Аллоҳга шукрлар бўлсинки, юртимизда коронавирус туфайли жорий қилинган карантин ҳолати анча енгиллади. Дунёнанинг бошқа мамлакатлари билан таққослаганда юртимиздаги эпидемия ва пандемия ҳолатлари анчагина енгил ҳолатдалиги кўринади.
Карантин қоидаларига риоя қилган ҳолатда масжидларимиз намозхонлар учун ўз фаолиятини давом эттириб келмоқда. Чўлу-биёбонда қатра сувга ташна бўлган йўловчи каби халқимиз ҳам жамоатни соғиниб қолган эди.
Лекин шундай чанқоқлик даврида ҳам хиссиётларимизни жиловлаб, карантин қоидаларига риоя қилишимиз зарур бўлади. Бу эса масжидларимиз фаолиятининг бардавом бўлишига сабаб бўлади.
Шундай экан атрофимиздаги инсонларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатган ҳолда карантин қоидаларига риоя қилайлик. Аллоҳнинг байтларида йиғлаб дуо қилайлик, шоядки инсониятнинг бошидан бу синов кўтарилса.
Жамоат намозининг фазилатлари ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Жумладан:
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُما أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ صَلاةُ الْجَمَاعَةِ تَفْضُلُ صَلاةَ الْفَذِّ بِسَبْعٍ وَعِشْرِينَ دَرَجَةً (متفق عليه(
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Жамоат намози ёлғиз ўқилган намоздан йигирма етти даража ортиқ бўлади», деганлар.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ صَلاةُ الرَّجُلِ فِي الْجَمَاعَةِ تُضَعَّفُ عَلَى صَلاتِهِ فِي بَيْتِهِ وَفِي سُوقِهِ خَمْسًا وَعِشْرِينَ ضِعْفًا وَذَلِكَ أَنَّهُ إِذَا تَوَضَّأَ فَأَحْسَنَ الْوُضُوءَ ثُمَّ خَرَجَ إِلَى الْمَسْجِدِ لا يُخْرِجُهُ إِلا الصَّلاةُ لَمْ يَخْطُ خَطْوَةً إِلا رُفِعَتْ لَهُ بِهَا دَرَجَةٌ وَحُطَّ عَنْهُ بِهَا خَطِيئَةٌ فَإِذَا صَلَّى لَمْ تَزَلْ الْمَلائِكَةُ تُصَلِّي عَلَيْهِ مَا دَامَ فِي مُصَلاهُ اللَّهُمَّ صَلِّ عَلَيْهِ اللَّهُمَّ ارْحَمْهُ وَلا يَزَالُ أَحَدُكُمْ فِي صَلاةٍ مَا انْتَظَرَ الصَّلاةَ (متفق عليه(.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса шундай деганлар:
«Кишининг жамоат билан ўқиган намози уйида ёки бозорида ўқиган намозидан йигирма беш марта ортиқ бўлади, сабаби агар у таҳорат олса ва таҳоратини мукаммал қилса, сўнг фақат намоз қасди билан масжидга чиқса, ҳар бир босган қадами баробарида унинг даражаси кўтарилиб бораверади ва ўшанин баробарида хатоси ўчирилади. Агар намоз ўқиса, модомики намозгоҳида турар экан, фаришталар унга: “Эй Аллоҳ, уни Ўзинг мағфират қил, унга Ўзинг раҳм қил”, деб дуо қилиб туришади. Биронтангиз намозни кутиб ўтирар экан, намозда тургандай бўлади», деганлар. (мазкур икки ҳадисни имом Бухорий ва Муслимлар ривоят қилган)
عَنْ أَبِي الدَّرْدَاءِ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ مَا مِنْ ثَلاثَةٍ فِي قَرْيَةٍ وَلا بَدْوٍ لا تُقَامُ فِيهِمْ الصَّلاةُ إِلا قَدْ اسْتَحْوَذَ عَلَيْهِمْ الشَّيْطَانُ فَعَلَيْكَ بِالْجَمَاعَةِ فَإِنَّمَا يَأْكُلُ الذِّئْبُ الْقَاصِيَةَ (أخرجه أبو داود(.
Имом Абу Довуд Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
«Бирон қишлоқда ёки саҳрода учта мусулмон бўлса-ю, ичларида (жамоат билан) намоз ўқилмаса, шайтон уларга ғолиб бўлиб олади. Жамоатни лозим тутингиз, чунки бўри ҳам подадан четланган қўйни ейди», дедилар.
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бизларга яна имкон берди. Бас, шундай экан бу улуғ неъматни қадрлайлик. Ассалому алайкум.
Улуғбек домла САТТОРОВ,
Марҳамат тумани “Обиджон Ботиров”
жоме масжиди имом-хатиби