ИНТЕРНЕТДАГИ ТАҲДИДЛАР

759

Ҳозирги таҳликали замонда интернет тармоғи орқали тарқатилаётган ғаразли маълумотлар, турли бузғунчи ғоялар, одоб-аҳлоқни емирувчи манфур иллатлар ҳар бир онгли кишини ташвишга солиши аниқ.
Ислом таьлимоти бузғунчиликни, одамлар қалбига ваҳима, душманлик ва фитна уруғларини сочишни қаттиқ қоралайди. Маълумки, сўнгги йилларда динни ўзларига ниқоб қилиб олган оқимлар, тоифалар пайдо бўлди. Улар ғаразли мақсадлари йўлида жамиятда бузғунчилик, бегуноҳ одамлар қонини ноҳақ тўкиш каби жиноятларни авж олдириб, фуқаролар тинчлигини бузиб, халқ орасида низо чиқаришга ҳаракат қилишмоқда.
Сарҳадсиз интернет дунёсига кирган шахс вақт, умр ғанимат эканини доимо ёдда сақламоғи лозим. Зеро, бу глобал тармоқ бепоён ҳудудларга эга бўлиб, унда инсон адашиб соатлаб, кунларини самарасиз ўтказиб юбориши мумкин.
Ижтимоий тармоқларда қора ниятдаги гуруҳлар мутасаддилари анкетага киритилган маълумотлар орқали жисмонан соғлом, бақувват, қўлидан иш келадиган, энг муҳими ўзларига маъқул, берилган топшириқни бажара оладиган ишонувчан ёшларни осонгина аниқлаб, ўз таъсирига туширишга уринмоқда.
“Однокласники.ру” сайти ҳозирги куннинг энг глобаллашган ва оммалашган сайтларидан бири сифатида ёшларни ўзига “михлаб” олаётгани ҳеч кимга сир эмас. Турли тоифадаги ғараз ниятли кимсалар сайтдан ўзларининг жирканч мақсадлари йўлида фойдаланаётгани ҳам бор гап. Бунинг аянчли ва хатарли томони шундаки, диний экстремистик ҳаракатлар ва турли тоифадаги ақидапараст оқимлар ўзларининг жирканч ғоя ва мақсадларини шу йўл орқали оммага тарқатишга уринмоқда. Бу ёшларимиз тарбияси, онги ва мафкурасини издан чиқарадиган энг катта хавф эканлигини ҳар биримиз чуқур англаб олишимиз, айниқса, ана шу хавфдан фарзандларимизни асраб-авайлашимиз жуда муҳимдир.
Интернет сайтларида ёшларга кучли таъсир этувчи ахборотларни қуйидагича таснифлаш мумкин.
Биринчи тоифадаги ахборотлар сирасига ёт, бузғунчи ғоялар (диний экстремизм ва террорчилик ғоялари, миллатчилик, ирқчилик, садизм кабилар)ни киритиш мумкин.
Иккинчи тоифадаги ахборотлар эса гарб ҳаёт тарзига хос, ўзбек менталитетига зид одатлар ва кўникмаларни таргиб этади. Бу айниқса, ғарб ёшларининг кийиниши, одатларини тарғиб қилувчи мақолалар, клиплар, фильмларда яққол намоён бўлади.
Учинчи тоифага эса порнографик ахборотларни киритиш мумкин.
Тўртинчи тоифага эса ҳали текширилмаган, ўз исботига эга бўлмаган турли ҳужумкор ахборотларни киритиш мумкин.
Интернет сайтларидан тарқатилаётган бу каби ёт ғоялар ва ахборотларни ёшлар томонидан қабул килинаётганлиги ва унинг оқибатлари жаҳондаги барча мамлакатлари халкини ҳам ташвишга солмокда.
Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун нималар қилишимиз керак? Авввало, интернет тармоқларида диний ақидапарастлик, терроризм ғояларини ёйиш, “оммавий маданият” кўринишларини ёшлар онгига сингдириш, уларнинг турмуш тарзига айлантиришга бўлаётган уринишларга асло бефарқ қарамаслигимиз керак. Қолаверса, ёшларимизни ёт ғоялар таъсирига тушиб қолмасликлари, юқоридаги каби алдовларга кўр-кўрона эргашмасликлари учун уларнинг билим ва тафаккурини бойитиш, интернет маълумотларидан ўринли фойдалана билиш кўникмасини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Ёшларимизда ёт ғояларга, иллатларга қарши маънавий иммунитет, тушунча шаклланмас экан, ахборот хуружлари хавфидан асло қутила олмаймиз.
Ёшларимиз онгини эгаллашга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракатларга, миллий манфаатларимизга рахна солишга, маънавиятимизга тажовуз қилишга, умримиз мазмуни бўлган тарихий хотирамизни бузишга уринаётган ғаразли кучларга карши доимо огоҳ туришимиз даркор. Ана шундагина бизни ҳеч ким, ҳеч нарса ўз танлаган йўлимиздан ортга қайтара олмайди ва биз кўзлаган улуғвор максадларимизга албатта етамиз.
Ахборот хуружлари кучайиб бораётган бугунги кунда огоҳ ва хушёрликни унутмайлик. Биринчи Президентимизнинг “Ғояга қарши ғоя, фикрга қарши фикр, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш керак” деган сўзлари бизга дастуриламал бўлсин. Бу борада эътиборсизлик ёки зарур чораларни кўрмаслик ёшларимиз тарбиясининг издан чиқишига, йиллар давомида тузатиб бўлмайдиган оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигини унутмаслигимиз керак.

Муҳаммадқуддус домла Абдуҳалимов,
“Етти Чинор” жоме масжиди ноиби-имоми
Интернет манбалари асосида тайёрлади.