Оила – жамиятнинг бир бўлаги, асосий, пойдевири. Демак, оила қанча мустаҳкам бўлса, жамиятимиз шунча мустаҳкам бўлади.
Оила – муқаддас. Унга доғ туширмаслик учун эса уни мустаҳкам асосларда, яъни, ҳам шариатга, ҳам амалдаги қонун-қоидаларга мос равишда барпо этиш ва покиза сақлаш лозим.
Оила азалдан юртимизда муқаддас қўрғон сифатида юксак қадрланган даргоҳдир. Уни асраш, бузилишига йўл қўймаслик доим долзарблик касб этган ва бу бугунги кунда ҳам ўз кучини йўқотмаган.
Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган жамики ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад ҳам жамиятимизда яшаётган ҳар бир оиланинг бахтли яшашини таъминлашга қаратилган. Бу борада мисли кўрилмаган, улкан ишлар амалга оширилаётир.
Оила ўзи нима? ва унда никоҳ қандай рол ўйнаши тўғрисида Қуръони карим ояти карималарида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида ҳамда давлатимиз томонидан қабул қилинаётган қонун-қоидаларда, аниқ йўл-йўриқ ва кўрсатмалар бор.
Жумладан, Қуръони каримда: «Сизлар эслатма олишларингиз учун биз ҳар бир нарсани жуфт-жуфт қилиб яратдик», «Унинг аломатларидан (яна бири) — сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бор», – дейилади.
Ислом динида никоҳ – Аллоҳнинг амри, Пайғамоар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари билан мўмин-мусулмонларнинг гувоҳлигида боғланган муқаддас алоқа воситасидир.
Исломда эр ва хотинлик алоқалари энг муқаддас инсоний алоқа экан, мазкур алоқалар қай тарзда йўлга қўйилиши кераклигини ҳам билишимиз ва мазкур билимга амал қилишимиз лозим. Эр-хотиннинг ўзаро муносабатлари қандай бўлиши керак? Эр киму, унинг қандай мажбуриятлари бор? Хотин киму, унинг қандай мажбуриятлари бор? Икковининг қандай оилавий ҳақ-ҳуқуқлари бор? Бир-бирларига муносабатлари қай тарзда бўлиши керак? Қуйида уларнинг баъзиларини келтириб ўтамиз.
Хотиннинг эр зиммасидаги ҳақлари қуйидагилардир:
Хотиннинг эр зиммасидаги ҳақларидан биринчиси эр томонидан унга яхши ва адолатли муомала қилинишидир. Зеро, Аллоҳ таоло Ўз китобида: “Аёллар билан яхшилик ила умргузаронлик қилинглар!”, – дея амр этган. (Нисо сураси, 19-оят).
Эр ўз хотинининг озорини кўтариши, у ғазабланганида ва жаҳли чиққанида мулойим бўлиши, унинг хатоларини кечириши керак.
Эркак аёлини қизғаниши, унинг ор-номусини сақлаши керак. Оқибати бузуқ бўладиган ҳар қандай ҳолга бепарво бўлмаслиги лозим.
Эр хотиннинг ўзига алоҳида жой қилиб бериши керак.
Эр хотинининг озиқ-овқат ва кийим-бош каби эҳтиёжларини исроф этмай, етарли таъминлаши керак. Эр оиласига сарфлаган ҳаржлари учун ажр ва савобга эришади.
Эр хотинининг иффатини сақлаши лозим. Хотинини ҳаромдан ҳимоя қилиш эрга вожибдир.
Хотин киши эрининг ҳақларини билиб, уларни адо қилганидагина солиҳа хотин бўлади.
Эрнинг хотин зиммасидаги энг муҳим ҳақлари қуйидагилардир:
Хотиннинг эрига нисбатан энг биринчи бурчи, ёхуд эрнинг ўз аёли устидаги энг биринчи ҳаққи бу – аёл кишининг эрига итоаткор бўлишидир.
Аёл Аллоҳга маъсият ҳисобланмайдиган барча ишда эрига итоат қилиши лозим.
Хотин эрининг ҳаққини ўз ҳаққидан ва ҳамма яқинларининг ҳаққидан ҳам устун қўйиши керак. Чунки зиммасидаги эрининг ҳаққи жуда каттадир.
Шунингдек, эрнинг аёли устидаги ҳақларидан бири хотин киши Аллоҳ таоло берган насибага рози бўлиши, эрига инжиқлик қилмаслиги керак.
Хотин гўзаллиги билан эрига фахрланмаслиги, эри хунук бўлса, ёмон кўрмаслиги, агар бой бўлса, эри олдида моли билан ғурурланмаслиги керак. Балки эр томонини назарга олиши, уни ҳурмат қилиши ва қадрлаши лозим.
Хотин фарзандларига раҳм қилиши, уларни ҳурмат қилиши, фарзандларни уришиб лаънатлашдан тийилиши лозим.
Агар ҳар бир оила вакиллари ўз ҳақ-ҳуқуқларини вақтида адо қилиб, бир-бирларига нисбатан чиройли муносабатда истиқомат қилсалар икки дунё саодатига етадилар. Иншааллоҳ.
Нурмуҳаммад домла Нуматов,
Марҳамат тумани
“Сунна” масжид имом-хатиби