Имом Бухорий

812

Муҳаддислар султони, улуғ ватандошимиз имом Бухорий 194 ҳижрий сана шаввол ойининг 13 кунида Бухорода дунёга келган.

Тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн ал-Муғира ибн Бардизбаҳ ал-Бухорий  ал-Жаъфий бўлган.

Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий ёшлик вақтларида кўзлари ожиз бўлиб қолади. Бир куни оналари тушларида Иброҳим  алайҳиссаломни кўрадилар. Иброҳим алайҳиссалом оналарига: “Сенинг кўп дуо қилганинг ва йиғиларингдан кейин Аллоҳ таоло болангнинг кўзини қайтариб берди”, – дейдилар. Тонг отгандан кейин, қарасалар Аллоҳ болаларининг кўз нурини қайтариб берган экан.

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий Бухорода таваллуд топди. Отаси шайх Исмоил ибн Иброҳим аҳли ҳадислардан бўлиб, бир оз тижорат ишлари билан ҳам шуғулланган.

Имом Бухорий мактабда ўн ёшлик вақтларида ҳадис ёдлашга қунт билан киришдилар. Мактабни тугатганларидан кейин, Имом Дохилий ва ундан бошқалар билан  бирга юрдилар.  Имом Дохилий бир куни инсонларга ҳадис ўқиб бераётиб:

“Суфён Абу Зубайрдан ривоят қилади. У Иброҳимдан ривоят қилади”, – дейди.

Имом Бухорий: “Абу Зубайр Иброҳимдан ривоят қилмаган”, – дейдилар. Шунда  Имом Дохилий  Имом Бухорийни жеркиб берадилар. Имом Бухорий бўлса: “Аслга қайтинг”, – дейдилар. У зот уйига кириб, ёзиб олган нарсаларига қарайдилар. сўнгра қайтиб чиқиб: “Эй бола бўлмаса  қанақа!” – дейди. Имом Бухорий: “Зубайр ибн Адий Иброҳимдан ривоят қилган”, – дейдилар. Имом Бухорийдан қаламни олиб, китобдаги хатони тузатадилар ва Имом Бухорийга: “Тўғри айтдинг”, – дейдилар.

Имом Бухорий Дохилийга раддия берган вақтда 11 ёшда эдилар.

Имом Бухорий ўта истеъдодли, муҳофазаси ўткир олим эди. Ривоят қилишларича, қайси бир китобни қўлга олиб, бир мартаба мутолаа қилсалар, ҳаммаси ёд бўлиб қолаверарди.

Имом Бухорийнинг ўз сўзига кўра, юз минг саҳиҳ ва икки юз минг ғайри саҳиҳ ҳадисни ёд билар экан.

Имом Бухорий Бағдод шаҳрига келганда айрим аҳли ҳадислар жамланиб уни имтиҳон қилиб кўришга келишиб олишди. Бухорийга ўз фикрларини очиқ айтмай, илмий йиғинга таклиф қилган кўринсаларда, лекин Бухорий уларнинг муддаосини фаҳмлади. Бағдодликлар юзта ҳадисни ўнта кишига ўнтадан тақсимлаб чиқишди. Бир ҳадиснинг иснодини олиб иккинчи ҳадис матнига, иккинчи ҳадиснинг иснодини эса биринчи ҳадис матнига қўйиб юзта ҳадисни аралаш-қуралаш қилиб ташлашди.

Ўнинчи кишидан кейин ҳеч ким ўрнидан турмади. Бухорий “яна бирон киши борми?” деган ўйда бир оз кутиб ўтирди. Ҳеч ким турмагач “бўлдими гапираверайинми?” деган нигоҳда имтиҳончиларга қараб қўйди. Улардан садо чиқмагач биринчи ҳадис айтган кишига юзланди.

“Сиз айтган ҳадис ундоқ эмас. Иснод мана бу кишилардан иборат, матн эса мана бундайдир. Сиз мана бу ерда хато қилдингиз, мана бу ерда янглишдингиз, тўғриси эса бундай бўлади”деди. Биринчи кишидан бўшагач иккинчи кишига ўтди.

“Сиз айтган ҳадис сиз келтирганча эмас. Сиз бу ерда янглиш айтингиз, бу ерда ўрнини алмаштирдингиз, тўғриси эса мана бундай бўлади” деди. Иккинчи кишининг хатоларини тўғрилаб бўлгач қолган кишиларга ўтди. Шу зайлда ўнта кишининг 100 та ҳадисини аввал хатосини, кейин тўғрисини бирма-бир айтиб чиқди. Ана шундай кейин йиғилганларнинг барчаси Бухорий илми ва ўткир зеҳнига қайта иқрор бўлишди.

Бу қиссани Бухорий ҳаётини ёзган ҳар бир тарихчилар ва олимлар келтиришган. Жумладан Ибн Ҳажар مقدمة الفتح да Заҳабий سير أعلام النبلاء ва да баён қилишган. Ибн Ҳажар ушбу қисса кетидан ҳайратланиб ёзган эди:

“Ажабланадиган жойи Бухорийнинг 100 та ҳадисни ёд билишида эмас. Кишининг ҳайратини ошириб, ажаблантирадиган жойи Бухорий ўнта кишининг хатоларини эсда сақлаб, у хатоларни тўғрилашдан олдин, хатоларни уларнинг оғзидан чиққандек такрорлашидадир”.

“Енгилган курашга тўймас” қабилиданми ёки бу имтиҳонлардан умуман бехабарликданми, ҳар нечук тўрт юзта самарқандлик муҳаддислар жамланишиб Бухорийни имтиҳон қилмоқчи бўлишди. Бухорий уларнинг таклифларини қабул этиб, ҳозироқ тайёр эканлигини билдирди.

Самарқандлик муҳаддислар шомликлар иснодини ироқликлар иснодига, ироқликлар иснодини эса шомликлар иснодига, маккаликлар иснодини яманликлар иснодига аралаштириб юбордилар. Лекин бу ҳатти-ҳаракатларнинг барчаси бефойда кетди. Бухорийни бир марта бўлса ҳам адаштиришга муваффиқ бўлмадилар.

Манбалар: википедия, azon.uz ва qadriyat.uz

Улуғбек Йўлдошев