Имом-хатиблар тадбирда

891

Аллоҳ талонинг иродаси билан дунёга келган ҳар бир инсон миллати, тили ва динидан қатъий назар, бу дунёда бахтли-саодатли яшагиси келади. Бундай юксак орзуга етишишнинг шарти ва гарови бўлган омиллар жуда кўп. Улар орасида ҳаётимизга маъно-мазмун берадиган, уни янада ёруғ ва фойдали қиладиган бир омил борки, у ҳам бўлса, инсоннинг ўз оиласидир. Оила жамиятнинг асоси ҳисобланади. Оила мустаҳкам бўлса, жамият, мамлакат ҳам мустаҳкам ва барқарор бўлади. Оила қўрғонининг пойдевори, унинг мустаҳкам қалъаси, эр-хотинни маҳкам боғловчи ришта – никоҳдир. Никоҳ инсонлар жамиятида энг муқаддас битим ҳисобланади. Чунки, оила қуриш, эр-хотиннинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя этиш, инсон наслининг давомийлигини таъминлаш, ёш авлодни тарбиялаш ва ҳаётда ҳалол-ҳаромни ажратиш каби муҳим масалаларнинг ҳаммаси шаръий никоҳга боғлиқдир. Шунинг учун динимиз оилани никоҳ асосида қуришга алоҳида аҳамият беради. Аллоҳ таолонинг эр-хотин жуфтлигини яратишдан иродаси ҳам инсон наслини кўпайтириб, ер юзини обод қилиш эди.
Бу ҳақда Қуръони каримда марҳамат қилинади: «Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун ўғиллар ва набиралар пайдо қилди ва сизларни пок нарсалардан ризқлантирди….» (Наҳл-72).
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бир ҳадисларида: «Никоҳ менинг суннатимдир, ким суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмас» (яъни умматимдан эмас) деганлар.
Юртимизда эса оила мустаҳкамлиги борасида жуда кўп хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада эса турли хил семинар-учрашувлар ҳам ташкил қилинмоқда.
Жорий йилнинг 27 июнь куни ҳам “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Андижон виллояти бошқармаси ва “Олима” уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида “Соғлом ва фаровон оилани ривожлантиришнинг маънавий-ахлоқий, ижтимоий демографик муаммолари” мавзусидаги Республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.

Ушбу тадбирда Олтинкўл тумани бош имом-хатиби Муҳаммад Юсуф домла Тўрақулов ҳам “Ислом динида оилага муносабат” мавзусидаги маърузаси билан иштирок этди.

М.Тўрақулов – Олтинкўл тумани бош имом-хатиби