ИСРОФГАРЛАРНИ АЛЛОҲ СУЙМАС

1434

Барча нарсани ўлчов билан яратган Зотга ҳамду саноларимиз ва динимизни мукаммал
тарзда етказиб берган Расулига саловоту саломларимиз бўлсин!
Биз инсонларни туғилиб ўсган юртимиз, жамиятимиз ободлиги ва равнақи йўлида ҳаёт кечиришимиз инсоний бурчимиз ва динимиз талабидир. Оммага манфаат еткизадиган одам бўлиш нақадар бахт ва саодатдир! Мунаввар қори ҳазратлари шундай деганлар:
Жаннат каби гўзал юртинг йиғлаб сендан иш кутадир,
Сенда кўрса ишсизликни, чекиб ҳасрат, қон ютадир.
Жамият манфаати йўлидаги шарафли хизматга фақат махсус мутасадди инсонларгина эмас, балки бутун жамоатчилик жалб қилинади. Чинакам инсон “Бу менинг вазифам эмас”, “Менга нима?” каби паст тушунчалардан узоқ бўлади. Оддий мисол, мақсадсиз ёниб турган чироқ, газ ёки сувни оқиб исроф бўлаётганини кўриб бепарво ўтолмайди. Қиёмат куни амалларимиз тарозуга қўйилганда шу каби саволларга, ахир, нақадар муҳтож бўламиз!
Ҳозирги кунда кундалик ҳаётимизда кенг тарқалган энг ёмон иллатлардан бири исрофгарчиликдир. Ҳар бир жамиятни тараққиёт кафолати тежамкорликдир.
Исроф бирор ишда ҳаддан ошишликдир. Шариъатда исроф ҳаром саналади. Қуръони карим ва Расулуллоҳнинг с.а.в. ҳадиси шарифларида исроф қаттиқ қораланган. Пайғамбаримиз с.а.в. дедилар: “Исроф ва манманлик қилмасдан еб-ичинглар, садақа қилинглар ва кийинглар” (Имом Аҳмад, Ҳокимлар ривояти). Зеро, исроф ношукрлик белгисидир. Минг афсуски, бугун айрим инсонлар ўзларини кўз-кўз қилиш учун исрофга муккасидан кетмоқда. Тўйларимиздаги исрофгарчиликлар ортиқча дабдабавозлик, риёкорлик ҳолатлари кўпайиб кетган. Бунинг ҳисоби бор, албатта. Тежамкорлик эса улуғ фазилат, мўминнинг зийнатидир. У шукроналик аломати, пайғамбарлар ва авлиёлар йўли, оила фаровонлигининг кафолатидир. Ушбу тушунчалар авваламбор, оилада шаклланиши, катталар кичикларга тежамкорликда гўзал намуна ибрат бўлишлигимиз лозим.
Тежамкорлик билан камбағал бойлик, исроф ила эса давлатманд ўзига фақирлик эшигини очади. Ҳар нарсада ўлчов бор. Тарбияли инсон меъёрни яхши билади. Фойдасиз ҳатти-ҳаракатлардан ўзини тияди, исрофгарликка бефарқ бўлмай, ўрнида ўз муносабатини билдиришга журъат топа олади
Одатда ақлсизлик деганда руҳий касалликни тушунадиган бўлиб қолганмиз. Меъёрни билмай, мақсадсиз ҳаракат қиладиган исрофгарни ҳам ақлли дейишимиз қийин. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
“Зеро кўзлар кўр бўлмас, балки кўкраклардаги қалблар кўр бўлур” (Ҳаж сураси 46-оят ).
Тежамкорлик таълимотига амал қилган давлатлар дунёда тараққий топган. Бир юртдошимизни ишини кузатган Германиялик меҳмон: “Бу кишидан таажжубдаман. Минг сўмлик тарвузни совутиш учун кетказган суви тарвузни нархидан ҳам қимматга тушди!” деган экан. Албатта ушбу танбеҳ ўринли. Исломий таълимотни бугун бизларга бошқалар ўргатишлиги айни мусибатдир. Зеро, Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:
“Шунингдек еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай” (Аъроф сураси 31-оят).
Тежамкор бўлиш, ҳаддан ошмаслик, исрофга йўл қўймаслик абгор кийиниш ёки хароб яшаш дегани эмас. Балки, мусулмон ҳар бир ҳаракатида намуна бўлиши керак. Унинг аввало, қалбидаги нияти, юриш-туриши, амал ва сўзлари гўзал бўлсин. Чунки унинг дини гўзалдир.
Азизлар кўзимизни каттароқ очиб, динимиз кўрсатмаларини ўрганиб, уларга амал қилсак, ҳаётимиз янада фаровон, юртимиз бундан ҳам обод бўлади, иншааллоҳ.

Хонобод шаҳар “Хонобод” жоме масжиди имом-хатиби М.Рахимов