Мусулмонлар тарихда ўзларининг мислсиз адолатлари ва олийжанобликлари билан жаҳон халқларини лол қолдирган. Бинобарин, Ислом дунёни қилич билан эмас, олийжаноб ахлоқлар мажмуаси билан забт этган.
Сайфуллоҳ – “Аллоҳнинг қиличи” номини олган Холид ибн Валид қўмондонлик даврида Химс фатҳ қилинди. У жойга адолат ва инсоф ила ҳукм қилувчи волийлар тайинланди. Химслик насронийлардан адолат билан жизялар олинди.
Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан Химсда қолган волийга Рум лашкари жамланиб, насронийларни мусулмонларнинг қўлидан озод қилиш учун Химс томон юриш бошлаганларининг хабари келиб қолди. Ҳарбий қўмондон кенгаш ўтказди. Душман лашкари мусулмонларга нисбатан жуда ҳам катта миқдорда ортиқлигини ҳисобга олиб, хатарда қолмаслик учун кўпчиликнинг фикри ва таклифи билан чекиниб туришликка қарор қилинди.
Қўмондон насронийларнинг катталарини чақиртирди ва уларга шундай деди:
- Биз кечагина жонларингизни муҳофаза қилиш, молларингизни асраш ва осойишталигингизни сақлаш учун сизлардан жизя олган эдик. Энди эса кутилмаганда душман лашкари биз томон бостириб келмоқда. Улар билан жанг қилишга бизнинг имконимиз йўқлигидан чекинишга азм қилдик. Шунинг учун сизларнинг тўлаган жизяларингизни қайтариб бермоқчимиз.
Химс насронийлари жавоб беришди:
- Эй қўмондон! Биз ўтган қисқа вақт мобайнида сизларнинг олийжаноблигингиз ва адолатингизни кўрдик. Румнинг эса, илгари кўп жабру жафолари ва зулмларини кўрганмиз. Сизларнинг адолат ва олийжаноблигингиз бизлар учун Румнинг жабри ва зулмидан кўра яхшироқдур. Эй қўмондон! Сени сабр қилиш ва улар билан жанг қилишга чақирамиз. Биз сизлар билан елкма-елка бўлиб бор қувватимиз билан душманга қарши жанг қиламиз! Тирик қолсак мусулмонларнинг адолати соясида қоламиз. Ўлсак Раббимизга қайтажакмиз!
Шундай қилиб исломий адолат ва олийжаноблик шарофати ўлароқ Химс насронийлари мусулмонлар билан бирга Румларга қарши жангга киришди.
Шайх Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг “Қабасотун мин ҳаётир-Расул” китобидан таржима қилинди.
Шаҳобиддин домла ПАРПИЕВ,
Асака туман бош имом-хатиби