Исломда фарзанд тарбияси

946

Исломда болалар тарбияси ота-онанинг энг масъулиятли ва узоқ давом этадиган бурчларидан биридир. Бошқа бурчлар баъзи ишларни қилиш ёки мулкни сарфлаш билан охирига етади. Аммо тарбия масъулияти узлуксиз давомий бўлади. Зотан, ота-онанинг фарзанд неъматига ҳақиқий шукрлари ҳам айнан тарбия масъулиятини шараф билан адо этиш орқали юзага чиқади. Шукрнинг амалий кўриниши берилган неъматни неъмат берувчи Зотни рози қиладиган тарзда тасарруф қилиш билан бўлади. Бинобарин, фарзанд неъматига амалий шукр қилиш ўша фарзандни Аллоҳ таолога итоат қиладиган банда қилиб тарбиялаш билан юзага чиқади. Фарзанд тарбиясида ота-онанинг ўрни қанчалар катта эканини қуйидаги оятдан билиш мумкин:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا قُوا أَنفُسَكُمْ وَأَهْلِيكُمْ نَاراً
Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг. (Таҳрим/6).
Аҳл деганда кишининг қарамоғидагилар тушунилади. Фарзандлар эса ота-она қарамоғидагиларнинг аввалги сафидан жой оладиган аҳлларидир. Аҳлларни оловдан сақлаш уларнинг тарбиясини суннатга мувофиқ қилиш билан адо бўлади. Демак, Аллоҳ таоло шу оят билан фарзандларимиз тарбиясига жиддий аҳамият беришга буюрмоқда.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳам фарзанд тарбиясига доир кўплаб муҳим ҳадислар бор. Жумладан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳадисларида шундай марҳамат этганлар:
لأن يؤدب الرجلُ ولده خيرٌ من أن يتصدق بصاع
Киши ўз фарзандини тарбия қилиши бир соъ тилло садақа қилгандан кўра, яхшироқдир. (Имом Термизий ривояти).
Ҳадисга эътибор қаратадиган бўлсак, фарзанд тарбиясининг нақадар савоби катта эканига шоҳид бўламиз. Бир соъ бугунги ўлчовимизда салкам 4 кг га тўғри келади. Шунча вазнли тилланинг қийматини ўзингиз ҳисоблаб кўраверинг. Фарзандга гўзал тарбия бериш эса, шунча вазндаги тиллани холис Аллоҳ йўлида хайрия қилиб тарқатгандан кўра улуғроқ экан.
Ҳозирги кунда ғарб маданияти таъсирида «одоб»ни маданият дейиш ҳам жорий бўлган. Мисол учун, «овқатланиш одоби» дейиш ўрнига «овқатланиш маданияти» дейилади.
Одоб масаласини инсоният тарихида тўлақонли равишда Ислом бошлаб берган десак, муболаға қилмаган бўламиз. Исломда инсон ҳаётидаги ҳар бир нарсанинг ўз одоби бор. Дунёдаги одобга бағишланган асарларнинг асосини ва кўпчилигини Ислом халқлари вакиллари томонидан ёзилган асарлар ташкил қилади, деган гапда заррача муболаға йўқ.
Аввало тарбия ва одоб масаласида ота-оналарнинг ўзлари болаларга яхши намуна бўлишлари керак. Абдуллоҳ ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйимизда ўтирганларида онам мени чақириб: «Бери кел, бир нарса бераман», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Нима бермоқчисан?» дедилар.
«Мен унга хурмо бермоқчи эдим», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Аммо агар унга ҳеч нарса бермаганингда, сенга ёлғон ёзилар эди», дедилар». Абу Довуд ва Байҳақий ривоят қилишган.
Ушбу ҳадиси шарифда онанинг бир оғиз гапида ҳам бола тарбиясига катта таъсир қиладиган омил борлиги уқтирилмоқда. Одатда оналар фарзандларини гапларига киргиза олишмаса, алдашга ўтишади. Ёлғондан бирор нарса беришни ваъда қилиб, ушлаб олиб, калтаклашга тушишади. Бу ишлари билан улар боланинг тарбиясига зарар етказадилар, уларга ёмон намуна кўрсатадилар. Ҳар бир бола учун унинг ота-онаси дунёдаги энг улуғ кишилар бўлади. Бола ота-онасига тақлид қилади ва улардан ўрнак олади. Боланинг назаридаги ана шу энг улуғ ва ўрнак олишга сазовор инсон уни алдаганидан кейин, болада, мен ҳам шундай қилсам бўлар экан, деган тушунча пайдо бўлиши табиий.
Шунинг учун ҳам ота-она фарзандларига доимо яхши ва гўзал ўрнак бўлишлари лозим. Барча яхши сифатларни намойиш қилиб, барча ёмон сифатлардан узоқда бўлишлари керак. Ота-она болаларига шахсий намуна кўрсатишлари билан бирга, уларга одобларни қунт билан, зерикмасдан ўргатиб боришлари зарур. Чунки ота-онанинг болаларга берадиган нарсалари ичида энг қимматлиси ва зарурийси одобдир.
Фарзанд тарбиясида ота-онанинг зиммасида зарурий нуқталардан яна бири шуки, болани киндик қони тўкилган, улғайган Ватанига садоқатли руҳда тарбиялашдир. Чунки ёш авлодда ўз Ватанига садоқат, муҳаббат каби муқаддас туйғулар шакллансагина ундан келажакда шу ватан учун яхшилик кутиш мумкин. Ватанни севмоқ илоҳий туйғу бўлиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан суннатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳадисларида ўз туғилиб ўсган Ватани – Маккага шундай деганлар:
ما أطيَبُكِ مِن بلدٍ، وما أحبُّكِ إلَيَّ، ولولا أن قومَكِ أخرَجُونِي مِنكِ ما سكَنتُ غيرَك
Сен қандай ҳам ёқимли шаҳарсан! Сен мен учун нақадар маҳбубсан! Агар сенинг қавминг мени чиқариб юбормаганларида сендан бошқа жойни асло маскан қилмаган бўлар эдим… (Термизий ривоят қилган).
Яна бир ҳадисларида эса Расулимиз алайҳиссалом иккинчи Ватанлари Мадина ҳақида шундай деганлар:
“اللهم حبِّب إلينا المدينةَ كحُبِّنا مكة أو أشد
Эй Аллоҳим, бизга Мадинани маҳбуб айла, худдики Маккани маҳбуб айлаганинг каби, балки унданда кучлироқ севимли қил… (Имом Бухорий ривоят қилган).
Бу ҳадислардан маълум бўладики, Ватанни севмоқ, унга садоқатли бўлмоқ, уни яхши кўрмоқ, қадрламоқ, душмандан асраб авайламоқ Пайғамбарларнинг суннати. Чин мўмин ўз киндик қони тўкилган муқаддас заминни севади, фарзандларини ҳам ватанга садоқат руҳида тарбия қилади!

Валижон Сидиқбоев
Андижон шахар бош имоми
“Оқ гўр” жоме масжид имом хатиби