни тақдим этди ва шунга жавоб ёзишни таклиф қилди.
Аввалига унчалик ҳам қаттиқ эътибор бермадим. Сабаби бундай ихтилофлар кўп. Айнан бизга тақдим қилинган ихтилоф соҳиби илм эгасига ўхшамади. Лекин дўстим қайтадан алоқага чиқиб қаттиқроқ талаб қилди ва бу ишни Аллоҳ учун қилишимни ҳам эслатиб ўтди.
Бу тўғрида бир қанча далиллар тўпладим. Ҳаммасини тақдим қилишим қийин. Биргина имом Бухорийнинг “Саҳиҳ”ларидан олган ҳужжатларим 20 саҳифа бўлди. Бу яна таржима қилинмаган арабча матнларнинг ўзи. Боз устига озгина фурсатда топганларим.
Бизга нотаниш бўлган кимсанинг сўзларини сўзамоллик билан инкор этсак ҳам бўлар эди, лекин мақсад баҳсда ғолиб бўлиш эмас, балки ҳар бир фикр учун далил келтириш.
Шунинг учун қисқача далилларни тақдим этмоқчимиз.
Аллоҳдан тўғри йўл ва ҳидоят сўраймиз.

Улуғбек қори Йўлдошев

Асака тумани

“Холид ибн Валид”

жоме масжиди ходими