Билимли инсон ҳар қандай давлат ва жамиятда ўрин ва қадр топа олади. Илмли кишилар гўёки инсоният йўлини ёритгувчи машъалага ўхшайдилар. Аслида ҳам агар инсон илм нури билан ўз йўлини ёритмаса, зулмат ва нодонлик кўчасида қолади. Ҳазрати Одам алайҳиссаломни фаришталардан ҳам юксак мақомга кўтарган сир илм эди. Илк «Ўқи» амри билан бошланган Қуръон, билгувчилар ва билмайдиганларни бир эмасликларини таъкидлаш билан бирга илм эгаларининг даражаларини юксалишининг хабарини беришади. Қуръонда ўқиш ва ёзиш қуроли бўлган қалам улуғланади, айнан унга ва у ёзган сатрларга қасам ичилади. Аллоҳнинг қалам билан қасам ичиши, қаламнинг инсон ҳаётидаги ўрни ва қадрини жуда кучли шаклда ифодалайди.

Дарвоқе, илм эгаллаш машаққатли юмушдир. Уни игна билан қудуқ қазишга менгзалишида ҳам ўзига хос ҳикмат бор.  Бироқ эгалланган илм шундай бойликки, уни ҳеч бир инсон ва ҳеч қандай куч тортиб ололмайди. Ҳазрати Али илм хусусида: «Илм пастда турганларни юқори даражага кўтаради. Билимсизлик эса тепада турганларни пастга туширади. Илм мол-давлатдан устундир, чунки бойликни сен асрайсан. Илм эса сени асрайди», деганлар.

Шунингдек, Муоз ибн Жабалнинг розияллоҳу анҳу мана бу сўзлари ҳам илмнинг фазилатига энг яхши далилдир: «Илм танҳоликда ҳамроҳ, хилватда дўст, тўғри йўл кўрсатувчи маёқ, хурсандлигу хафагарчиликда улфат, дўстлар олдида вазир, бегоналар олдида яқин дўст, жаннат йўлининг минорасидир». Ёхуд шу ўринда Фахрулбанот Сулаймонийнинг ушбу ҳикматли битикларини ёдга олишимиз айни муддаодир: “Илм мартабаси мартабаларнинг зўридир, деган гап шубҳасиз тўғри. Қайси ерда илму маърифат кучли бўлса, ўша ер бахт маскани ҳисобланади. Қайси ерда нодонлик мавжуд бўлса, у ер қуруқ ёки тошлоқ жой кабидир. Гўзал хулқ билан пайваста бўлган илм одамларни бахтиёр қилади, мартабасини баландлатади. Илмдан мақсад кўркам ва эзгу ишларни амалга оширишдир”.

Муборак Ҳадиси шарифда ҳам “Илм ўрганиш ҳар бир мусулмон учун фарздир”, “Бешикдан қабргача билим иста”, “Бир соатгина илм ўрганиш бир кечалик ибодатдан яхшидир”, дейиладики, бу сўзларнинг моҳиятини англамоқ инсон ҳаёти ва келажагига бевосита ижобий таъсир кўрсатади.

Бугун мамлакатимизда фуқаролар, айниқса, ёшларнинг илм олишлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилган. Ўғил-қизлар ўзлари қизиққан ҳар қандай соҳанинг етук, малакали мутахассиси бўлишлари учун мавжуд имкониятлардан фойдаланмоқдалар. Хусусан, кейинги йилларда айнан диний-маърифий соҳада таълим олувчилар учун янгидан-янги имкониятларнинг яратилаётгани юртимизда бу борада кучли билимга эга мутахассислар етишиб чиқишига асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Шу кунларда абитуриент ҳисобланган ёшлар ўз келажаклари учун гўёки тамал тошини қўймоқдалар. Жумладан, диний йўналишда таҳсил олишни истаганлар учун шу йил 20 июндан бошлаб юртимиздаги диний таълим муассасаларига ҳужжат топшириш жараёни бошланди. qabul.muslim.uz қабул сайтининг ишга туширилиши онлайн ариза тўлдириш юзасидан батафсил тушунча олиш имконини бераётир. Онлайн қабул сайти абитуриентлар осон фойдаланишлари учун қулай қилиб ишланган. Ундаги саҳифалар абитуриентнинг қайси ўқув даргоҳига ҳужжат топширишига қараб зарур кўрсатмаларни беради. Қолаверса, онлайн қабул ҳужжат топширувчиларнинг вақтини, ўқув юртига боришдаги йўл ва бошқа ҳаражатларни тежайди, оворагарчиликларнинг олдини олиши билан ҳам аҳамиятлидир.

Гарчи коронавирус пандемияси сабаб олий ва ўрта махсус ўқув юртларига қабул жараёни онлайн тартибда иш олиб бораётган бўлса-да, аслида кўплаб ривожланган мамлакатлар узоқ йиллардан буён бундай усулни амалда қўллаб келмоқда. Юртимизда жорий йилни “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб номлангани ва шу муносабат билан Давлат дастури қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилаётгани ҳам мана шундай инновацион ўзгаришларга замин яратмоқда, десак сира муболаға бўлмайди.

Ҳайитали домла ТЎЙЧИЕВ,
Улуғнор тумани

“Мингбулоқ” жоме масжиди имом-хатиби