Зулқарнайн қиссаси ҳақида Қуръони Каримнинг “Каҳф” сурасида бир қанча қимматли маълумотлар келган. Ана ўша энг ишончли ва етарли маълумотлардир.
Мазкур қиссадан маълум бўлишича, Зулқарнайн мўмин, мухлис банда бўлган. Ҳатто баъзи уламолар у Пайғамбар бўлган, деган эҳтимолларни ҳам айтганлар.
Зулқарнайннинг шахси, қаерда ва қачон яшагани, борган жойлари, қилган ишлари ҳақида жуда кўп гаплар бор. Турли-туман фикрлар, қарашлар ва таҳминлар ҳам кўп. Улардан айримлари тафсир китобларида ҳам келтирилган. Бу гап-сўзлар қиссачи ва тариҳчи одамларнинг ўрганиб топган маълумотларидир. Уларни ҳеч ким айнан Қуръонда зикр этилган Зулқарнайн ҳақида деб узил-кесил айтолмайди. Айтса ҳам, асоссиз, таҳмин билан айтган бўлади.
Мисол учун, баъзилар: “Қиссадаги Зулқарнайндан мурод македониялик Искандар”, дейишган. Бу гап умуман нотўғри. Чунки, у мушрик одам бўлган, бутларга, юлдузларга сиғинган.
Македониялик Искандарнинг номи (исми) Александр Македонский бўлиб, таҳминан милоддан 330 йил олдин ўтган ва Арастунинг шогирди бўлган. Дунёнинг кўп ерларини ишғол қилган. Форсда уриш олиб борган подшоҳ Дорони енгиб, унинг қизига уйланган.
Зулқарнайннинг Александр Македонский билан чалкаштирилишига асосий сабаб, арабларнинг Александрни арабчалаштириб “Искандар” деб аташлари бўлган, дейди баъзи мутахассислар.
Нима бўлганда ҳам, македониялик Александр Аллоҳнинг ягоналигига ишонган мўмин эмаслигини, кофир бўлганини ҳеч ким рад қила олмайди. Қуръондаги Зулқарнайн эса, мўмин, солиҳ одамдир.
ЎМИнинг Андижон вилояти вакиллиги
ходими Искандарбек Закиров