Бир донишманддан:
“Мурувват нима?” деб сўрадилар. У киши:
“Қариндош-уруғ, дўсту ёрлардан етган жафоларни кечиришдир” деб жавоб берди.
Агар бир дарахтни шоҳлари кесилса, ўрнига янги навдалар кўкариб чиқади. Аммо меҳру муҳаббат, раҳм-шавқат ниҳоли жафо арраси билан арраланса, асло кўкармайди.
Инсоннинг улуғ сифатларидан бири бу кечиримлиликдир. Бу фазилат юксак инсоний аҳлоқ ҳисобланган бўлиб, инсонни комиллик сари етаклайди. Инсонларнинг олийжаноблиги, иззату шарафи унинг кечиримлилигида намоён бўлаши билан бирга унинг мартаба ва даражасини яна ҳам зиёда бўлишига сабаб бўлади.
Алишер Навоий “Ҳайратул аброр” да ҳикоя қилишича, сахий бир подшоҳнинг қули бор экан. Хизмат даражаси баковуллик эди. Кунлардан бир куни базм вақтида фалокат босиб, бир тошга қоқилибди, иссиқ ошни подшоҳнинг бошига тўкиб юборди. Одамлар: “Подшоҳ энди уни ўлдиради, гуноҳига лойиқ жазо шудир!” дейишди.
Шоҳ эса қулнинг хафалигини кўриб, гуноҳини кечирибди ва уни озод қилиб юборибди. Шунда вазир дебди:
– Эй саҳийликда беғараз шоҳ, унга тиғдан бошқа нарса лойиқ эмас эди-ку? Шоҳ завқ қилиб, лутф билан дебди:
– Ҳижолатнинг ўзи уни ўлдириб бўлди. Ҳеч ким ўлган ўликни қайтадан ўлдирмаган, бошига жазо тиғини тортмаган…
Кишининг комиллик сифатларидан бири мулойимлик ва кечиримлилик саналади. Аллоҳ таоло инсонларнинг сурат ва шаклини гўзал қилиб яратган. Агар инсон сийратини, ички дунёсини ҳам чиройли қилса, шунда у улуғ даражаларга етишиши мумкин.
Иймон аҳлидан бўлган мўмин бошқа бир мўмин биродари учун қайғуради, унинг ғамига шерик бўлади, дардига даво топишга уринади. Уни ҳар қандай моддий ва маънавий машаққатлардан қутқаришга ҳаракат қилади.
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
“Сизнинг улуғ ва буюк Парвардигорингиз энг раҳмли, шафқатли ва ниҳоятда сахий Зотдир. Бир инсон яхши, савобли иш қилишни ният қилса, уни амалга ошира олмаса ҳам, бир савоб беради. Агар ниятини амалга оширса, унга ўндан то етти юзгача ва яна ажрларни кўпайтириб беради. Ихлосига қараб, бундан ҳам зиёдароқ қилиб бераверади”.
Яна бир хадисда Убода ибн Сомит (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга:
“Мен сизларга Аллоҳ бандасининг даражасини нима туфайли баландга кўтаришини айтайми?” – дедилар. Саҳобалар:
“Ҳа, айтинг” – дейишди. Шунда Он ҳазратлари:
“Сенга жаҳл қилганга мулойим бўлсанг, зулм қилганни афв қилсанг, сени маҳрум қилганга инъом қилсанг, сендан алоқани узган билан алоқани боғласанг” – деб марҳамат қилдилар.
Бу ҳадисдан кўриниб турибдики, ушбу фазилат инсонни баланд даражаларга кўтарадиган ва Аллоҳга яқин қиладиган амаллардан бири экан. Кечиримли киши ҳасад, туҳмат, таъма ва ёлғондан ҳазар қилади, жаҳолатдан ўзини сақлайди. Агар у жоҳилга дуч келиб қолса, қизишмайди, ғазабига эрк бермайди, гина, кек, адоват сақламайди. Демакки, Исломнинг қанчалик бағрикенг, кечиримлик ва саховатлик дин эканига юқоридаги ҳадиси шарифлар далолат қилиб турибди.
Робия Адавиййа вафотлари яқинлашгач, Ҳасан Басрий ҳазратлари ва шогирдларига шундай васият қилган эканлар: “Авф қилишда иккиланманг, ўзингиздан бошқа ҳаммани кечиринг, лекин ўзингизнинг нафсингизни асло кечирманг. Зеро, у асл душманингиздир! Ҳаммани кечиринг! Албатта, комил инсон бошқаларнинг дўзахда азобланишига сабабчи бўлишга асло рози бўлмайди”.
Демак, кечиримлиликнинг фазилати катта экан. Катталар бу масалада фарзандларимизга ибрат бўлайлик. Биз бир-биримизни авф этсак, болалар ҳам бир-бирларини кечирадилар. Шу орқали яқинлик бардавом этади.
Аллоҳ таоло барчаларимизни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ахлоқи ҳамидалари билан яхши сифатланиб боришга ва мулойим, қаноатлик, кечиримли солиҳ бандалардан бўлишимизга муваффақ айласин!
Отабек домла Хусанов,
Олтинкўл тумани “Жалабек ота”
жоме масжиди имом-хатиби.