Аллоҳ таоло ўзининг сўнгги пайғамбарини юборган вақтда ер юзида қулдорлик тузуми авж олган бир пайт эди. Ислом дини инсонни ҳур яратилганлигини таъкидлаб, уни тугатиш чораларини кўрди. Қул озод қилишни савоб даражасига кўтарди, бунинг устига тез-тез такрорланувчи турли хил хато ва гуноҳ ишларнинг каффоратига қул озод қилишни буюрди. Масалан, қасамни бузиш, фарз рўзасини билиб туриб бузиш кабилар. Пайғамбаримиз (с.а.в.) “Ким бир мўмин қулни озод қилса, Аллоҳ таоло унинг ҳар бир аъзоси учун бунинг аъзоларини дўзахдан озод қилади”, деб марҳамат қилдилар.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) қудсий ҳадисларида:
“Аллоҳ таоло: “Уч киши борки, мен уларга қиёмат куни хусуматчиман. Менинг номимдан (аҳд) берадиган ва кейин хиёнат қиладиган киши. Ҳур кишини сотиб пулини ейдиган киши. Мардикор ёллаб, уни ишлатиб ва ҳаққини бермаган киши”, деди” (Имом Бухорий ривояти).
Бу ҳадисда Аллоҳ таоло қиёмат куни уч кишига раҳмат назари билан қарамаслиги ва улар билан хусумат қилиши баён қилинмоқда. Аллоҳ таоло ким билан хусумат қилса, албатта, уни енгади. Улар ичида ҳур кишини сотиб, уни ҳурликдан маҳрум қилиб, қулликка солган киши ҳам бор. Бу жуда катта гуноҳдир. Ўткинчи мол-дунё учун ватандошларини, қишлоқдошларини ва ҳатто қариндошларини сотишдан қайтмаётган кишилар, юқоридаги ҳадислардаги маъноларни бир зум тафаккур қилсалар кифоя. Зеро, ҳалолдан касб қилиб, касбидан барака топаётган инсонлар жуда кўп.
Олтинкўл туман “Муҳаммадраҳим ҳожи” жоме масжиди имом хатиби И.Мадумаров