Ислом дини ўз номи билан тинчлик динидир, Ислом таълимотидаги асосий даъватлардан бири инсонларни тинчликка чақириш бўлиб, инсонларни бир бирларига меҳр-мурувватли бўлишга дини, миллати, ирқидан қатъий назар, ўзаро бир-бирларига хурмат кўрсатишга чорлайди. Қуръон каримда шундай баён қилинади: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашманггиз!…” (Бакара, 208).
Ояти каримада “коффатан” яъни ёппасига сўзи тафсир китобларида келтирилишича, мана шу биргина сўз бир жиҳатдан барча инсонлар бирлашган ҳолда тинчлик йўлини тутишлари лозимлигини билдиради ва бошқа жиҳатдан тинчликни барқарорлаштириш учун қайси йўл билан бўлса ҳам ҳисса қўшиш зарурлиги айтиб ўтилган. Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон кишига таъриф бериб шундай деган: “Мусулмон бошқа мусулмонларга тили билан ҳам, қўли билан ҳам озор етказмаган кишидир”. Бундан инсонлар ўзларига етарли хулоса чиқариб, Аллохнинг амру фармонига итоат этган ҳолда ўзаро аҳил ва иноқликда яшашлари даркор бўлади.
Шунинг учун ҳам, мусулмонлар доимо бир-бирларига тинчлик тилаш, яъни саломлашиш билан бошлайдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жаннатга киришга сабаб бўлувчи амаллардан бири саломлашиш зканлигини айтиб: “Эй, инсонлар! Бир-бирларингиз билан овозингизни чиқариб ошкора саломлашинг, муҳтожларга таом беринг, қариндошчилик ришталарини маҳкам боғланг, тунда одамлар уйқуда ётган вақтда туриб ибодат қилинг, шунда жаннатга саломат кирасизлар”, – деганлар (Имом Термизий ривояти). Бош бир ҳадисларида эса: биринчи бўлиб салом берган киши Аллохга махбуброқ эканлиги такидланган, Ҳатто, диннинг устуни бўлмиш намоз ибодатида ҳам салом лафзи мавжудлиги унинг нақадар буюклигидандир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларининг бирида: “Мен ҳаққа моил. бағрикенг бўлган дин билан юборилдим”, – деганлар.
Кўнглида адовати бўлмаган ҳамда жамиятга зарари тегмайдиган кишилар билан яхши муомалада бўлиб, улар билан дунёвий ишларда ҳамкорлик қилиш, шунинг билан бирга тинчлик ишига раҳна соладиган, Ислом дини равнақига зиён етказадиган кишилар билан ҳамкорлик қилмаслик динимиз талабидир: “…Эзгулик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинигиз. Гуноҳ ва адоват йўлида ҳамкорлик қилмангиз! Аллохдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида. 2-оят),
Аллоҳ таоло юртимизни тинчлиги ва осойишталигини барқарор айлаб, халқимиз фаровонлигини бундан ҳам зиёда қилсин!
Избоскан тумани
“Ахмадали хожи” жоме масжиди
имом ноиби Зухридинов Ихволдин