Яратганга беҳад шукрлар бўлсинки, юртимизда Истиқлол байроғи остида халқимизнинг юрт равнақи йўлидаги азалий истакларини рўёбга чиқа бошлади. Бу, албатта, ўз-ўзидан бўлиб қолмайди. Давлатимиз раҳбари бошчилигида жамият ҳаётининг барча жабҳаларида олиб борилаётган ислоҳотларнинг туб моҳияти, энг аввало, инсон манфаатига қаратилган бўлиб, уларнинг негизида фаровон турмуш, илм-фан равнақи, юксак маънавий-ахлоқий, илмий-ижодий салоҳиятни янада юксалтириш ва ривожлантириш ётади.
Бугун шу мақсадда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар, эришилаётган ютуқлар мақтовга лойиқ. Жумладан, Президентимиз ташаббуси билан Имом Бухорий меъморий мажмуаси юксак  даражада ва маҳобатли шаклда бунёд этилмоқдаки, у бир неча асрлар  давомида юртимиз ва дунё мўмин-мусулмонлари учун руҳий-маънавий озуқа оладиган муҳташам даргоҳга айланади. Шунингдек, келажак авлод учун бир  неча юз йиллар зиё сочадиган, ёшларга илм-маърифат нурини таратадиган осори-атиқа бўлади.
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, адабиёт, маданият ва санъат соҳалари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига асосан 6 нафар имом-хатибларимиз юксак мукофотлар билан тақдирландилар. Шулар қаторида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий – Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари “Олий Даражали Имом Бухорий” ордени, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби – Мирзамахсуд домла Алимов “Имом Бухорий” ордени билан мукофотланди.
Аллоҳ таоло Устозларимизни динимиз йўлида қилаётган хизматларига ажру мукофотларни кўпайтириб бериб, узоқ йиллар давомида халқимизга дин пешвоси бўлиб хизматларда бардавом бўлишлигини тилаб қоламиз. Юксак мукофотлар муборак бўлсин.

Мақсудали  домла Қосимов
Хўжаобод тумани Еттичинор жоме масжиди имом-хатиби