Масжидларимизда намозлар жамоат бўлиб, карантин қоидаларига риоя қилинган ҳолатда ўқилар экан, Аллоҳнинг ердаги байтларида сажда қилиш, кўпчилик бўлиб дуога қўл очиш қанчалик улуғ имкон эканлигини бугун ҳар қачонгидан ҳам теранроқ ҳис қилмоқдамиз.
Бугунги кунларда барча мўминларга бу улуғ неъматнинг қадрига етишга чорлагимиз келади. Зеро бу жамоат Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг мерослари эмасми?
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу Мадина бозорининг ёнидан ўтаётиб тўхтади ва:
- Ҳой бозор аҳли! Нега қараб турибсизлар?
- Нима гап, эй Абу Ҳурайра? – дейишди одамлар.
- Масжидда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мерослари тақсим қилиняпти. Сизлар эса бу ердасизлар! Бориб ўз тегишиларингизни олмайсизми?
Одамлар шошилиб чиқиб кетишди. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу токи улар яна қайтиб келгунларига қадар жойларидан жилмай турдилар. Сўнг:
- Нима бўлди? – деб сўради.
- Эй Абу Ҳурайра, масжидга бордик. Кириб қарасак тақсимланадиган ҳеч нарсани кўрмадик-ку? – дейишди бозорчилар.
- Масжидда ҳеч кимни кўрмадингизми? – сўради Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу.
- Кўрдик. Одамлар баъзилари намоз ўкимоқда, баъзилари Қурон қироат қиляпти, яна бошқалари ҳалол ва ҳаромни зикр қилишмоқда, – дейишди.
- Ҳолингизга вой бўлсин! Ўша-да – Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мерослари! – деди Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу.
Аллоҳ таоло бизларга Ўзининг марҳамат эшикларини аввалгидан ҳам кўра кенг очиб қўйган бўлса-да, шу буюк неъмат ҳаммага ҳам насиб қилавермас экан, балки Ўзи ҳидоят қилсагина киши масжид эшикларини очишга қодир бўлар экан. Йўқса рўпарасидаги раҳмат эшигига бир қадам босиб киришдан ҳам маҳрум бўлади.
Етар раҳмат суйи кўк кавкабина,
Етишмас қатрае гумроҳ лабина.
Норбўтаев Турсунали.
Асака тумани “Ҳолмадодхоҳ”
жоме масжиди мутаваллиси