Илм икки дунё саодатидир

952

Ҳозирги пайтда дунё ҳаётидаги тараққиёт ва ривожланишни илмсиз равнақ топган, юксалган деб бўлмайди.

Халқимизда “олим бўлсанг олам сеники” деган ибора бежиз айтилмаган. Инсон қанчалик илм олишда давом этар экан, унинг билим доираси кенгайиб боради, тафаккури очилади, теран фикрлайди. Шунинг билан бига ҳар қандай ишнинг ечимини топади.

Муқаддас ислом динимиз ибтидосида нозил қилинган ояти кариманинг бошланиши “Ўқи” калимаси экани ҳам илм олишнинг зарурлигига далолат қилади. Шу боис, Аллоҳ таоло илм ўрганишга интилишни ҳар бир мўмин-мусулмон зиммасидаги фарз этиб қўйган.

Хоҳлаймизми йўқми, орамизда илм деганда фақатгина диний илмни назарда тутадиган кишилар ҳам йўқ эмас. Ваҳоланки, дунёвий илм ҳам, диний илм ҳам Аллоҳнинг илми ҳисобланиб, уларни ажратиб бўлмайди. Зеро, Ҳазрати Одам алайҳиссалом дунёвий илм туфайли фазилатга эга бўлиб, фаришталарнинг таъзимига сазовор бўлганлар.

Дунёвий илм ҳам одамга ҳурмат ва фазилат келтиради. Бу борада Пайғамбаимиз (с.а.в) шундай марҳамат киладилар: “Илмни Чин-Мочин (Хитой)да бўлса ҳам, уни излаб топиб, эгаллангиз. Зеро, илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”. Бу ҳадиси шарифдан ҳам динй ҳам дунёвий илмни талаб қилиш фарз эканлиги тушунилади.

Қолаверса, Нуҳ алайҳиссалом ҳам дурадгорликни касб қилиб, бу касбга доир илмларнинг барчасини мукаммал билганлар. Шундай экан, биз бирор касб ёки ҳунарни эгалладикми? Ўша касбга доир илмларнинг барчасини мукаммал билишимиз шарт.

Юртимизда ёшларнинг диний илмлар билан бир қаторда дунёвий илмларни ҳам мукаммал эгаллашлари учун барча шароитлар яратиб қўйилган. Зеро, Али каррамоллоҳу важҳаҳу шундай деганлар: “Болаларингизга ўзлари яшаётган давр илмларини ўргатинглар, чунки улар сизнинг даврингиздан бошқа даврда дунёга келганлар”.

Бундан кўриниб турибдики, диний, дунёвий илм демасдан барча илмларни бирдек ўрганишга ва фарзандларимизга ҳам ўргатишга ҳаракат қилишимиз керак. Аллоҳ барчамизга манфаатли илмлардан берсин ҳамда олган илмларимизга амал қиладиган бандаларидан қилсин.

Жалабек ота жоме масжиди Отабек Хусанов.