Ислом – инсон ҳаётининг маълум бир иймон тизимига кўра яшамоқ тарзидир. Эртадан оқшомгача, кечадан кундузгача, уйдан иш жойигача, бешикдан қабргача инсоннинг ҳар бир лаҳзасига аҳамият берган иймон тизимидир. Ислом одамлар ўртасида мавжуд бўлган бир муҳитдир.
Исломда фитна ва фасод, тўқнашув ва олишув, ғийбат, фисқу фасод, беҳуда сўз айтиши, гап тарқатиш, номаъқул сўзлар сўзлаш, инсонларни ўртасига нифоқ солиш каби салбий сифатларни барчасини қатъиян қоралайди.
Исломга қарши ҳужумлар, исломга қарши қаратилган курашлар бор. Ислом душманларининг танқидлари бор, уларни тинглаймиз. Комунистларнинг, динсизларнинг динга қарши нуқтаи-назарлари бор, уларни ҳам тинглаймиз. Буларнинг бизга таъсири темирнинг сандон билан болға орасида тобланишига ўхшайди, иймонимизни қувватлантиради. Шунингдек, бир ғарб мутафаккири дейдики: “Ғарблик киши ўқиган сари истаса – истамаса, динидан узоқлашади. Чунки динидаги танқид қилинадиган нарсаларни кўради”.
Бунга бир неча мисоллар мавжуд. Жумладан, Испаниянинг Майорко оролида яшаган Анселмо Турмеду исмли руҳоний. Бу роҳиб Испания, Франция ва Италиядаги олий диний ихтисосни тамомлагандан кейин Франциядаги бир монастирда буюк бир олим қўлида тадқиқот ишларини олиб боради. Тадқиқот асносида Инжилдаги бир ояти кариманинг пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан хабар берувчи ояти карима эканлигини англагач, Тунисга келиб мусулмон бўлади, сўнгра Абдуллоҳ ат-Таржимон номини олади. Инжилдаги исломият ва пайғамбаримиздан мужда берувчи оятлар мавзусида бир китоб тузади. Бу китоб турк тилида ҳам таржима қилинган.
Ва яна Туркияда матбуотчиликни ривожлантирган Иброҳим Мутафарриқанинг “ Рисолаи исломия” деган асарини кўрган ва бу асар ҳақида “Мусулмончиликни ўргатадиган китоб”, деган хабарларни эшитган профессор тадқиқотчи, диний адабиёт шўъбасининг бошлиғи Маҳмуд Асъад Жўшон ҳазратлари у китобни ўрганишга, тадқиқот қилишга киришади. Кейинчалик уни китоб ҳолида нашр этади.
Иброҳим Мутафарриқа Руминиянинг Кўлижувар шаҳрида яшаган бир поп-руҳоний бўлиб, чуқур таълим олган. Юнон ва лотин тилларини ўрганган. У қадимги матнларни ва канисадаги манбаларни ва мурувватсиз устозлари таъқиқлаб қўйган китобларни ўқиб ўрганади. Натижада пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан башорат берувчи саҳифалар билан танишиб чиқиб, сўнгра мусулмон бўлади. Кейинчалик Иброҳим Мутафарриқанинг бу асари устида бир католик поп тадқиқот олиб борган. Бироқ тадқиқот натижасини айтмай яширган.
Ахир, католик бир поп, мусулмон бўлган бошқа бир попни ёзган асарини, исломга кириш сабабини билдиришни ҳоҳлайдими? албатта ҳоҳламайди.
Бу асар Иброҳим Мутафарриқанинг мусулмон бўлишига сабаб бўлган Инжил оятлари ва у оятлардан баҳс этган бир китоб эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларидаги ҳазрати Салмон ал- Форсий розияллоҳу анҳу ҳаёти ҳам ёрқин бир мисолдир. Салмон ал- Форсий Эроннинг аслзодалари оиласида дунёга келган. Катта роҳибларнинг ёнида юриб, турли ўлкаларни кезгандан кейин: “Охири замон пайғамбари Ҳижозда зуҳр этади”, деб билгач, у зотни таниб, тобе бўлмоқ учун Ҳижозга келади. Шунингдек, Мадинаи Мунавварадаги яҳудий олимларидан Абдуллоҳ ибн Салом Тавротдаги башорат сабабли пайғамбаримизнинг ҳақ пайғамбар эканлигини англаган ва мусулмон бўлган. Бу мисоллар илоҳий китобларда пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан боғлиқ маълумотларнинг мавжудлигига ёрқин далиллардандир.
Шунингдек, Ислом – инсонга гўзаллик тарбиясини беради. Исломдаги гўзаллик туйғуси бир ишни сифатли бажаришдир ва қилган ишни гўзал қилиш шарт. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу хусусида шундай баён қиладилар:
ِانّ اللهَ يُحِبُّ اِذَا عَمِلَ اَحَدُكُمُ الْعَمَلَ اَنْ يَتَّقِنَهُ
“Албатта, Аллоҳ сизлардан бирортангиз бир ишни бажараётган пайтингизда уни мукаммал тарзда бажаришингизни севади. Ундай инсонни раҳмат қилади”, дедилар.
Исломда бирор киши инкор қила олмайдиган моддий ва маънавий покизалик бордир. Бир йилда терининг усти қават-қават кир босиб, қалқон ёки тошбақа териси каби бўлиши Исломда йўқ. Мутлақо покиза бўлиши керак. Бундан бошқа чораси йўқ. Ислом – назофат динидир. Покизалик диннинг ярмидир. Ғарб давлатларида бундай эмас эди. Уларнинг ўзгаришлари Исломнинг таъсирида бўлгандир. Ренессанс даври (уйғониш даври) Исломни кўргандан кейин пайдо бўлган. XVI асрда Голландия элчиси Барон де Гусбег Усмонийлар мамлакатига қилган сафаридан сўнг шундай деган экан: “Эй, бу одамларнинг касал бўлиши аниқ. Балиқлар каби сувда чўмиладилар” деди. Чунки уларда ювинмасдан, йилига бир марта пахтани ҳўллаб артишган. Чўқинтириш пайтидаги махсус “вафтис” сувининг таъсири кетиб қолмасин деб сувдан сесканишган. Ҳаттоки машҳур Версал саройида умуман хожатхона бўлмаган.
Иброҳим Рафиқнинг “Тарих шуури” китобида ёзилишича, Валий лақабли Боязид иккинчи ҳукмронлиги даврида Истанбулга Москва князининг Михаил Плачнет исмли элчиси ташриф буюрган. Ундан ёқимсиз ҳид анқиб тургани сабабли уни ювинтириш учун ҳаммомга олиб боришган. Умрида ҳаммомни кўрмаган элчи ювинишга, ич кийимларини алмаштиришга кўниколмай, ҳаммомдан қочиб чиқди ва тезда Истанбулни тарк этган.
1600 – йилларда Испания инквизицияси мусулмонларни оммавий қирғин қилгани тарихдан маълум. Ғарб тадқиқотчиларининг кундаликларида ёзилишича, жоҳил ҳукмдорлар мусулмон испанларни тозалигига, қўлтиқ ости мўйларининг олинганига қараб, насронийлардан ажратиб қатл қилган экан.
Мусулмонлар нафақат тозаликда, кийиниш, овқатланиш маданияти соҳасида ҳам овропаликларга ўрнак бўлишган. Биргина овқатланиш хусусида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўнлаб ҳадислар ворид бўлган. У зоти бобаракот умматни кўп таом ейищдан қайтарганлар. Бунинг зарарлари ва оқибатларини бугунги кунда ҳозирги тиббиёт фани ҳам, одамлар ҳам яхши тушуниб қолишди.
Пайғамбар алайҳиссалом кечқурун ётишдан олдин сув ва таом солинган идишлар устини ёпишни, синиқ, дарз, лаби учган идишларни ишлатмасликни буюрганлар. Ўша жойларда турли зарарли микроблар бўлишини ҳали микроскоп кашф этилмасдан ўн тўрт аср аввалдан кўра билганлар. У зот овқат олдидан ва кейин қўл ювиш, овқатга пуфламаслик, хотиржам, ўтириб овқатланиш, таомни иссиғича истеъмол қилмасликка ҳам тарғиб килганларки, буларнинг ҳаммасида ҳам ҳикмат бор.
Ваҳоланки, Ғарбда овқатланиш соҳасидаги маданият жуда орқада эди. Биргина мисол келтириб ўтиш кифоя: ўрта асрларда Бранденбург шаҳзодаси аслзодаларни ўз саройидаги зиёфатга чорлар экан, таклифномага: “Гўшт егандан кейин суякни орқага отиш йўқ, ёғли оғизни енг билан артиш йўқ товоқни кўтариб, остига тупуриш йўқ”, деб изоҳ ёзишга мажбур бўлган экан. Ҳатто, ҳозирда Ғарбдаги кўпгина ўлкаларда бўлганимизда, овропаликларнинг жамоат жойларида, ҳатто, дастурхон устида бемалол рўмолчага бурун қоқаётганларини, ҳамманинг кўз ўнги-да тиш кавлаётганларини, овоз чиқариб, бетартиб овқатланишларини кўриб, ҳайратимиз ошганди. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Ана шуларнинг ўзиёқ Ислом ҳазораси ғарб ҳазорасидан анча илғор бўлиб келганини исботлаб турибди. Исломни яҳшилаб ўрганиб, унга амал қилсак, ихтилофлар, фитналар, тушунмовчиликлар бўлмаслигига сабаб бўлади. Афсуски Ислом динини ниқоб қилиб олиб, инсонларни ўртасини бузаётган адашганлар тоифасига, кўр-кўрона эргашганлар ҳам учраб туради. Аввал динимизни яҳшилаб ўрганиб, мазҳабимизда адашмасдан юришимиз зарур бўлади. Аллоҳ таоло ўзи адаштирмасин.
Олтинкўл тумани “Кўтармачек” жомеъ масжиди
имом-хатиби Аҳмадали Худайбердиев
манбалар асосида тайёрлади.