Ватан – муқаддас даргоҳ. Уни ҳимоя қилиш, душманлардан асраш, равнақи ва фаровонлиги йўлида хизмат қилиш ҳар бир мусулмон учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Пайғамбаримиз (с.а.в)дан Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳу ривоят қилиб: «Молини, жонини, динини ва аҳлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳид мақомидадир», – деганлар (Абу Довуд ривояти).
Ҳадисда санаб ўтилган мол, жон, дин ва оила киши ҳаётининг мазмуни, унинг Ватанини ифода этади.
Шариат манбаларида Ватанни ҳимоя қилиш фарзи айн, яъни барчага баробар буюрилган амал деб белгилаб қўйилган.
Ватан ҳимояси йўлида ухламасдан пойлоқчилик қилган кўз эгасини дўзах оташи ҳам куйдирмас экан. Бу тўғрида Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом ; «Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас. Бири бу, Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган, иккинчиси Аллоҳ йўлида пойлоқчилик қилиб ухламаган кишини», – деб марҳамат қилганлар ( Имом Термизий ривояти).
Муҳаммадюсуф домла Тўрақулов
Олтинкўл туман бош имом-хатиби