Жамиятни ҳар томонлама ривожлантириш ҳар бир мамлакат олдида турган асосий вазифалардан бири ҳисобланади.
Бугунги кун раҳбари, энг аввало, халқ сайлаган ва ишонч билдирган мамлакат Президентининг, унинг бошқарув сиёсатини жойларда амалга оширадиган вакили ҳисобланади. Шу сабабдан ҳам, бугун жамоатчилик, биринчи навбатда, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларига қараб давлат органларига, Ҳукуматга, мамлакат Президентига баҳо берилади.
Шу сабабдан ҳам ҳар бир давлат органи ва ташкилоти фаолияти самарадорлиги унинг очиқлиги, шаффофлиги, коррупцияга қарши муросасиз муносабати билан белгиланмоқда.
Бугунги кунда ҳар бир ташкилот фаолиятининг асосий мезони ушбу ташкилотда коррупцияга қарши кураш масаласига боғлиқ. Ҳозирда ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқлар ҳар қачонгидан фаол иш олиб бормоқда. Глобаллашув даврининг юқори суръати (темпи) ҳар қандай воқеа-ҳодисани нафақат бир мамлакат, балки бутун дунё бўйлаб қисқа фурсатда тарқалишини таъминламоқда. Бу эса у ёки бу ташкилот фаолиятига оид бирор салбий ҳодиса, айниқса коррупция ҳолатини яширишнинг имкони йўқлигини билдиради.
Ҳозирги вақтда оммавий ахборот воситаларида “коррупция” ибораси кўп қўлланилмоқда. Бу сўзни фуқароларимиз ўзаро мулоқотда қўллайдилар ва бу сўз кундалик нутқда ҳам қулоғимизга тез-тез чалинадиган бўлиб қолди.
Ўрни келганда коррупция тушунчаси хусусида тўхталиш жоиз. Коррупция (лотинча “сorruptio” — порага сотилиш, айниш, таназзул) — мансабдор шахснинг бойиш мақсадида, ўз мансаби билан боғлиқ ваколатларини суиистеъмол қилишдан иборат жиноятдир.
Бу каби жиноятларни олдини олиш мақсадида қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинмоқда. Жумладан, 2019 йил 27 май куни “Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент Фармони имзоланган эди.
Ушбу Фармонда коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари сифатида қуйидагилар назарда тутилган:
биринчидан, давлат хизматчиларини танлов асосида саралаб олиш, лавозимга тайинлаш ва юқори лавозимларга кўтаришнинг шаффоф тартибига асосланган давлат хизмати тизимини шакллантириш, улар учун чекловлар, тақиқлашлар, рағбатлантириш чоралари ҳамда коррупциянинг олдини олиш бошқа механизмларининг аниқ рўйхатини белгилаш;
иккинчидан, давлат хизматини ўташда манфаатлар тўқнашувини ҳал этишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш;
учинчидан, коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар берган шахсларни ҳимоя қилишнинг самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий этиш;
тўртинчидан, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни кучайтириш;
бешинчидан, давлат органлари ва ташкилотларининг ҳисобдорлиги ва фаолиятининг шаффофлигини ошириш;
олтинчидан, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари фаолиятининг чинакам эркинлигини таъминлаш ва уларни коррупцияга қарши чораларни тайёрлаш, ўтказишда ва ижросини мониторинг қилишда иштирок этишга жалб қилиш.
Коррупцияга оид жиноятлар пора олиш, пора бериш жиноятларини ҳам назарда тутади.
Муқаддас динимиз ҳам жамиятдаги бошқа салбий иллатлар қаторида бу каби порахўрлик ҳолатларини қаттиқ қоралайди.
Аллоҳ таоло бақара сураси, 188-оятида шундай марҳамат қилади:
«Мол-дунёларингизни ораларингизда ноҳақ – ҳаром йўллар билан емангиз!
(Яъни, бир-бирингизнинг ҳаққингизни еманг!) Ва (гуноҳ қилаётганингизни) билиб туриб, одамларнинг молларидан бир қисмини гуноҳ – ҳаром йўллар билан ейиш учун (молларингизни пора қилиб) ҳокимларга узатманг!».
Яъни, бошқаларнинг ҳаққини сизларга ўзлаштириб беришлари учун ҳокимларга пора берманглар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳукмда пора берувчини ҳам, пора олувчини ҳам лаънатладилар» (Термизий, Ибн Ҳиббон, Ҳоким ривояти).
Яна бир ривоятда: «Ўртадаги кишини ҳам», дейилган.
Мана азизлар, пора борасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уч тоифани лаънатладилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳнинг лаънати бўлсин!», дейишлари нимани англатади? Бу ўша лаънатланган инсоннинг охирати куйди, дегани. Қиёмат кунида ҳам, бу дунёда ҳам уни бу мушкул аҳволдан қутқарувчиси йўқ дегани.
Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
«Ана ўшалар Аллоҳ лаънатлаган кимсалардир. Кимни Аллоҳ лаънатлаган бўлса, унга (ҳеч қандай) ёрдамчи топа олмайсиз».
Порахўрликка қарши курашиш жамиятнинг ҳар бир аъзосининг бурчидир.
Абу Саид Худрий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Сизлардан бирортангиз инкор этиладиган нолойиқ ишни кўрса, қўли билан қайтарсин, агар бунга қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин. Агар бунга ҳам қодир бўлмаса, қалби билан қайтарсин. Аммо мана шу қалби билан қайтаргани иймоннинг энг заифидир” (Имом Муслим ривояти).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Биродаринг золим ёки мазлум бўлсин, унга ёрдам бер деганларида, қандоқ қилиб золимга ёрдам бераман дейилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Зулмини даф қилиб монеълик қилишинг ана шу ёрдамдир”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Хавлат бинт Амир розияллоҳу анҳодан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Баъзи бир одамлар Аллоҳнинг мулки (жамоат пуллари)га хиёнат қилади. Қиёмат куни улар жаҳаннамга равона бўлишади”, дедилар. (Имом Бухорий ривояти).
Порахўрлик қанчалик ёмон иллат эканини ҳамма яхши билади. Ҳаммадан ҳам кўра бу ишнинг ёмонлигини мусулмонлар яхши биладилар. Чунки, бу иш улар учун нафақат бу дунёга, балки, охиратга ҳам тегишли масаладир. Аммо, минг афсуслар бўлсинким, кўпгина жамиятларда инсонлар порахўрлик балосидан жафо чекмоқдалар.
Кўриниб турибдики, коррупция, хусусан порахўрлик жиноятлари жамиятни таназзулга олиб келадиган, жамият аъзолари ва давлат органлари ўртасида норозилик келтириб чиқарадиган салбий иллатдир.
Аллоҳ таоло шу азиз юртда истиқомат қилаётган барчамизни бундай ҳаром йўл билан кун кечиришдан ўзи асрасин!
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо барчамиз самимият билан истиқомат қилмоқдамиз, Аллох таоло буни бардавом қилсин.
Биз фуқароларга кечасию кундузи жон куюктириб ишлаётган Юртбошимиз ва барча раҳбарларни қилаётган диний ва дунёвий ишларига Аллоҳ Ўзи ёрдамчи бўлсин.
Манбалар асосида
Мухаммадкуддус Абдулманнон
Хўжаобод туман
“Етти чинор”
жоме масжиди имом-ноиби тайёрлади.