(1 қисм)
Ижтимоий тармоқда ким биландир алоқа қилар эканмиз, қандайдир гуруҳ ё каналга аъзо бўлар эканмиз, кимнингдир шахсий профилини кузатар, у пост қилган фикрларига изоҳ ё фикр билдирар эканмиз, биринчи ўринда ўзимизнинг мўмин-мусулмон эканлигимизни ҳамиша ёдда тутишимиз керак. Шу билан бирга илоҳий китобимиз Қуръон ва Расулимиз алайҳиссалом қолдирган суннат бизнинг олдимизга қўйган дастуримиз бўлиши лозим. Бу барчамизга тааллуқли умумий қоида. Бундан ташқари ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари учун алоҳида қуйидаги одоб-ахлоқ меъёрларини зикр қилиш ўринли:
- Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси энг аввал тармоққа киришдан олдин ниятини шариатга мослаши лозим.
Албатта, ҳар ишда бўлгани каби интернетда ишлаш ва ижтимоий тармоқларда мулоқот қилганда ниятни тўғри қилиш керак бўлади. Бир ишга киришдан олдин ниятни тузатиш ҳақида Ибн Аби Жамура розияллоҳу анҳунинг сўзи ўринли бўлган: «Мен шуни истардимки, фақиҳлар ичида бир фақиҳ бўлса-ю, у барча ишини қўйиб, фақатгина инсонларга амаллардан кўзланиши керак бўлган мақсадларни ўргатса. У ниятларни ислоҳ қилиш ҳақида дарс берса. Мен шуларни жуда-жуда ҳохлардим. Чунки кўп инсонлар худди шу нуқтада оқсоқдирлар»[1].
عن عمر بن الخطاب رضي الله عنه قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : » إنما الأعمال بالنيات وإنما لكل امرئ ما نوى فمن كانت هجرته إلى الله ورسوله فهجرته إلى الله ورسوله ومن كانت هجرته إلى دنيا يصيبها أو امرأة يتزوجها فهجرته إلى ما هاجر إليه
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Албатта амаллар ният биландир. Ҳар бир киши учун ният қилган нарсаси бўлади. Кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва расули учун бўлган бўлса бас унинг ҳижрати Аллоҳ ва унинг расулигадир. Кимнинг ҳижрати дунё учун бўлган бўлса унга етади. Аёлга бўлса унга уйланади. Унинг ҳижрати ҳижрат қилган нарсасига мувофиқдир«[2].
Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ” “шу ҳадис диннинг ярмидир” деган. Сабаби диннинг зоҳири илм ботини эса ниятдир. Имом Аҳмад эса: “бу ҳадис Исломнинг учдан биридир” деган.
- Ижтимоий тармоқдаги фаолиятида ўзига танлаган номнинг гўзаллигига эътибор бериши керак.
Ижтимоий тармоқдан фойдаланувчи шахс аввало ўзи ҳақидаги маълумотларни киритишда ўзининг ҳақиқий исм шарифини ёзиши афзал саналади. Чунки инсон кўпинча ўз исми билан танилади, шундай экан уни тармоқдан қидирганлар учун ҳақиқий исм шариф тезроқ топиш имконини беради. Аммо хавсизлик ва ё бошқа зарур сабабларга кўра, ижтимоий тармоқда тахаллусдан фойдаланишга ҳам шаръан рухсат этилади. Шунда ҳам маъноси шариатга зид келмайдиган, чиройли ва завқ бағишлайдиган номларни танлаш керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларнинг исмлари умидбахш, эзгуликни ифода қиладиган маъноли бўлишига катта эътибор берганлар.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, тармоқ фойдаланувчиси машҳур инсонларнинг номини, улардан берухсат ўзлаштириб, тармоқда улар номидан фаолият олиб бориши шаръан ҳаром ва ёлғон ҳисобланади. Бугунги кунда машҳур инсонлар номидан ижтимоий тармоқларда гуруҳ ва каналлар очиб, бошқаларнинг шуҳратидан ўз бизнеси ва бошқа манфаатлари йўлида ўғринча фойдаланиб келаётганлар кам эмас.
Шунингдек, ўзи эркак бўла туриб аёллар номидан профил очганлар, ёки аксинча аёл бўла туриб эркаклар номидан профил очиб муқобил жинслилар орасида юрган ва суҳбатдошини мунтазам алдаб фаолият олиб бориш ҳам қаттиқ гуноҳ саналади. Қуйидаги ҳадисга эътиборимизни қаратамиз:
عن سفيان ابن اسد الخضرمى, قال: سمعت رسول الله صلى الله عليه و سلم يقول: «كبرت خيانة ان تحدث اخاك حديثا هو لك به مصدق و انت به كاذب» رواه ابو داود
Суфён ибн Асад ал-Хазрамийдан ривоят қилинди, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган эдим, у киши шундай дер эдилар: “Мусулмон биродарингга сўзлаётган сўзингга у ишонса-ю аммо сен ёлғон сўзлаётган бўлсанг, мана шу хулқинг энг катта хиёнатдир!”[3].
Инсон бирор дўстига мўмин ва диндош сифатида ишониб, қулоқ солса-ю аммо у кимса ишончни оқламаса, уни алдаб ёлғон сўзласа, бу унинг диндошига нисбатан энг катта хиёнати экан. Дўстимиз ва биродарларимиз билан суҳбат чоғида фақат Аллоҳдан қўрқиб, уялиб сўзлашмоғимиз лозим. Инсондан уялиб, ёки ундан қўрқиб уни норози бўлишини истамаслик баҳонаси ила ёлғонга йўл қилсак, бу бизнинг иймонимизга хиёнат, диндошимизга хиёнат, Расулимизга хиёнат, Раббимизга хиёнат ўлароқ баҳоланади. Бу суҳбат қандай ҳолда бўлишининг аҳамияти йўқ. Хоҳ у юзма-юз бўлсин, ёҳуд телефон орқали, ва ёки ижтимоий тармоқлар орқали бўлсин, ҳаммаси бирдек баҳоланади.
- Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишда шариат рухсат берган нарсаларга амал қилиб, ман қилган нарсалардан четда бўлиш асосий қоида бўлиши зарур.
Мўмин мусулмон киши учун шариат аҳкомларига амал қилиш борасида виртуал ҳаёт билан реал ҳаётнинг бир-биридан фарқи йўқ. Шундай экан реал ҳаётда бўлгани каби ижтимоий тармоқда ҳам шаръий одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий амал қилиши чин мўминлик бўлади.
Тармоқда ўзимиз каби мўминлар билан ҳам алоқа қиламиз, баъзида эса ғайридинлар билан ҳам алоқа қилишимиз мумкин. Ҳар икки ҳолатда ҳам ҳам шаръий одоб-ахлоқ меъёрларини унутиб қўймаслигимиз керак. Қаршимиздаги инсон ким бўлишидан қатъий назар у билан алоқада шариат ҳаддидан четга чиқишга ҳаққимиз йўқ.
Мўминлар билан мулоқот қилганда ўзимизни худди ўз ака-укаларимиз билан мулоқот қилгандек тутишимиз лозим. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Албатта, мўминлар биродардирлар”[4], деган. Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган, Ул зот айтганлар: “Мўмин ўз биродарининг ойнасидир. Мўмин мўминнинг биродаридир. Биродари йўқотган нарсасини тўлдиради, ортидан камчилигини беркитиб туради.”[5]
Бизнинг ота-онамиз битта эмас. Аммо Раббимиз, расулимиз, иймонимиз, динимиз, қибламиз битта! Мана шу ришталар бизни ака-укачилигимиз учун етарли восита бўлади.
Шунингдек, тармоқда биз билан мулоқот қилиб турган профил ортида ғайридин инсон турган бўлган тақдирда ҳам, исломий олоб доирасида муомала қилишимиз, унга исломнинг чин руҳиятини, мусулмончилик одобини кўрсатиб қўйишимиз керак бўлади. Гарчи у биз каби иймон неъмати ила шарафлантирилмаган бўлсада, инсоний кароматини эътибордан четда қолдирмаслик даркор. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
وَعِبَادُ الرَّحْمَنِ الَّذِينَ يَمْشُونَ عَلَى الْأَرْضِ هَوْناً وَإِذَا خَاطَبَهُمُ الْجَاهِلُونَ قَالُوا سَلَاماً
“Роҳманнинг бандалари ер юзида тавозуъ ила юрадиган ва жоҳиллар хитоб қилганида, «салом», дейдиганлардир”.
Раҳмоннинг суюкли бандаси бўлиш шарафига эришган инсон ер юзида камтарлик, содда ва мулойимлик билан юради. Унда такаббурлик, манманлик, ваҳшату даҳшат, турли сохта кўринишлардан асар ҳам бўлмайди. Шу билан бирга, бўшанглик, иродасизлик, беҳуда қисилиб-қимтиниш, ўзини пастга уришлик ҳам бўлмайди[6].
Аллома ибн Касир раҳимаҳуллоҳ оят тафсирида бундай деган: “Аллоҳ таолонинг суюкли бандаларига жоҳиллар аҳмоқлик қилишса, улар билан тенг келиб, қилиқларига яраша жавоб қайтаришмас эди. Балки уларнинг жоҳиллигини эътиборга олиб кечириб юборишар, беадабликларидан ўтишар, фақат яхшилик билан жавоб қайтаришар эди. Ахир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам шундай эдиларда. Расулуллоҳга нисбатан ҳар қанча жоҳиллик қилинмасин, бу ул зоти шарифнинг фақат ҳалимлик ва мулойимлигини оширар эди. Саҳобалар ҳам расулимиздан ўрнак олишиб, ғайри мусулмонлар билан тенглашиб, урушиб ўтиришмас эдилар”[7].
Биз ҳам худди шу одобни ўзлаштиришимиз лозим. Ижтимоий тармоқларда, мусулмонларга нисбатан ноҳақлик қилувчи, ислом ва мусулмонларни камситиб, ҳақоратлаб турли иғво-бўҳтонлар тарқатувчи ғайридинлар, атеистларни кўплаб учратиш мумкин. Улар билан тенглашиб, уларнинг даражасига тушиб унга яраша жавоб қилиш учун вақт сарфлаш биз мусулмонларнинг шарафимизга, даражамизга тўғри келмас экан.
- Ижтимоий тармоқларда ким билан дўст тутинаётганига жиддий аҳамиятли бўлиш керак.
Реал ҳаётимиздагидан кўра, виртуал ҳаётда кўпроқ одамлар билан дўст тутинамиз. Уларнинг аслида кимлиги, дўстлик таклиф қилишдан мақсади нелиги билан эса қизиқиш ҳаёлимизга ҳам келмайди. Бу эса бизнинг энг катта камчиликларимиздан биридир. Қаранг, салафи солиҳларимиз ким билан дўст бўлиш ҳақида муайян дастур тузиб қўйган эканлар. Алқама ибн Лабид раҳматуллоҳи алайҳ ўғлига насиҳат қилиб деди:
Эй ўғлим! Вақтики келиб дўст тутишга эҳтиёж сезганингда, тўғри келган одам билан дўст тутиниб кетавермагин! Балки, дўстинг сенга маънавий зийнат берувчи фозил бўлсин! Енгилтаклик қилганингда сени тартибга солувчи носиҳ бўлсин! Бошингга мусибат тушганда сенга далда бўлувчи мард бўлсин! Ҳақ гапни айтганингда сени тасдиқлаб, қўллагувчи содиқ бўлсин! Ёрдамига муҳтож бўлганингда ёрдамини аямайдиган саҳий бўлсин! Унга дўстона қўл чўзганингда у ҳам сенга қўл чўзувчи самимий бўлсин! Сенинг яхши ишларингга муносиб баҳо берувчи одил бўлсин! Камчиликларингни яширувчи олийжаноб бўлсин! Унинг ортидан сенга кулфат келмайдиган бўлсин! У туфайли ҳаётинг остин-устин бўлиб кетмайдиган бўлсин! Омма олдида сени хўрламайдиган бўлсин!
Бу насиҳат ўз даври одамларига нисбатан бугунги замон одамлари учун зарурроқ, десак тўғри бўлади. Чунки илгарги одамларнинг минглаб-минглаб дўстлари, гуруҳдошлари, каналдошлари бўлмаган. Улар ўз маҳалласи, нари борса қўшни маҳалладаги танишлари билангина дўстлик риштасини боғлай олганлар холос. Биз эса бугун уйда ўтириб, сайёрамизнинг нариги нуқтасидаги одамга ўз сирларимизни очяпмиз, дардимизни айтиб ҳолимиздан шикоятлар қиляпмиз. Салафи солиҳлар ўгитларига кўра, ижтимоий тармоқлардаги «дўстларимиз»нинг кимлиги билан жидий қизиқиб қўйсак, сирларимиз айниқса, шахсий маълумотларимизни кимлар билан бўлишаётганимизга аҳамият берсак фойдадан ҳоли бўлмас экан![8]
- Интернет орқали ўзгалар билан алоқа қилишдан яхшилик ва тақвода ҳамкорлик қилиш ҳамда ёмонлик ва душманликда ҳамкорлик қилмаслик шиор қилиб олиниши зарур.
Аллоҳ таоло Моида сурасида марҳамат қилади:
وَتَعَاوَنُواْ عَلَى الْبرِّ وَالتَّقْوَى وَلاَ تَعَاوَنُواْ عَلَى الإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ
“Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг”[9].
Ушбу мўъжазгина жумла дунёдаги барча ҳамкорликлар учун асосий қоида ҳисобланади. Исломда ҳамкорликнинг бош шарти яхшилик ва тақводир. Агар мана шу шарт топилса, ҳамма билан ҳамкорлик қилинаверади. Бу оят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисларига мувофиқдир: “Яхшиликка йўллаб қўйувчи уни қилган билан баробардир”[10]. Бир мўмин биродарига яхши ишда ҳамкорлик қилиб, унга тўғри йўл кўрсатган киши ўша ишни худди ўзи қилгандек ажрга эга бўлса, энди бунинг аксини қилган ҳам худди шундай гуноҳкор бўлади. Зеро имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ юқоридаги оят тафсирида “ёмонликка далолат қилувчи, уни қилган билан тенгдир” деган.
Имом Мовардий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Аллоҳ таоло яхшилик ва тақвони ёнма-ён келтирди. Инсон яхшилик билан одамларнинг розилигини топади, тақво билан эса Аллоҳнинг розилигини топади. Инсонлар ва Аллоҳнинг розилигини топганлар эса икки дунё саодатини қўлга киритади”[11].
Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилиш ҳолатдан келиб чиқиб турли кўринишларда бўлади. Ижтимоий тармоққа кирган олим одамларга ўз илми билан ҳамкорлик қилади, уларга имкон қадар ўзида бор илм-маърифатни етказади. Бойлар эса закот, садақа ва моддий кўмакка муҳтож фақирлар билан алоқа боғлаб уларга моддий ёрдам қилади. Ва ҳоказо ҳар бир соҳа эгаси ўзида борини бошқалар билан яхшилик ва тақво йўлида баҳам кўриш билан Аллоҳнинг бир буйруғини амалга оширган бўлади.
- Ижтимоий тармоқдан мақсадли фойдаланиш, фойдасиз ишлардан четда бўлиш, сарфланган вақтни беҳуда кетишига йўл қўймаслик.
Бу банд бугунги кун учун энг долзарб мавзулардан биридир. Ижтимоий тармоқ аъзоларининг аксари ундаги умрини беҳуда ўтказишмоқда. Сарфланган вақтлари на дунёси учун ва на охирати учун наф келтирмаяпти. Бу эса мусулмон уммати учун нақд офатнинг ўзи. Ислом вақтнинг қадрига етишга, ундан унумли фойдаланишга даъват этади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтади:
فَإِذَا فَرَغْتَ فَانصَبْ. وَإِلَىٰ رَبِّكَ فَارْغَب
“Бас, қачонки бўш бўлсангиз ибодатга урининг. Ва фақатгина Раббингизга рағбат қилинг”[12].
Ояти каримада вақтнинг қадрига етиш, ундан унумли фойдаланиш, бир фойдали ишни тамомлаб бўшагач, кейинги фойдали ишга рағбат қилмоқ ҳақида сўз боряпти. Оятнинг тафсирида Алоуддин Хозин раҳимаҳуллоҳ Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг қуйидаги сўзларини келтирган: “Мен на дунёси ва на охирати учун фойда келтирмай, вақтини беҳуда ўтказганларни ёмон кўраман”[13].
Суннати набавияда ҳам вақтнинг ғанимат экани ҳақида кўплаб набавий ҳадислар ворид бўлган. Жумладан:
عن عبد الله بن عباس رضي الله تعالى عنهما قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: نِعمتان مغبونٌ فيهما كثيرٌ من النَّاسِ : الصِّحَّةُ والفراغ
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумадан ривоят қилинди, расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Икки неъмат бор. Жуда кўп инсонлар шу икки неъматдан (унумли фойдаланишда шайтонга) алданиб қолганлар: соғлик ва бўш вақт”, дедилар[14].
Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ: “Нафсингни фойдали ишлар билан банд қила олмасанг, у сени фойдасиз ишлар билан овора қилиб қўяди”, деган экан. Давоми бор.
Ботиржон домла ТОЖИБОЕВ
Андижон шаҳар “ҒИШТЛИ”
жоме масжид имом-хатиби
[1] Татҳир ат-тавия битаҳсин ан-ния. Мулла Али.
[2] Бухорий ва Муслим ривояти
[3] Абу Довуд ривоят қилган. Мирқотул-мафотиҳ 4845.
[4] Ҳужурот сураси 10
[5]Ал-адаб ал-муфрад/239 Имом Бухорий
[6] Фурқон сураси 63 оят. Тафсири Ҳилол.
[7] Тафсири Ибн Касир. Фурқон сураси 63 оят.
[8] Ҳоний ҳожи. “Алфу қисса ва қисса” асари.
[9] Моида сураси 2 оят
[10] Имом Аҳмад, муслим, Абу Довуд, Термизийлар ривоят қилган.
[11] Адаб ад-дуня вад-дин
[12] Шарҳ сураси 7-8 оятлар.
[13] Тафсири Хозин. Шарҳ сураси.
[14] Имом Бухорий ривояти.