Ибодатларимизни қабул бўлишида, дуоларимизни мустажоб бўлишида асосий ўрин тутадиган нарса бу ҳусни хулқдир. Хулқнинг макони қалбдир. Қалб тоза бўлса, унда ҳеч бир фитнага, фисқу фасодга ва адоватга ўрин қолмайди. Кимнинг қалбига Аллоҳ таоло ҳусни хулқ ато этган бўлса, бундай қалб эгаси раҳмдил, кечиримли, мулойим, бошқаларни айбини беркитадиган бўлади. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳ алайҳи васалламнинг ўзлари: “Мен макоримул ахлоқ (яхши хулқлар)ни мукаммал этиш учун юборилганман”, – деганлар. Ҳақиқатан, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом олий даражадаги комил инсон эканларига асло шубҳа йўқ.
Банда ҳатодан ҳоли эмас. Билиб ё билмасдан бир айб иш қилса, уни ўзи ё ўзгалар ошкор қилишлиги жоиз эмас. Зеро, Аллоҳ очмаган пардани очмаган маъқул. Киши биродаридан бир айб ё ҳатони кўрса, уни ислоҳ қилишга, тўғрилашга ҳаракат қилмоғи керак. Бу иш қўлидан келмаса, у айбни яширишлиги яхшидир. Буюк хулқ эгаси бўлган Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан инсонларни айбини яшириш тўғрисида келган ривоятларнинг баъзиларни келтирамиз.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Банда дунёда бир банданинг айбини яширса, Аллоҳ қиёматда унинг айбини яширади” (Муслим ривояти)
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин ўз биродарини айбини кўриб, уни яширса, шу сабабли Аллоҳ таоло уни жаннатга киритади”. (Табароний ривояти)
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким биродарининг айбини беркитса, Аллоҳ таоло қиёмат куни унинг айбини беркитади. Ким биродарини айбини очса, Аллоҳ таоло унинг айбини очади, ҳатто уйини ичида бўлса ҳам шарманда қилади”. (Ибн Можа ривояти)
Авлиёлар султони Хотамул Асом қуддиса сирруҳу бир куни уйларида ўтирсалар бир аёл ўз ҳожатини сўраб кирибди. Шу вақт беҳосдан аёлдан ел чиқиб, таҳорати бузилибди. Улуғ зот ҳалиги аёлнинг айбини яшириб, ҳижолатчиликдан чиқариш учун: “Эй, аёл! Қаттиқроқ гапир!”, дебдилар. Аёл ҳижолатчиликдан чиқиб, “уни қулоғи яхши эшитмас экан”, деб кўнгли жойига тушиб, сўрайдиган нарсасини сўраб кетган экан. Ана шу воқеадан кейин Хотамул Асом ўн саккиз йил гаранг ҳолда яшаган эканлар. Сабаби ҳалиги аёл ўн саккиз йилдан кейин вафот этган экан. Хотамул Асом аёлни вафот этганини эшитиб, гаранг эмасликларини айтганларида, шогирдлари ҳайрон бўлиб: “Устоз, у аёл ҳузурингиздан чиқиб кетганидан кейин асли ҳолингизда турсангиз бўлардику”, дедилар. У зот: “Йўқ. Агар у аёл уйига борганидан кейин мени гаранг эмаслигимни билиб қолса, ҳижолат бўларди” деган эканлар. (“Тазкиратул авлиё” асари)
Инсон ўта меҳрибон, кечиримли ва уларнинг айбларини беркитишдек улуғ фазилат соҳиби бўлишга ҳаракат қилмоғи керак.
Аллоҳ таоло барчаларимизни бандачиликда қилган ҳато-нуқсонларимизни авф этиб, Ўзининг аҳли жаннат бандаларидан бўлишимизни насиб этсин.
Отабек домла Хусанов
Олтинкўл тумани “Жалабек ота” жоме масжиди имом хатиби