Инсон дунёда яшар экан, ўз ҳаётини гўзал ўтказишга ҳаракат қилади. Турмушнинг фаровон бўлиши, жамиятнинг тараққий этиши эса фақат илм-фан билан бўлади. Қаерда илм-фан ривож топса, ўша ерда тарққиёт бор. Илм-фаннинг ривожи эса илм эгалари – олимлар билан бўлади.

    Дунёдаги ҳар бир соҳанинг, ҳар бир ишнинг ўз илми мажуд. Киши ўз ишининг билимдони бўлиши учун ўша соҳанинг илмини эгаллаши шарт. Илмсиз инсон мевасиз дарахт кабидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам илмни иймоннинг мевасига қиёслаб шундай марҳамат қилганлар: Имон яланғоч бир нарса бўлса, унинг либоси тақво, зийнати ҳаё, меваси эса илмдир”.

   Жоҳилликдан маърифат сари интилиш бу динимиз кўрсатмасидир.

   Ислом дини мусулмонларни доимо илмга ундаган. Чунки инсон шахсиятини илмдан бошқа ҳеч нарса тўғри йўлга сола олмайди, тараққиётга ҳам эриштира олмайди. Илмга қизиқтириш борасида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

   «Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Фаришталар толиби илмни қилаётган ишидан рози бўлган ҳолларида қанотларини ёзадилар. Олимга осмондагилар, ердагилар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтишади. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Олимлар анбиёларнинг меросхўрларидир. Анбиёлар динор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолдирмаганлар. Улар илмни мерос қолдирганлар, холос. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди» (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоят қилишган).

   Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

   “Ким илм талаб қилаётган вақтида ажали етиб қолса, Аллоҳ таолонинг ҳузурида у билан пайғамбарлар ўртасини фақат пайғамбарлик даражасигина ажратиб туради (Имом Табароний

   Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

   яъни: «Ким илм талабида йўлга чиқса, токи қайтиб кeлгунича Аллоҳ йўлидадир» (Имом Термизий ривояти).

   Шунинг учун ҳам кўпчилик уламоларимиз пок ният ва ихлос билан илм излаш ва илм йўлида ҳаракат қилиш динимиздаги нафл ибодатлардан афзал эканини таъкидлаганлар.

   Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам бир куни ёнларидаги Ҳилол исмли кишидан: «Қаламинг борми?» — деб сўрадилар. Йўқ жавобини эшитгач: «Қаламсиз юрма, эй Ҳилол. Чунки, эзгулик ундадир. Қиёматгача унга содиқ бўлганлар чиқади. Инсонлар қалам ила юксаладилар. Олим қўлидаги қаламнинг сиёҳи шаҳиднинг қони билан тенгдир», дедилар…

   «Билимли инсон қуёшга ўхшайди, кирган жойини ёритади». Ҳа, илм қоронғуликларни ёритувчи машъаладир. Қоронғуликда қолган ҳар бир киши унга муҳтож. Юксак поғоналарга илм нарвони билан чиқилади. Тараққий этишни ва камолот топишни истасангиз илмнинг этагини маҳкам ушланг.

   Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам дуоларида фойдасиз илмдан Аллоҳдан паноҳ сўрар эдилар. Фойдали илм ўзи нима, у қандай бўлади?

   Фойдали илм, инсониятга нафи тегадиган илмдир. Фойдали илм амалга татбиқ этиладиган илмдир. Фойдали илм ўрганил-ганида билимсизлигимизни бизга ҳис эттириб, ўрганишга завқ-шавқ ва ғайрат ўйғотади. Ёмон феъл ва ҳатти-ҳаракатлардан асрайдиган илмдир.

   Фойдали илм бизга ўзлигимизни танитадиган илмдир. Фойдали илм бизга Яратувчимизни танитадиган илмдир. Илм тубсиз бир денгизга, илм ўрганувчи эса у денгизнинг тубидаги сузишга ҳаракат қилаётган ғаввосга ўхшайди. «Дунё мени қандай танийди, билмайман, лекин мен ўзимни кашф этилмаган улкан ҳақиқатлар уммони ичида, соҳилда айланиб юрган, онда-сон-да юмшоқтош ёки денгиз чиғноғ топиб олган боладек кўраман», — деган   Исаак Нютон.

   Илм олиш ва китоб мутолаа қилиш борасида улуғ зотлардан ажойиб хотиралар қолган. Жумладан мазҳабимиз уламоларидан бўлган Муҳаммад ибн Ҳасан Аш-Шайбоний китоб ўқиш асносида мураккаб бир масалага ечим топганларида, хурсанд бўлиб кетганларидан: яъни: Бундай лаззатни подшоҳларнинг болалари ҳам кўрмаган”, – дер эканлар.

   Фатҳ Мусилий: “Касалга обу таом берилмаса у ўладими?”, деб ёнидагилардан сўрадилар. Атрофдагилар “Ҳа, ўлади”, дейишди. Шунда Фатҳ: “Қалбга ҳам уч кун илм берилмаса у ўлади”, деган эканлар. Дарҳақиқат, шайх Мусилийнинг гапларида чуқур ҳикмат бор. Жасаднинг озиғи таом бўлганидай, қалбнинг озиғи ва тириклик манбаи илм-у ҳикматдир. Ким илмни бой берган бўлса унинг қалби касалдир. Бундай қалб ўлимга маҳкум, лекин ўзи сезмайди.

   Буюк муҳаддис Имом Абу Довуд Ас-Сижистоний кийим тиктирганларида, унинг енгини кенг қилиб тиктирар эканлар. Чунки унга китоб солар эканлар. У киши кўп китоб ўқишни яхши кўрар эдилар. Қаерга бормасинлар, албатта ёнларида китобларини олиб юрар, бўш вақт топилди дегунча китобларини олиб ўқир эканлар.

   Шафиқ ибн Иброҳим Ал-Балхий айтадилар: “Биз Абдуллоҳ Ибн Муборакка: “Нима учун намоз ўқиб бўлганимиздан сўнг биз билан бирга ўтирмайсиз?”, – деб сўрадик. У киши: “Саҳобалар ва тобеинлар билан бирга ўтиришга кетаман”, – дедилар. Биз: “Саҳобалар ва тобеинлар қаерда экан?”, – деб, ҳайрон бўлиб яна сўрадик. Шунда у зот: “Китоб ўқийман, шунда улар ҳақида, қилган ишлари ҳақида билиб оламан. Сизлар билан ўтириб нима қиламан. Сизлар бекор ўтириб, одамларни ғийбатини қилиб ўтирасизлар”, – деб  жавоб бердилар.

   Ҳар кишининг руҳи илм бирла қувватланса, шафқатли ва бетамаъ бўлур.  

(Сидқий Хондойлиқий.)

Билим қидиришга урдим бошимни,

Бекорга ўтказмадим умримни бир дам.

Қайдаки эшитсам илму донишни,

Эшиги тагида ултирдим маҳкам.

(Носир Хисрав.)

   Билим шундайки, у яланғоч бўлганингда ҳам ўзинг билан қолади уни ҳаммомга кирганингда сув ҳам йўқота олмайди.   (Абу Райҳон Беруний.)

Ҳалил ибҳ Аҳмад айтадилар: Инсонлар тўрт хил бўлади:

  1. Билади ва билишини ҳам билади. У олимдир, унга эргашинг.
    2. Билади, аммо билишини билмайди. У ғафлатда уни уйғотинг.
    3. Билмайди ва билмаслигини ҳам билади. У йўл бошловчига муҳтож, унга йўл кўрсатинг.
    4. Билмайди, билмаслигини ҳам билмайди. У — жоҳил, ундан узоқ бўлинг.

   Қадимда ота-боболаримиз илмни бир бутун деб билганларидан уларнинг ичидан Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний, Муҳаммад Хоразмий, Форобий, Ибн Сино ва Улуғбек каби қомусий олимлар етишиб чиққан. Улар ҳам диний, ҳам дунёвий илмларда пешқадам, устоз бўлганлар.

    Бугунги кунда жамиятимизга зарур бўлган турли соҳа мутахассисларини тайёрлашимиз – барчамизнинг зиммамиздаги фарзи кифоя ҳисобланади. Бунинг учун болаларимизни ёшлигидан ўзи қизиққан соҳага мақсадли йўналтириб, режали ва тизимли таълим олишига эътибор беришимиз лозим.

   Фарзандларимизни замон билан ҳамнафас қилиб тарбиялаш учун уларга хорижий тилларни ҳам ўргатишимиз керак бўлади. Чунки юртимиз кундан-кунга дунё давлатлари билан алоқаларни кенгайтирмоқда. Ёшларимизнинг чет тилларини яхши билишлари илмий, иқтисодий жабҳаларда катта имкониятлар яратади. Саҳиҳ ҳадисларда келишича, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан Зайд ибн Собит разияллоҳу анҳуга иброний ва сурёний тилларини ўрганишга буюрганлар. Ушбу саҳоба қисқа муддатда мазкур тилларни ўрганиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсий таржимонига айланадилар. Мана шу далиллар чет тилларини ўрганишга динимизда тарғиб қилинганини исботлайди.

    Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломга илмдан бошқа бирор нарсани зиёда бўлишини сўранг, демаган. Фақатгина илмда зиёдалик сўрашни таълим берган. Қуръони каримда шундай дейилади:

айтинг: “Эй, Раббим! Менга илмни зиёда эт!” (Тоҳа сураси, 114-оят).

    Мана шундан ҳам илмнинг бошқа неъматлардан устунлигини англаб олишимиз мумкин. Демак, барчамиз фарзандларимизга илм ўрганиш фарз эканини чуқур англатишимиз ва унга мунтазам даъват қилишимиз, илму маърифатга нисбатан уларда қизиқиш уйғотиб, моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашимиз даркор.

   Алишер Навоий олти ёшида шеър ёза бошлаган, Имом Бухорий тўққиз ёшида Қуръони Каримни тўла ёд олган, Ибн Сино ўн уч ёшида мантиқ, фиқҳ ва калом илмини ўрганган, ўн олти ёшида машҳур табиб бўлиб танилган, Абу Райҳон Беруний ўн беш ёшида самони кузатиб, тадқиқ қилган.

   Биз ҳам фарзандларимиз, аржумандларимизни илмга муҳаббатли, замонасининг тенгсиз, беназир инсонлари этиб тарбиялашимиз керак.

   Муоз ибн Жабал айтганларидай, «Илм ўрганинглар, зеро, уни ўрганиш – Аллоҳдан қўрқиш, уни талаб этиш – ибодат, музокараси – тасбеҳ, уни излаш – жидду-жаҳд, билмаганга ўргатиш – садақа, уни ўз аҳлига билдириш – Аллоҳга қурбатдир».

    Имом Термизий, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадисда, У зот: «Аллоҳ ва унинг малоикалари ва ҳатто денгиздаги балиқлар ҳам илм аҳилларига истиғфор айтадилар», – деганлар.

    Бошқа бир ривоятда: «Ким илм излаб йўлга чиқса, Аллоҳ Таоло унга жаннат йўлларини тўғрилаб қўюр», – деб марҳамат қилинган.

    Демак, Илм  инсонга дунёда ҳам, вафот этганидан кейин ҳам, охиратда ҳам, манфаат етказиб турадиган улуғ ибодат екан…

Хўжаобод тумани «Мустаҳкам» жоме масжиди имом хатиби

Муҳаммад Шофе домла