Истиқлол – неъматлар султони

813

Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамду санолар, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду саловатлар бўлсинки, Парвардигор барчаларимизни тинчлик ва хотиржимликда, бағри бутунликда, Ўзбекистондай жаннатмаконда истиқомат қилишликни насиб айлади.                                                                                                                                                                                                                                                                                                 Маълумки, азал-азалдан ўзбек халқи меҳмондўстлиги, бағри кенглиги ва меҳру оқибати билан дунёга донг таратган. Аллоҳни назари тушган жаннатмакон юртимиз Истиқлолга эришгандан сўнг эса, мамлакатимизда қисқа давр ичида асрга татигулик ишлар амалга оширилди. Айниқса, ёшларимиз Истиқлол шарофати ила хукуматимиз раҳнамолигида турли чет мамлакатларга бориб, илм олишга, малакаларини оширишга муваффақ бўлиб, ўз мутаҳассисликлари бўйича мамлакатимиз ривожи йўлида ҳар турли соҳаларда меҳнат қилмоқдалар.

Маҳалламизда кўп фарзандли бир оила истиқомат қилади, – дея сўз бошлади бир киши суҳбатларимиздан бирида. Хонадон соҳиби ҳалол меҳнатлари орқали болаларига чиройли тарбия бериб, уларни оёққа турғазди, ўқитди, илмли, касб-корли қилди. Айрим кимсалар каби, вақтинчалик машаққатларни деб ҳали балоғатга етмаган ўсмир болаларини ёлғиз ташлаб, хорижга мўмай пул топиш мақсадида кетиб қолмади. Ҳеч қачон фарзандларини назоратсиз қолдирмади, аксинча, болаларининг ҳар бир қадамидан огоҳ бўлди, яқин дўстлари билан танишиб, кимлар билан улфатчилик қилаётганини суриштириб турди.  Ҳуллас, бола тарбияси оила бошлиғи учун биринчи галдаги вазифа эканини қалбдан ҳис этиб турди. Мана, эндиликда фарзандларининг роҳатини  кўриб,  элдан раҳмат олиб, муҳими фаровонликда, тўкин дастурхон атрофида дилбандларининг ҳаққига дуо қилиб умр гузаронлик қилмоқда. Агар мамлакатимизда тинчлик бўлмаганида ўқиб-ўрганиш, файзли дастурхон атрофида йиғилиб, оила даврасида ўтириш кўнгилга сиғармиди? Албатта, йўқ. Демак, юртимиздаги тинчлик қадрига етишимиз, эл осойишталиги йўлида хизмат қилишимиз ўринлики, бу борада Аллоҳ таоло ўз каломида марҳамат қилади: Роббингиз томонидан берилган неьматларга шукр келтирсангиз, албатта сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта азобим шиддатлидир (Иброҳим сураси, 7-оят).                  Дарҳақиқат, Ислом дини тинчликка, ростгўйликка, адолатга ва доимо шукр қилишликка ундайди. Шу боис, Ватанимиз хур ва озодлигининг бардавомлигига барчамиз жамиятга соғлом фикрли фарзандларни камолга етказиб бериш орқали, шунингдек, қўл меҳнатимиз билан, ақл меҳнатимиз билан, ширин сўзимиз билан, кексаларимиз эса, хайрли дуолари билан ҳисса қўшишимиз, беминнат хизмат кўрсатишимиз лозим.

Илоҳим, Мустақиллигимиз абадий бўлсин, Истиқлол қуёши юртимизда порлайверсин. Зеро, Истиқлол-неъматлар султонидир!             

 

Андижон шаҳар

Хонақо” жоме масжиди имом-хатиби

Шокиров Салимжон