Инсон учун бебаҳо бойлик – бу соғлик-саломатликдир.

34

Инсонларнинг соғлом, тана аъзолари бут яратилгани ҳам Парвардигорнинг уларга ато этган неъматларидандир. Инсонлар барча нарсада бўлгани каби касалликдан тезроқ тузалишда, дардларига шифо излашда ҳамиша Аллоҳ таолога муҳтождирлар. Аллоҳ таоло бундай марҳамат этади: “Эй инсонлар! Сизлар Аллоҳга муҳтождирсиз. Аллоҳ эса, албатта,Ғаний (беҳожат) ва Ҳамид (ҳамдга лойиқ Зот)дир”.

Шунинг учун кишилар касаллик ва хасталиклардан сақланиш, саломатликларини асраш ва мустаҳкамлаш учун куч-ғайрат, маблағ ва вақтни аяшмайди. Бунда турли муолажа усуллари, спорт ва бадантарбия машқларидан ҳам, Аллоҳ яратиб қўйган турли шифобахш неъматларни истеъмол қилишдан ҳам, тез-тез шифокор ва табиблар қабулида бўлиб, улардан маслаҳат ва тавсия олиб туришдан ҳам эринишмайди.

Булар бежизга эмас. Ҳаёт ширин, саломат умргузаронлик қилиш ундан ҳам ширин. Бахтли-саодатли турмуш кечириш учун эса инсонга аввало соғлик керак. Ривоят қилинишича, Пайғамбаримизнинг амакилари Аббос (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан дуо ўргатишни сўраганларида, Пайғамбаримиз: “Аллоҳдан афв ва офият тилагин. Зеро, У ҳеч кимга қатъий имон-ишончдан кейин офиятдан кўра афзалроқ неъмат ато этмаган”, деган эканлар. Офият бу – танимиз соғлиги, ризқимиз мўллиги ва турли хавф-хатарлардан омонликдир.

Лекин саломатлик, бойлик ва офиятнинг қадри кўпинча улар ўртадан кўтарилгандан сўнг билинади. Ўз вақтида сиҳат-саломатлигимизнинг қадрига етиб хайрли амаллар қила олмаймиз, ибодатларимизни мукаммал қила олмаймиз. Бойлик келган вақтда унинг шукрини адо қилиш ўрнига, кибр ва манманлик отига минамиз. Набий (алайҳиссалом) айтганларидек: “Икки буюк неъмат борки, кўп одамлар улар борасида алданиб, чув тушиб қоладилар. Улар: сиҳат-саломатлик ва бўш вақтдир”. Шунингдек, кўплаб ҳадисларда ҳар бир инсон ўз тана аъзолари саломатлиги йўлида қайғуриши лозимлиги алоҳида таъкидланган.

Зеро, тананинг соғлом бўлиши ва уни турли касалликлардан сақлаш ҳар бир инсоннинг бурчи ҳисобланади. Ҳозирги кунда қанчалик дори-дармонлар кўпаймасин, тиббий муассаса сифати, шифокорлар савияси, тиббий техника яхшиланмасин, агар инсоннинг ўзи ўз саломатлиги ҳақида қайғурмаса, кутилган натижага эришиб бўлмайди.

Инсон учун бебаҳо бойлик – бу соғлик-саломатликдир. Уни асраш эса ҳар биримизга омонат қилиб берилган. Шунинг учун ҳам инсон ўз соғлигини эҳтиёт қилиши вожиб амаллардан ҳисобланади.

Доно халқимиз “Соғлик – бебахо бойлик” деб бежиз айтмаган. Ақл-идрок соҳиби бўлган инсон ўз ҳаётини қадрлаши лозим бўлади.

Кишилар мунтазам тансиҳатлик, доимий соғлик ҳақида қанчалик қайғуришмасин, бу йўлда нечоғли фидокорлик кўрсатишмасин, ҳар вақт, ҳар қачон батамом саломат бўлишнинг асло иложи йўқ. Бирорта одам ўзини ҳар жиҳатдан “соппа-соғман” деб ҳисоблай олмайди, “менинг ҳеч қандай касалим йўқ”, дея баралла айта олмайди.

Бундан кўриниб турибдики, касалликларнинг келиб чиқиш сабаби кўп бўлса-да, унинг асли фақат бир моҳиятга бориб тақалади. Аллоҳ таоло бандаларини вақти-вақти билан, баъзиларни эса бир умрга турли хасталиклар, аъзоларнинг майиб-мажруҳлиги ёки етишмовчилиги билан имтиҳон қилиб туради. Айниқса Ўзи суйган бандаларига дард ва хасталикни, оғриқ ва беморликни кўпроқ беради. Расулуллоҳ (алайҳиссалом) марҳамат қилиб айтадилар: “Аллоҳ кимгаки яхшиликни истаса, унга мусибат беради”. Яна бир ривоятда: “Мўминга нимаики касаллик, машаққат, ташвиш, қайғу ва озор етса, ҳатто унга тикан кирса ҳам, албатта, Аллоҳ шу сабабли унинг гуноҳларини ўчиради (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Ушбу ривоятлардан бизларга етадиган касалликлар мутлақ зарар эмас, балки фойдамизга бўлиши очиқ-ойдиндир. Чунки касаллик туфайли мусулмон киши ўзининг ожизу нотавон бир банда эканлиги, ҳар лаҳзада Аллоҳнинг иноятига муҳтож экани ёдига тушади. Аллоҳга илтижо қилиб, шифо ва енгиллик сўрайди. Сабр қилади. Натижада кўп яхшиликларга эришади. Шундай экан бирор касалликка чалинган кишилар ранжимасдан, жазавага тушмасдан буни Аллоҳнинг синови ва неъмати деб билишлари мақсадга мувофиқдир.

Олтинкўл тумани «Жалабек ота» жоме масжиди имом-хатиби Отабек Хусанов.