Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам озод қилган Савбон розияллоҳу анҳу шундай ривоят қилади: “Кумуш ёки олтин йиғиш билан боғлиқ оят нозил қилинган пайтда одамлар: “У ҳолда қайси молни тўпласак бўлади?” дея бир-биридан сўради. Шунда ҳазрат Умар: “Буни мен сўраб билиб, сизга хабар бераман!” деди ва дарров туясига миниб кетди. Мен ҳам унинг ортидан бордим. Ҳазрат Умар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига бориб сўради:
– Ё Расулуллоҳ, қайси молдан йиғинайлик?
– Ҳар бирингиз шукрона айтган бир қалб, зикр қиладиган тил, охират ишингизга ёрдам берадиган мўмина аёлга уйланинг, шуни жамлашга ҳаракат қилинг, дея марҳамат қилдилар”.
Абу Умома розияллоҳу анҳу шундай ривоят қилади: Ҳазрат Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўмин киши Аллоҳга тақводан кейин энг зиёда солиҳ завжасидан хайр кўради. Назар солса уни хурсанд қиладиган, амр қилса унга итоат қиладиганини ва ўз жонидан ва молидан эри ёқтирмайдиган нарса ила унга хилоф қилмайдиган аёл афзалдир”, дея марҳамат қиладилар.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу шундай ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аёлларга ҳуснлари учун уйланманглар, ҳуснлари уларни ҳалок қилади. Уларга моллари учун уйланманглар, балки мол-дунёлари уларни ҳаддан ошириб юборар. Лекин уларга динлари учун уйланинглар, ҳатто бурни тешилган, қора чўри (тақводор) бўлса, ўша (тақводор аёл диндор бўлмаган ҳур аёллардан) афзалроқдир”, дея марҳамат қиладилар.
Лутфуллохон домла Жахонгиров
Хўжаобод тумани ” Эркабой девона” жоме масжиди имом хатиби