Ҳар қандай ишда ўртамиёналик, мўътадиллик ва меъёр ҳамиша маъқулланиб келинган. Ҳаддан ошишлик, исрофгарчилик, манманлик ва риёкорлик каби иллатлар ақлан ва шаръан қораланиб, улардан қайтарилган. Исроф ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деб марҳамат қилади: “Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг!”
(Исро сураси, 26 оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Эй умматларим, енглар, ичинглар, садақа-эҳсон қилинглар, лекин уларга исроф ва такаббурлик аралашмасин”.
Шу ўринда Муҳтарам юртбошимизнинг айтган пурмаъно сўзларини келтириб ўтсак, “Агар бир тўйга кетадиган маблағнинг бир қисмни ёшларнинг ҳақиқий эҳтиёжига, оила юмушларини енгиллаштиришга, эртага туғиладиган гўдакларни соғлом қилиб ўстириш, болаларимизга чуқур билим бериш, бир сўз билан айтганда, замонавий ҳаёт ва турмуш тарзига жавоб берадиган мақсадларга сарф қилсак, бу энг оқилона ва савоб иш бўлур эди”.
Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилинган Ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.): «Сени икки хислат: фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер», деб марҳамат қилганлар.
Бошқа бир ҳадисда «Ҳар бир исроф ҳаромдур» дейилган. Юқоридаги оят ва ҳадисда айтилганидек, еб-ичиш гуноҳ эмас, исроф қилиш гуноҳ ва ҳаромдир.
Умар ибн Хаттоб (р.а.) ўғиллари Осимга насиҳат қилиб, шундай деди: «Эй ўғлим! Таомни қорнинг тўйгунича емагин, кийимингни ҳам эскирмагунича ташламагин. Аллоҳ берган ризқни фақат қорнига ва эгнига ишлатадиган қавмлардан бўлмагин»
Аллоҳ таоло неъматларини исроф қилмасдан, уларни ғанимат билиб, қадрига етишлик ҳақида Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай деганлар: «Беш нарсани беш нарсадан аввал ғанимат бил. Ҳаётингни ўлимингдан, соғлиғингни касал бўлишингдан, бўш вақтингни машғул бўлишингдан, йигитлигингни кекса бўлишингдан ва бойлигингни фақир бўлишингдан аввал ғанимат бил».
Саҳобаи киромлардан бирлари Расули Акрам (с.а.в.)дан тўйни қандай қилиш ҳақида сўраганларида, Ҳазрати Муҳаммад алайҳиссалом: «Битта қўй сўйгин», деганлар. Мен бир неча қўй сўйишга қодирман, деб қайта-қайта сўраганларида, «Эй молинга Худо барака бергур, битта қўй сўйгин» деганлар.
Донишмандлардан бирининг таъкидлашича, ақлли одам мол-давлат орттириш учун ақл-заковатининг ўндан бир ҳиссасини, уни ўз ўрнида сарфлаш учун эса ўндан тўққиз ҳиссасини сарфлар экан. Бу ҳикмат бирон нарсани қўлга киритишдан кўра уни тежаб-тергаб ишлатиш мушкулроқ эканини англатади.
Исроф ҳақида китобларда жуда кўп ҳаётий ҳикматлар учрайди. “Пешона тери эвазига етиштирилган ҳар қандай неъматни эҳтиёжингизга яраша истеъмол қилинг. Қорнингиз тўйдими, ортиқча еган луқмангиз ҳам исрофдир”.
“Маросимларда ортиқча нон-ош тортиш, ейилмай қолганини тўкиб юбориш катта исрофгарликдир”.
“Кибр-ҳавога берилиб, одамлар мени мақтасин, деган мақсадда ёзилган дастурхон ҳам исрофгарликдир”.
Буюк мутафаккир бобомиз Алишер Навоий исроф ҳақида шундай маънода фикр билдиради: “Исроф ўринсиз ва фойдасиз ишларга пул ва мол сарф қилишдир. Қўлда бўлган пул ва молни керакли жойларга сарф эта билиш, яхши идора қилиш учун исрофдан сақланиш лозим.
Шу маънодаги ушбу байт ҳам бежиз айтилмаган:
Сен агар исроф этишни ташладинг,
Ул замон давлат эшигин ушладинг.
Бир замондош олим айтганидай, “Исрофнинг энг кичиги таом еган косангдаги ёғ юқини тозаламасликдир”.
Имоми Аъзамнинг ғоят ибратли бир гаплари бор: “Хайр (яхшилик) ва эҳсонда исроф бўлмаганидек, исрофда ҳам ҳеч қандай хайр йўқдир”.
Исрофгарлардан бири Суқрот ҳакимга камбағал бўлиб қолганидан шикоят қилди. Суқрот ўша одамга шундай маслаҳат берди: “Исрофингга бир чегара қўйиб, пулингни тежа, ўзинг ўзингдан қарз ол, шунда аҳволинг ўнгланади”. Улуғ донишманднинг тавсияси бугунги кунимизда ҳар қадамда исрофга йўл қўйса-да, яна ҳаёти ночорлигидан шикоят қилиб фиғони фалакка чиқаётган айрим кишиларга ишоратдек туюлмайдими?
Қудсий ҳадисда Аллоҳ марҳамат қилади: “Эй Одам фарзанди, Мен яратган неъматларни еб-еб тишларинг малолланиб чарчаб кетади-ю, лекин Менинг шикоятимдан тилинг ҳеч чарчамайди”.
Кейинги вақтларда Ҳажга бориб келувчилар орасида Ҳаж оши бериш, эҳсон қилиш, аёллар орасида ҳаждагилар билан биргаликда “гап” да йиғилиш каби ҳолатлар одат тусига кириб бормоқда.
Ҳажга кетаётган аёллар: “Эҳсон қилиш керакми?” деб, сўраб қолишади. Шариатда бирор ибодатдан кейин эҳсон қилинсин, деган кўрсатма йўқ. Ваҳоланки, бу оддий бандалик вазифасини бажариш, холос. Унинг ўрнига ҳаж давомида бирор амални тўкис адо эта олмаган бўлсам, шоядки каффорот бўлса деб, қарз ҳавола қилмасдан эҳтиёжидан ортиқ маблағни кам таъминланган оилаларга, муҳтожларга, боқувчисини йўқотган инсонларга ёрдам тариқасида бериш яхши амаллардандир.
Бир илмли кишидан сўрашибди: Кишининг ҳажжи қабул бўлганини қандай билиш мумкин?. У киши “Ҳажга борган одам ҳаждан келгандан кейин, яхшиликка томон тубдан ўзгариши ва гуноҳлардан ўзини тийиши ҳажжи қабул бўлишига яхши гумондир”, — деб жавоб берган экан.
Роббим барчамизни гуноҳларимизни авф этсин!
Андижон вилояти Булоқбоши тумани
“Мехри Кулол Азиз” жоме масжиди имом-хатиби
Муҳаммадазиз домла Қодиров