Исломда қўшничилик

945

Барчамизга маълумки бизнинг халқларда қариндош-уруғчилик, маҳаллачилик, қўшничилик каби алоқалар қадимдан ривожланиб ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган.

Ислом дини бу тўғрисида ҳам алоҳида кенг ва батафсил баён қилган.  Ҳеч қайси дин бизниг динимизчалик инсон билан инсон  ўртасидаги муомалаларга алохида эътибор қаратмаган.  Бу масалага оид Қуръонда ва Ҳадисларда жуда кўп буйруқлар, қайтариқлар ва тавсиялар берилган.

Оиша розияллоҳу анҳо онамиз Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламдан  «Жаброил а.с менга қўшнилар тўғрисида шунча кўп тавсия қилдики, ҳатто   мен «уни меросхўр қилармикан» деб ўйлаб қолдим», – деганларни эшитдим» деб ривоят қилганлар. Нофеъ ибн Абдул Ҳорисдан ривоят қилинади:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кенг маскан, солиҳ қўшни ва ёқимли маркаб мусулмон кишининг саодатидандир» – дедилар».

Ушбу ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон кишининг саодатига сабаб бўлувчи нарсалардан учтасини зикр қилмоқдалар. Дарҳақиқат, дунё ҳаётида мана шу  уч нарсага инсоннинг доимий эҳтиёжи тушиб туради. Солиҳ қўшни ҳам бахт саодат омилидир. Қўшни ҳар доим сиз билан бирга, эртаю-кеч. Қўшни билан мулоқотда бўласиз. Аллоҳ асрасин қўшни ҳар куни жанжал қилиб турса, тинчлик, хотиржамлик йўқолади, турли фитналар кўпаяди. Муҳаммад ибн Алидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Ким ўзи тўқ бўлиб, қўшниси қорни оч ҳолида кунни кеч қилган бўлса, менга иймон келтирмаган бўлади»дедилар».

Бир киши ўзига тўқ, шароити етарли, хотиржам бўлиб ўз уйида ётса, бироқ қўшнисининг ҳоли ночор бўлса, бу ҳол ўша кишининг иймони комил эмаслиги, иймонида нуқсони бор экани далилидир. Қўшнига озор етказиш шариатимизда қаттиқ қораланади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Аллоҳга қасамки, мўъмин комил бўлмайди, Аллоҳга қасамки, мўъмин комил бўлмайди, Аллоҳга қасамки, мўъмин комил бўлмайди” (деб уч марта айтдилар). Шунда эй Аллоҳнинг Расули, ким мўъмини комил бўлмайди? деб сўралдилар. Расулуллоҳ с.а.в (сўзларини давом эттириб) “Қўшнисига доимо озор ва ёмонликлар етказадиган кимса”, дедилар, (Муттафақун алайҳ).  Имом Муслим ривоятида эса “Қўшниси унинг озор ва ёмонликларидан  омонда бўлмайдиган яъни, қўшнисига ёмонлик ва озор берадиган  кимса жаннатга кирмайди”дейилгандир. Муҳаммад ибн Алидан ривоят қилинади:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ўзи тўқ бўлиб, қўшниси қорни оч ҳолида кунни кеч қилган бўлса, менга иймон келтирмаган бўлади» – дедилар».

Бир киши ўзига тўқ, шароити етарли, хотиржам бўлиб ўз уйида ётса, бироқ қўшнисининг ҳоли ночор бўлса, бу ҳол ўша кишининг иймони комил эмаслиги, иймонида нуқсони бор экани далилидир. Ушбу ҳадислардан келиб чиқадики Исломда қўшнининг ҳаққи нақадар улуғланиши, мўмин-мусулмонларнинг инсонларга бўлган меҳр-оқибати, муруввати, очларнинг қорнини тўйдиришга ҳаракат қилишлари, бир-бирларига ҳамиша ғамхўр бўлишлари кераклигини билиб оламиз. Ислом динида қўшничиликка бир қанча тавсиялар берилган. Жумладан, улар билан ҳар кунги салом-аликни канда қилмаслик, кўришганда ҳам худди яқин қариндошлардай сўрашиш, ўзини салгина пастроқ тутиб муомила қилиш, иложи борича камтар бўлиш, яхши таомидан қўшнисига ҳам бериш, қўшнисига озор бериши мумкин бўлган гап-сўз ва хатти-ҳаракатлардан ўзини тийиш ҳам тушунилади. Зеро ҳалқимизда «узоқдаги қариндошдан ёнингдаги қўшни яхши», «қўшнинг тинч – сен тинч» ва яна “ховли олма қўшни ол” деган  чиройли ибора ва мақоллар бор.

Аллоҳ барчаларимизга қўшниларимиз билан яхши муомалада бўлмоқлигимизни насиб қилсин.

Андижон шаҳар

“Холиқбердибой” жоме масжиди

имом хатиби Улуғбек Назиров