Ижтимоий тармоқлардаги иллатлар

795

Ижтимоий тармоқларнинг бутун дунё ҳамжамиятидаги мақеси юқори чўққиларни эгаллаб олишга улгурди. Иттифоқо, бугунги кунимизни интернетсиз тасаввур қила олмаймиз. Агарчи унинг беҳисоб офатлари ҳақида минглаб чиқишлар бўлса-да, барибир кундалик эҳтиёжга айланиб бўлди. Айрим ўринларда мажбурият сифатида ҳам истеъмол қилиниши сир эмас. 

Демак ундан воз кечиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Тўлиқ тартибга солиш ҳам имконият доирасидан ташқарида. Биздаги бор имконият – қўлимиздан келганича унинг иллатларидан халқимизни огоҳлантириб туриш бўлиб қолмоқда. Бундан бошқа чора кўринмайди.
Ижтимоий тармоқ муаммоларига келсак, унда турли ахлоқсизликлар энг аввало хаёлимизга келади. Бундан ташқари турли фитна ва фирибгарликлар ҳам бор. Фирибгарликларни шартли равишда иккига бўлиш мумкин:
1. Молиявий фирибгарлик.
Масалан, ёлғондан бирор бемор кишининг суратини қўйиб, ёрдам сўралади ва пул ташлаш учун карталар жойлаштирилади. Бунга ишонган кишилар карталарга пул жўнатишади. Шундай қилиб холис кишиларнинг маблағларини фирибгарлар ўзлаштирадилар.
Бошқа ҳолатларда сизга тўлов қилганини айтиб, ҳисобни текшириш учун ҳавола (ссылка) жўнатади. Ўша ҳаволани очиб кўрилса, сизнинг картангиздан пулни ечиб оладиган тизим ишга тушади.
2. Маънавий фирибгарлик.
Бу тур фирибгарлик ижтимоий тармоқларда иқтисодий фирибгарликдан ҳам кўпроқ учрайди. Улар ичида муҳимроғи турли миш-миш ва ўринсиз иғволардир.
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Қуръони каримда шундай деган:
وَلاَ تَقْفُ مَا لَيْسَ لَكَ بِهِ عِلْمٌ إِنَّ السَّمْعَ وَالْبَصَرَ وَالْفُؤَادَ كُلُّ أُولـئِكَ كَانَ عَنْهُ مَسْؤُولاً
Яъни: “Ўзинг билмаган нарсага эргашма! Албатта, қулоқ, кўз ва дил — уларнинг ҳар бирлари сўралгувчилардир”. (Исро. 36)
Ушбу ояти кариманинг тафсирларида шундай дейилган:
Али ибн Абу Талҳа Абдуллоҳ ибн Аббосдан “Ўзинг билмаган нарсаларни гапирма” деб ривоят қилган.
Авфий эса “Билмаган нарсанг билан бировни айблама” деб тафсир қилган.
Муҳаммад ибн Ҳанафия ёлғон гувоҳлик маъносидадир, деган.
Қатода айтади: “Кўрмаган нарсангни кўрдим дема. Эшитмаган нарсангни эшитдим дема. Билмаган нарсангни билдим дема. Чунки Аллоҳ таоло бу нарсаларнинг ҳар биридан сени сўроқлагувчидир”.
Ибн Касир айтади: “Аллоҳ таоло нафақат билмаган нарсани гапиришдан, балки кўнгилга келган хаёллар ҳақида гумон қилишдан ҳам қайтаради. Ушбу оятда айтганидек:
اجْتَنِبُوا كَثِيراً مِّنَ الظَّنِّ إِنَّ بَعْضَ الظَّنِّ إِثْمٌ
Яъни: “Гумоннинг кўпидан сақланинг, чунки гумоннинг баъзиси гуноҳдир. (Ҳужурот. 12)
Яна шундай дейди:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا إِنْ جَاءَكُمْ فَاسِقٌ بِنَبَأٍ فَتَبَيَّنُوا أَنْ تُصِيبُوا قَوْمًا بِجَهَالَةٍ فَتُصْبِحُوا عَلَى مَا فَعَلْتُمْ نَادِمِينَ
яъни: “Эй, мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!” (Ҳужурот сураси 6-оят).
Одамлардан эшитган нарсасини суриштирмай гапиравериш гуноҳ эканига кўплаб ҳадиси шарифлар далолат қилади.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар:
إياكم والظن فإن الظن أكذب الحديث
“Гумондан сақланинглар. Чунки гумон сўзларнинг ёлғонроғидир”. (Ибн Касир тафсири)
“Кўрмаган нарсангни кўрдим деб айтма. Эшитмаган нарсангни эшитдим дема”. (Насафий. “Мадорик”)
Инсондан сўралади: “Нима учун сенга эшитиш ҳалол бўлмаган нарсага қулоқ солдинг? Нима учун қараш ҳалол бўлмаган нарсага қарадинг? Нима учун ман этилган нарсага жазм қилдинг?” деб. (Замахшарий. “Кашшоф”)

Шаҳобиддин Парпиев.

Асака туман бош имом-хатиби.